АОКАда “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси брифинги ўтказилди

Бугун АОКАда “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси Ахборот хизмати бошлиғи Фирдавс Хайриддинов иштирокида брифинг ўтказилди. Унда юқори тезликдаги темир йўл участкаларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга оид чора-тадбирлар амалга оширилишини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, шунингдек, назорат қилиш бўйича идоралараро комиссиясининг 2021 йил январь - ноябрь ойларида амалга оширган ишлари тўғрисида ахборот берилди.

 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 8 майдаги
387-сонли қарорига мувофиқ “Юқори тезликдаги темир йўл участкаларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга оид чора-тадбирлар амалга оширилишини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, шунингдек, назорат қилиш бўйича Идоралараро комиссия”си ташкил этилган.

Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарори билан Идоралараро комиссиянинг асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлиги, фаолиятини ташкил этиш ва ҳисобот бериш тартиби белгиланган. Идоралараро комиссияга юқори тезликдаги поездлар ҳаракати хавфсизлиги даражасини оширишга ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, хўжалик юритувчи субъектлар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг юқори тезликдаги темир йўл участкаларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштиришга оид масалалар ва вазифаларни ҳал этиш доирасида келишилган ва самарали ўзаро ҳамкорлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилишини мувофиқлаштириш ва амалга оширилишини назорат қилиш юклатилган.

Идоралараро комиссия доимий асосда фаолият юритадиган маслаҳатлашув органи ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузурида ташкил қилинган. Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси Идоралараро комиссиянинг ишчи органи  ҳисобланади.

Идоралараро комиссиянинг юқори тезликдаги темир йўл участкаларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, ҳудудларни ободонлаштириш, шаҳарсозлик талабларига мувофиқлаштириш бўйича тасдиқланган чора-тадбирлар режасига мувофиқ 2021 йилнинг январь-ноябрь ойларида 8 маротаба сайёр йиғилишлари ўтказилди.

Мазкур йиғилишларда юқори тезликдаги темир йўл участкаларида юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлиги ҳолати таҳлил қилинди ҳамда ҳаракат хавфсизлигига хавф солувчи қоидабузарликлар ўрганилиб, аниқланган камчиликларнинг олдини олиш ва бартараф этиш чоралари кўрилди.

Шунингдек, жамоат тартибини таъминлашни назорат қилиш чора-тадбирлари амалга оширилиши бўйича бажарилган ишлар ўрганилди ва юқори тезликдаги темир йўл участкаларига яқин ҳудудда жойлашган аҳоли пунктлари, ўқув муассасалари ва ташкилотларда профилактика ва тушунтириш ишлари олиб борилиши доимий назоратга олинган.

“Афросиёб” электропоезди машинистлари томонидан аниқланган 889 та камчиликларнинг келиб чиқиш сабаби, уларни бартараф этилиши ҳамда амалга оширилган ишлар сифати доимий муҳокама қилинмоқда.

Комиссия ишчи органи томонидан йиғилиш баённомалари расмийлаштирилиб, тасдиқланган баённомалар Идоралараро комиссия аъзолари, алоқадор давлат бошқаруви органлари, хўжалик юритувчи субъектлар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ижросини таъминлаш учун юборилади.

Ташкил этилган сайёр йиғилишларда Идоралараро комиссия томонидан ўз ваколати доирасида аниқланган жами 248 та камчиликларни бартараф этиш юзасидан 56 та топшириқ ва тавсиялар берилган.

Бундан ташқари, Идоралараро комиссия топшириқларига асосан:

ИИВ ходимлари ва бошқа мутасадди ташкилот вакиллари томонидан юқори тезликдаги темир йўл участкаларида ўтказилган 3241 та рейдларда аниқланган жами 6214 та қоидабузарликларга нисбатан қонуний таъсир чоралари кўрилган;

юқори тезликдаги темир йўл участкалари ҳудудига яқин жойлашган аҳоли пунктлари, ўқув муассасалари ва ташкилотларда темир йўл инфратузилмаси иншоотлари ҳамда ҳаракатдаги таркибга шикаст етказмаслик, атроф-муҳит ва санитария қоидаларига риоя этиш, маиший чиқиндиларни ташламаслик ва ёқмаслик, чорва молларини боқмаслик ва бошқа нохуш ҳолатларга олиб келувчи ҳаракатларни содир этмаслик юзасидан 13785 маротаба тарғибот-тушунтириш тадбирлари ташкил этилган;

ўтказилган сайёр йиғилишларда аниқланган камчиликлар бартараф қилиниши юзасидан Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Навоий, Бухоро, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳар  ҳокимликларига,  шунингдек, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва Ички ишлар вазирлигига тегишли топшириқлар берилган ва уларни ижроси назоратга олинган.