Ўқув семинари самарали бўлди

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси марказий аппарати ва филиаллари ходимлари учун Давлат тилида иш юритиш ва лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси имло қоидалари бўйича Транспорт вазирининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Дилором Жалолова иштирокида ўқув семинари ўтказилди. Унда Давлат тилида иш юритишдаги муҳим жиҳатларни ўзида қамраб олган методик қўлланма слайдлар ёрдамида тақдимот кўринишида йиғилганларга батафсил очиб берилди.

Тақдимотда биринчи галда ёзувда тез-тез хатоликларга дуч келадиган сўз ва иборалар ва уларни тўғри ёзиш қоидалари тушунтирилди. Тиниш белгилари, жумладан чизиқчани қўллашда лотин ва кирил алифбосидаги фарқли жиҳатларга эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди. Фонетик ёзув имло қоидаларига мувофиқ айрим сўзларнинг ўзак ва кўшимчаларидаги ўзгаришлар ҳисобга олиниб, талаффузга мувофиқ ёзилишида дуч келадиган хатолар таҳлил қилинди. “Ц” ҳарфи мавжуд сўзларни тўғри ёзиш қоидалари, бош ҳарфлар имлоси бўйича ҳам муҳим тавсиялар берилди.

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати