“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси бошлиғининг мурожаати

 

Барчамизга маълумки, Коррупция давлат ва жамият фаровонлиги учун энг жиддий хавф-хатарлардан бири ҳисобланиб, ушбу ижтимоий иллат келтириб чиқарадиган оқибатлар тўғрисида кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Шу боис мазкур иллатнинг оқибатлари билангина эмас балки, унинг келиб чиқишига шарт-шароит яратадиган ҳолатлар билан курашиш орқали олдини олиш мумкин.

Мазкур йўналишда инспекция тизимида қатор ижобий ишлар амалга оширилди ва бу жараён мунтазам давом этмоқда. “9-декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш” кунига бағишланган 2021 йил 22 ноябрдан – 2 декабрга қадар  “Коррупция – ривожланишимизга тўсиқ” 10 кунлиги ташкил этилди. Коррупцияга қарши курашиш бўйича ички идоравий ҳужжатлар билан таништириш, коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш бўйича 2021 йил 30 ноябрь куни “Очиқ эшиклар куни” тадбири ўтказилди. Шунингдек, инспекциянинг барча ҳудудий филиалларида шахобча темир йўлига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирокида семинарлар ташкил этилди.

Мамлакатимизда коррупцияга қарши муросасиз курашишнинг илғор халқаро стандартларга асосланган тизимини жорий этиш мақсадида миллий қонунчилик ҳужжатлари тобора такомиллаштирилиб бормоқда ва бу коррупция ҳолатларининг ҳар қандай кўринишларига нисбатан муросасиз муносабатда бўлишга хизмат қилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги ПФ-6013-сон “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора – тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш ҳамда инспекция тизимида коррупцияга  қарши ички назорат тизимини жорий этишнинг устувор вазифаларини ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли амалга ошириш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ишлаб чиқилиб тавсия этилган, БМТ ТДнинг “Ўзбекистонда самарали, ҳисоб берувчи ва шаффоф бошқарув институтлари орқали коррупцияга қарши курашиш” лойиҳаси билан биргаликда ISO 37001:2016 коррупцияга қарши стандартлардан келиб чиқиб, инспекцияда коррупцияга қарши ички назорат тизимини жорий этувчи ички идоравий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб қабул қилинган.

Хусусан, инспекция фаолиятида очиқлик, ошкоралик, шаффофликни таъминлаш, самарали ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш мақсадида 11 та ички норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, тегишли буйруқлар билан тасдиқланди. Жумладан,

-коррупцияга қарши курашиш бўйича Сиёсат,

- коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш Услубиёти,

- манфаатлар тўқнашувини бошқариш бўйича Низом,

- алоқа каналлари орқали коррупциявий ҳатти-ҳаракатлар тўғрисида келиб тушган хабарларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш Регламенти,

- этика ва коррупцияга қарши курашиш соҳасида ўқитилишини ташкил қилиш бўйича, контрагентларни текширишга оид ва ишга қабул қилинаётган номзодларни текшириш бўйича Йўриқномалар,

- Коррупцияга қарши тартиб-таомилларнинг самарадорлигини мониторинг ва назорат қилиш Услубиёти,

- коррупцияга қарши кураш тизимининг ҳолати тўғрисидаги ҳисоботни шакллантириш ва тақдим этиш бўйича Низом,

-  "Ўзтемирйўлназорат" инспекцияси ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари,

- коррупциявий ҳатти-харакатлар ва одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш ҳолатлари устидан хизмат текширувлари ўтказиш бўйича Регламенти тасдиқланди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур тасдиқланган ички идоравий ҳужжатлар талаблари эгаллаб турган лавозими ва бажараётган функциясидан қатъий назар инспекциянинг барча ходимлари учун бирдек амал қилиши белгилаб қўйилган.

         Инспекцияда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида тезкор хабар бериш имкони берувчи алоқа каналлари, жумладан расмий сайт (“rwnadzor.uz”), телеграм канал  (“https://t.me/Uztemiryulnazorat”), ижтимоий тармоқда саҳифа (“https://www.facebook.com/Uztemiryolnazorat-inspeksiyasi-100865232225626/”) “Ишонч телефони” (71-299-16-65) фаолияти йўлга қўйилган бўлиб ҳар бир мурожаат шахсан инспекция бошлиғи назорати остида қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқилади. Барча-барчани коррупцияга қарши курашиш жараёнларида фаол иштирок этиш орқали мазкур иллатни бартараф этишда ўз ҳиссаларини қўшишларига чақириб қоламиз. 

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати