“Ўзтемирйўлназорат” инспекциясининг Фарғона филиали бошлиғи М.Юсупов бошчилигида инспекторлар А.Исламов ҳамда А.Юнусов иштирокида “FARG`ONAAGROKIMYOHIMOYA” акциядорлик жамиятида темир йўлларда юк ташишни ташкиллаштириш, техник воситалардан фойдаланиш, таъмирлаш ва уларни ишчи ҳолатда сақлаш юзасидан текширув ўтказилди.
18-21 май кунлари ўтказилган текширувларда жами 120 та камчилик аниқланган бўлиб, уларнинг 41 таси ҳаракат хавфсизлигига хавф солувчи камчиликлар ташкил этади. Жумладан, Бешариқ туманлараро филиали Ропқон станцияси ҳудудидаги 117-сонли стрелкали ўтказгичнинг крестовина остида ёғоч бруслар кетма-кет 5 донаси ишга яроқсиз ҳолатга келганлиги сабабли стрелкали манёвр ишлари учун ёпилди. Мазкур ҳолатда Ўзбекистон Республикаси темир йўлларида техникавий фойдаланиш қоидаларининг 17-банди талаблари бузилганлиги аниқланган. Шунингдек, Қува филиалида 1-сонли тормоз бошмоғи юзасининг учи синганлиги ва қийшайиб кетганлиги сабабли фойдаланишдан тўхтатилди. Ушбу ҳолатда “Техник фойдаланишда темир йўл транспорти хавфсизлиги тўғрисида”ги умумий техник регламентнинг 23-банди талаблари ҳамда Ўзбекистон Республикаси темир йўлларида поездлар ҳаракати ва манёвр ишлари йўриқномасининг 348-банди талаблари бузилган.
Юқоридаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида инспекция томонидан бажарилиши мажбурий бўлган тегишли кўрсатма киритилди ва амалдаги қонунчиликка асосан муддатлар белгиланди.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати