Алишер Навоий таваллуд айёми кенг нишонланди
9 февраль нафақат мамлакатимизда балки, дунёнинг аксарият давлатларида кенг нишонланадиган саналардан ҳисобланади. Бугунги кунда ғазал мулкининг султони, мутафаккир шоир Алишер Навоий мероси ва ғояларини чуқур ўрганиш ва ёшларга етказиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Айнан шу мақсадларни ўзида жам этган турли маданий-маърифий кечалар ташкил этилди. Жумладан, “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси марказий аппаратида ўтказилган тадбирда улуғ бобокалонимиз ҳаёт йўли, асарлари, тарихда тутган ўрни, давлат арбоби сифатида амалга оширган улкан эзгу ишлари тўғрисида тўхталиб ўтилди.
Алишер Навоий ҳаёт йўли акс этган қисқа метражли ҳужжатли фильм намойиш этилди, ғазаллари тингланди. Шунингдек, «Адиблар хиёбони»да улуғ мутафаккир бобомиз Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, зиёлилар, адабиётшунос олимлар билан бирга Транспорт вазирлиги ва тизим ташкилотлари вакиллари иштирок этишди. Анъанавий тадбир иштирокчилари улуғ бобокалонимиз қолдирган улкан мерос ҳақида фикр билдириб, ғазаллари билан куйланувчи қўшиқларни ижро этишди. Вазирлик ва идоралар томонидан Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйилди.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати