Йил сарҳисоби қилинди
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси томонидан темир йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда эҳтимолий хавфларни олдини олиш мақсадида 2021 йил давомида амалга оширилган ишлар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Инспекция бошлиғи ҳузурида ўтган мажлисда марказий аппарат бўлим ҳамда барча филиал бошлиқлари ҳисоботи тингланди.
Дастлаб, инспекция Бош юрисконсульти сўзга чиқиб, филиалларни ўрганиш бўйича тузилган ишчи гуруҳлар тақдим этган маълумотларни ўқиб эшиттирди. Ижро интизоми, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ҳолати, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасида амалга оширилган ишларни таҳлил қилди. Ижро интизоми ҳолати ижобий баҳоланиб, мурожаатлар билан ишлаш юзасидан қонунчиликда белгиланган талаблар юзасидан тавсиялар берди. Шунингдек, жорий йил жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасидаги ишларни янада кучайтириш лозимлиги таъкидланди.
Инспекцияда жорий йилдан бошлаб босқичма-босқич лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида иш юритишга тўлиқ ўтиш, бу борадаги ишларни жадаллаштириш жумладан, ходимларни малакасини ошириш долзарб вазифалардан бири сифатида белгиланди. Ходимларни тизимли равишда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ўқитиш юзасидан тегишли бўлим бошлиқларига топшириқлар берилди.
Инспекцияда коррупцияга қарши курашиш ва уни олдини олиш мақсадида коплаенс-назорат тизими жорий этилгани ва бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш юзасидан инспекция раҳбарияти томонидан масъулларга вазифа юкланди.
Барча филиал бошлиқларининг ҳисоботлари якунида қайд этилган камчиликларни зудлик бартараф этиш ва келажакда такрорламаслик юзасидан қатъий талаблар белгиланди. Ҳар бир ходимнинг фаолиятига дастлабки чорак якунида баҳо берилиши таъкидланди. Ўз устида етарли даражада ишламаган, камчиликларга такроран йўл қўйган ходимларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда интизомий жазо чоралари қўлланиши ҳақида огоҳлантирилди.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати