Хотира — абадий, қадр — муқаддас!

 

Ватандошларимизнинг жанг майдонларидаги қаҳрамонликлари, фронт ортидаги матонатли меҳнати, уларнинг давлат ва дунё ҳамжамияти олдидаги тарихий ҳиссаси тўғрисидаги хотирани абадийлаштириш ҳамда Ўзбекистондаги ҳозирги тинч ва осойишта  ҳаётни барқарорлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Тошкент шаҳрида муҳташам – Ғалаба боғи ёдгорлик мажмуаси ҳамда унинг таркибида “Шон-шараф” давлат музейи барпо этилган.

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги раҳбарияти ва касаба уюшма қўмитаси ташаббуси билан вазирлик ва унинг тизим ташкилотлари ходимлари Ғалаба боғига ташриф буюришди. 9 май умумхалқ байрами — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ташкил этилган маданий тадбир давомида ходимлар Ватанимиз ва Ватан йўлида қаҳрамонларча ҳалок бўлган аждодларимиз ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлишди.

Боғ ичида жойлашган “Шон-шараф” ва “Вокзал” давлат музейларида фронт ва фронт олди ҳудудларига оид фотосуратлар, Ўзбекистон, Россия, Белорусь ва бошқа ҳамдўстлик давлатлари архивидан келтирилган ҳужжатлар, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фахрийларининг хотиралари, Ўзбекистон халқининг жанг майдонларидаги жасорати ва фронт ортидаги фидокорона машаққатли меҳнати, уруш йилларида Ўзбекистонга эвакуация қилинган минглаб инсонлар, етим-болаларга нисбатан кўрсатилган юксак инсонпарварлик, бағрикенглик ва фидойилиги акс эттирилган бебаҳо, нодир материаллар ўрин олган. Ҳар бир экспонатни кўрган инсон машъум воқеаларни кўз олдига қисман гавдалантириб, бугунгидек тинч, осойишта ҳаётига беҳад шукр қилади. 

Вазирлик ходимлари Биринчи ўзбек парашютчи қизи ва биринчи ўзбек аёл машинисти Башорат Мирбобоева, инсонпарварликнинг юксак намунасини кўрсатган - Шомаҳмудовлар оиласи, Иккинчи жаҳон урушида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ҳамюртларимиз ва улар кўрсатган қаҳрамонликлари ҳақида кўплаб муҳим маълумотларга эга бўлишди.  9 май умумхалқ байрами муносабати билан ўтказилаётган тадбирлар давом этмоқда.

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати