Ноябрь ойида 400 дан зиёд профилактик тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган
Инспекция марказий аппарати ва филиаллари инспекторлари томонидан ноябрь ойи давомида 408 та профилактик тадбирлар ўтказилади. Темир йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда, эҳтимолий хавфларни олдини олишда профилактик ишларни ташкил этиш самарали ҳисобланади. Шу боис инспекция ходимлари текширишлар билан биргаликда семинарлар ва амалий машғулотларга ҳам катта эътибор қаратишади. Темир йўл соҳаси ходимларнинг билим ва малакасини мустаҳкамлаш орқали хавфсизликни таъминлашга эришиш мақсади бош мезон ҳисобланади.
Тадбирларда соҳага доир норматив ҳужжатлар мазмун моҳияти, улардаги ўзгариш ва қўшимчалар батафсил тушунтирилади. Шунингдек, норматив ҳужжатларнинг амалиётда қўлланиши бўйича ҳам тушунтиришлар берилади. Қолаверса, тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислардан аниқ ва батафсил жавоб олишади.
Жорий йил давомида ҳар бир хўжалик бўйича ҳаракат хавфсизлигини таъминлашдаги камчиликлар таҳлил қилинади ва қайд этилган камчиликларга йўл қўйилмаслиги юзасидан чора-тадбирлар белгиланади. Инспекторлар ҳар бир хўжаликдаги ишларни сифат жиҳатдан яхшилаш, янада такомиллаштириш бўйича ўз тавсияларини беришади.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати