Гендер тенглиги масалалари ўрганилди
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш, улар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш, шунингдек, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, гендер тенглик масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, соҳага оид қатор қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди.
“Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан барча вазирлик ва идораларда гендер тенглик масалалари бўйича маслаҳат кенгашлари фаолияти ташкил этилди.
Жорий ой давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси вазирлик ва идораларда ташкил этилган маслаҳат кенгашлари фаолиятини ўрганмоқда. Ўзбекистон Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти директори ўринбосари, педагогика фанлари доктори, профессор Олий мажлис Сенати эксперти Ойниса Мусурманова бошчилигидаги ишчи гуруҳ “Ўзтемирйўлназорат” инспекциясига ташриф буюриб инспекциядаги гендер тенглик масалалари бўйича маслаҳат кенгаш фаолияти билан яқиндан танишди.
Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича маслаҳат кенгаши томонидан қабул қилинган қарорлар, белгиланган чора-тадбирлар дастури ва унинг ижроси ҳолати ўрганилди. Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни яратиш, уларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ишига муносиб хақ тўлаш, рағбатлантириш, раҳбарлик лавозимларига тавсия этиш лозимлиги айтиб ўтилди.
Бугунги кунда инспекцияда фаолият юритаётган 63 нафар ходимдан 16 нафари, яъни 25% ини аёллар ташкил этади. Инспекцияда касаба уюшма қўмитаси раиси, иккита етакчи бўлим бошлиқларининг аёллар эканлиги ижобий баҳоланиб бу борадаги ишларни давом эттириш муҳимлигини таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, гендер тенглиги таъминлаш йўналишидаги ишларни янада такомиллаштириш юзасидан тавсиялар берилди. Мамлакатимиздаги етакчи экспертлар иштирокида семинар-тренинглар ўтказиш бўйича ҳам келишиб олинди.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати