Илмий-амалий конференция бўлиб ўтди
ИИВ Академиясида ички ишлар органларининг темир йўл транспортида хавфсизликни таъминлаш бўлинмаларининг бошқарув тизимини такомиллаштириш истиқболлари мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди
Конференцияда Транспорт вазирлиги ва вазирлик ҳузуридаги “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси, Ички ишлар вазирлигининг соҳавий хизматлари, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти, Жамоат хавфсизлиги университети, Давлат хавфсизлик хизмати академияси, Тошкент давлат юридик университетининг ихтисослаштирилган филиали ва бошқа ҳамкор ташкилотлар иштирок этишди.
Академия бошлиғининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича ўринбосари, полковник Руфтулло Нигматов кириш сўзи билан очиб берган илмий-амалий анжуманда мутасаддилар ўз йўналишлари бўйича фикр ва мулоҳазаларини билдиришди. Жумладан, “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси бошлиғи ўринбосари Аъзам Абдурахманов “Темир йўлларда ташиш хавфсизлигини таъминлашда темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси билан ички ишлар органлари транспортда хавфсизликни таъминлаш бўлинмаларининг ҳамкорлиги: муаммо ва ечимлар” мавзусидаги маърузаси билан иштирок этди.
Шунингдек Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Фарходбек Ашматов, “Ўзбекистон темир йўллари” акционерлик жамияти бош мутахассиси Шуҳрат Ибрагимов, ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти бўлим бошлиғи, подполковник Даврон Ашуров, ИИВ Академияси кафедра бошлиғи, полковник Исомиддин Исмоиловлар сўзга чиқишди.
Транспорт соҳасида хавфсизликни лозим даражада таъминланиши бўйича давлат назорати ишларини янада такомиллаштириш, ушбу соҳадаги кадрлар салоҳияти ва сифат таркибини ошириш, темир йўл транспорти объектларида жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш, тизимнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш борасида таклиф ва тавсиялар билдирилди.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати