Коррупция - ривожланишимизга тўсиқ
“Ўзтемирйўлназорат” инспекциясида 22 ноябрдан – 2 декабрга қадар “Коррупция – ривожланишимизга тўсиқ” 10 кунлиги доирасида Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган шахобча темир йўлига эга тадбиркорлик субъектлари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизда ва инспекцияда мазкур иллатни бартараф этиш ва олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди. Шунингдек, “Транспорт тўғрисида”ги қонун мазмун-моҳияти ва темир йўл транспортида ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда нималарга эътибор қаратиш лозимлиги тўғрисида сўз юритилди.
Инспекцияда коррупцияга қарши курашиш бўйича жорий этилган “комплаенс назорат” тизими ва мазкур тизим тўғрисида батафсил маълумотлар берилди. Ушбу тизимнинг самарали ишлашида фуқароларнинг, жумладан тадбиркорлик субъектлари вакилларининг ҳам бевосита иштироки муҳимлиги таъкидланди. Коррупцион ҳолатга дуч келганда ёки бошқа қонунбузарликлар тўғрисида ахборотга эга бўлганда инспекция ва ваколатли органларга мурожаат қилиш тартиблари тушунтирилди. “Ўзтемирйўлназорат” инспекциясининг расмий сайти, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари, ишонч телефонлари ҳамда ташкилотнинг телеграмдаги қайта алоқа бот манзиллари тўғрисида ахборот берилди
Жорий йил 9 ноябрь санасидан кучга кирган “Транспорт тўғрисида”ги қонун ва мазкур қонун талаблари ҳақида йиғилганларга батафсил тушунтирилди. Қонунга кўра, автомобиль, ҳаво, темир йўл, сув, электр транспорти, метрополитен ва транспорт инфратузилмаси объектлари Ўзбекистоннинг ягона транспорт тизимини ташкил этади. Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган транспортларни Ўзбекистонга олиб кириш, ишлаб чиқариш, сотиш ёки улардан фойдаланиш тақиқланади. Ваколатли органлар вокзалда, аэровокзалда, аэропортда, метрополитенда ва автостанцияга кириш жойида транспорт воситасини, багажни, юк багажини ва юкни, йўловчиларни ва бошқа шахсларни кўздан кечиришдан ўтказиши мумкин.
Тадбирда “Ўзтемирйўлназорат” инспекциясининг асосий вазифаларидан бўлмиш темир йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, турли қоидабузарликларни олдини олиш мақсадида жорий йилнинг ортда қолган даври давомида амалга оширилган ишлар, галдаги вазифалар, ютуқ ва камчиликлар таҳлил қилинди. Иштирокчилардан тушган саволларга батафсил жавоб берилди.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати