“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси баёноти  

Темир йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, эҳтимолий хавфларни олдини олиш мақсадида “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси ходимлари томонидан назорат ва профилактик тадбирлар тизимли равишда олиб борилмоқда. Аммо, таҳлиллар темир йўл кесишмаларида, темир йўл атрофида фуқароларнинг эътиборсизлиги натижасида чорва-моллари билан боғлиқ турли кўнгилсизликлар кузатилаётганини кўрсатиб турибди. Жумладан, темир йўлларнинг тақиқланган ҳудудида чорва молларини боқиш ва бунинг натижасида катта тезликдаги поездларнинг жониворларни уриб кетиши ҳаракат хавфсизлигига хавф туғдирмоқда. Жорий йилнинг ўтган 5 ойи давомида 26 та ҳолат қайд этилгани чорва билан шуғулланувчилардан янада эътиборли бўлиш ва белгиланган ҳудудда чорва молларини боқиш лозимлигини билдиради.

Шу ўринда эслатиб ўтмоқчимиз, темир йўлдан от-арава ҳайдаб ўтиш ва чорва молларни ҳайдаб ўтиш, чорва молларни темир йўл яқинида боқиш қоидаларини бузиш Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. 

Темир йўл атрофида истиқомат қилувчи аҳоли ва барча фуқароларимиздан қоидаларга қатъий амал қилишга ва юз берган кўнгилсиз ҳолатлардан тўғри хулоса чиқаришга чорлаб қоламиз.

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати