Бугун АОКАда брифинг бўлиб ўтди

Бугун АОКАда “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси Ахборот хизмати бошлиғи Фирдавс Хайриддинов иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда инспекция томонидан ишлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ҳақида ахборот берилди.

  Темир йўл транспорти ҳамда метрополитенда ҳаракат ва ташишлар хавфсизлиги талабларининг бузилиши билан боғлиқ ҳодисаларни таснифлаш, хизмат текширувини олиб бориш ва ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги ишлаб чиқилган низом лойиҳаси.

 “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва мувофиқлаштириш функцияларини бажариш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда темир йўл транспорти корхона ва ташкилотлари томонидан темир йўл транспорти соҳасидаги ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга оид белгиланган қоида ва нормаларга риоя этилиши юзасидан давлат назоратини амалга ошириш билан биргаликда темир йўлларда хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ бўлган норматив ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқади.

Мазкур лойиҳа “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, лойиҳанинг мақсади Ўзбекистон Республикаси ҳудудида темир йўл транспорти ҳамда метрополитенда содир бўлган ҳаракат хавфсизлиги бузилиши ҳолатларини таснифланиш, ҳисобга олиш ҳамда хизмат текширувини олиб боришнинг ягона тартибини белгилашдан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Транспорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 1 февралдаги ПФ-5647-сон Фармонига мувофиқ транспорт соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш Транспорт вазирлигининг асосий вазифалари этиб белгиланганлигини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 апрелдаги 337-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси тўғрисидаги низомга мувофиқ инспекция норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ваколатига эга эмаслигини инобатга олган ҳолда лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирининг “Темир йўл транспорти ҳамда метрополитенда ҳаракат ва ташишлар хавфсизлиги талабларининг бузилиши билан боғлиқ ҳодисаларни таснифлаш, хизмат текширувини олиб бориш ва ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи кўринишида ишлаб чиқилди.

Лойиҳа темир йўл транспорти ва метрополитенда ташишлар хавфсизлиги қоидаларининг бузилишида уларни таснифлаш, хизмат текширувини олиб бориш ва ҳисобга олиш тартибини белгиловчи асосий ҳужжат ҳисобланиб, мазкур ҳужжатда белгиланган нормалар бошқа турдаги норматив ҳужжатлар билан тартибга солинмаган.

Ҳужжат лойиҳасини тайёрлашда “1520 ягона излар оралиғи” ягона темир йўл маконидаги Миллий ва МДҲга аъзо давлатларнинг тажрибаси ўрганилди ва қўлланилди.

Низом лойиҳаси Умумий қоидалар, Ҳаракат ва ташишлар хавфсизлиги талабларининг бузилиши билан боғлиқ ҳодисаларни таснифлаш, Метрополитенда ҳаракат ва ташишлар хавфсизлиги талабларининг бузилиши билан боғлиқ ҳодисаларни таснифлаш, Хизмат текширувини олиб бориш, Ҳаракат ва ташишлар хавфсизлиги талабларининг бузилиши билан боғлиқ ҳодисаларни хизмат текширувида ўзаро ҳамкорлик қилиш, Хизмат текшируви натижаларини расмийлаштириш, Ҳаракат ва ташишлар хавфсизлиги бузилишларини ҳисобга олиш ҳамда Якуний қоидалар каби 8 та бобни ўз ичига олади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Транспорт вазирлигининг “Темир йўл транспорти ходимларининг рейс олди ва смена олди тиббий кўригини ташкил этиш ва ўтказиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида” давлат тилида (янги таҳрирда)ги қарори лойиҳаси.

Ушбу лойиҳа “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 мартдаги 12/1-2993-сонли топшириғи билан тасдиқланган Фақат рус тилида қабул қилинган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни янги таҳрирда (давлат тилида) қабул қилиш бўйича чора-тадбирлар режаси ижросини таъминлаш мақсадида “Темир йўл транспорти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 16 – моддасига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Лойиҳа билан Локомотив бригадалари ходимларининг рейс олди тиббий кўригини ташкил этиш ва ўтказиш қоидаларини амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлаштириш ҳамда темир йўл транспорти ходимлари рейс ва смена олди тиббий кўригининг мақсади, вазифалари ва ўтказиш тартибини белгилаш кўзда тутилган.

Лойиҳанинг мақсади – темир йўл транспорти хавфсизлигини таъминлашда “инсон омили”нинг салбий таъсирини камайтиришдан иборат.

Темир йўл транспорти ходимларининг жисмоний, психоэмоционал ва зарур ҳолларда психологик ҳолатини комплекс баҳолаш орқали уларда меҳнатга лаёқатсизлик ёки меҳнат лаёқатининг пастлиги, психотравматик вазиятлар ва меҳнат лаёқатини сусайтирувчи бошқа омиллар, алкоголли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар истеъмол қилганлик аломатларининг мавжудлиги аниқланганда ушбу ходимларни рейс (смена)га қўйилишининг олдини олиш лойиҳанинг асосий вазифаси ҳисобланади.

Лойиҳада тиббий кўрикка оид умумий қоидалар, атамалар ва таърифлар келтирилган, шунингдек, тиббий кўрик иштирокчиларининг мажбуриятлари, жавобгарлиги, тиббий кўрикни ўтказувчи тиббиёт ходимларининг вазифалари ҳамда Тиббий кўрикни ўтказиш ва расмийлаштириш тартиби белгиланган.

Бундан ташқари, лойиҳа билан тиббий кўрикдан ўтиши мажбурий бўлган поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, манёвр ишлари ва темир йўл ташишлари билан билан боғлиқ бўлган темир йўл транспорти соҳасида фаолият юритаётган ходимлар рўйхатини тасдиқловчи ваколатли органлар ҳам белгиланмоқда.

Лойиҳа темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини таъминлашда муҳим ўрин тутиб, рейс (смена)га чиқишдан олдин тиббий кўрикдан ўтишнинг ягона тартибини белгилайди ҳамда ўзининг соҳасидаги ягона ҳужжат ҳисобланади, яъни, мазкур ҳужжатда белгиланган нормалар бошқа турдаги норматив ҳуқуқий-ҳужжатлар ёки идоравий ҳужжатлар билан тартибга солинмаган.

Ҳар икки лойиҳа Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари regulation.gov.uz порталида жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилган.

Лойиҳалар тегишли манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилганидан сўнг белгиланган тартибда ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш учун Адлия вазирлигига киритилади.

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати