Январь ойида Тошкент филиалида амалга оширилган ишлар таҳлили
Жорий йил январь ойида “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси Тошкент филиали томонидан темир йўлларда ташишлар хавфсизлиги соҳасига оид норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши юзасидан профилактика тадбирларини амалга ошириш бўйича тасдиқланган жадвалга мувофиқ “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ҳамда вазирлик ва идораларнинг темир йўлларида поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган 53 та профилактика тадбирлари ўтказилди. Мазкур тадбирларда фаолияти темир йўлларда ташишлар жараёни билан боғлиқ бўлган 256 нафар ходим билим ва малакасини мустаҳкамлади.
Филиал томонидан Тошкент-Самарқанд-Қарши-Китоб, Мароқанд-Бухоро участкаларидаги тезюрар ва юқори тезликдаги йўловчи поездлари ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Юқори тезликдаги Тошкент-Самарқанд-Қарши-Китоб, Мароқанд-Бухоро участкаларида 4 маротаба профилактика тадбирлари амалга оширилди.
Тизимли равишда ўтказилган амалий ишлар натижасида филиал миқёсида 2022 йилнинг январь ойида темир йўл транспортида ҳаракатланиш хавфсизлиги бузилишларининг умумий сони 2021 йилнинг январь ойига нисбатан сезиларли даражада камайгани кўриш мумкин. Жумладан, 2021 йилнинг дастлабки ойида 6 та ҳолат қайд этилган бўлса, жорий йил январь ойида 2 та ҳолат кузатилди.
2022 йилнинг январь ойида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли темир йўлларда поездлар ҳаракат хавфсизлиги бузилиши ҳолатига йўл қўйилмаганлигини таъкидлаш лозим. 2021 йилнинг шу даврида 2 та ҳолат қайд этилган.
Саноат корхоналари шохобча йўлларида 2022 йилнинг январь ойида темир йўл ташишлари хавфсизлиги бузилиши бўйича 2 та ҳолатга йўл қўйилган бўлиб, 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 2 маротаба камайган.
Аммо, автомашина ҳайдовчилари айби билан темир йўл кесишмаларида юз бераётган ҳаракатдаги таркибнинг автотранспорт воситаси билан тўқнашувлари поездлар ва автотранспорт воситалари ҳаракати хавфсизлигига ҳақиқий хавф туғдирмоқда.
Январь ойида темир йўл кесишмаларида ҳайдовчиларнинг қоидаларга беписанд муносабатда бўлиши натижасида 2 бор автомашина ва поездлар тўқнашуви қайд этилган. Шу ўринда темир йўл атрофида истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари ва барча ҳайдовчилардан темир йўл кесишмаларидан ўтаётганда қоидаларга қатъий амал қилишлари лозимлигини, акс ҳолда кичик эътиборсизлик якунда фожиали оқибатларга олиб келиши мумкинлигини яна бир бор эслатиб ўтамиз.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати