Профилактик тадбирларда 2000 нафардан зиёд темирйўлчилар иштирок этишди

 “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси ходимлари томонидан  2021 йилнинг август ойида жами 15 та корхона ва ташкилотларда текширувлар ўтказилди. Назорат тадбирлари давомида, темир йўлларда ташишлар ташкилий-техник чора-тадбирлари, поездлар ҳаракати хавфсизлигини тартибга солувчи норматив ҳужжатларнинг мавжудлигига алоҳида эътибор қаратилди. Текширишлар натижасида жами 700 та камчиликлар аниқланди.

Шунингдек, жорий ой давомида инспекция марказий аппарати ва ҳудудий филиаллари томонидан темир йўлларда ташишлар хавфсизлиги соҳасига оид норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши юзасидан  профилактика тадбирлари амалга оширилди.  “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ҳамда вазирлик ва идораларнинг темир йўлларида поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган 472 та профилактик тадбирлар ўтказилди. Тадбирларда фаолияти темир йўлларда ташишлар жараёни билан боғлиқ бўлган 2000 нафардан зиёд ходим иштирок этди.

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси томонидан Тошкент-Самарқанд-Қарши-Китоб, Мароқанд-Бухоро участкаларидаги тезюрар ва юқори тезликдаги йўловчи поездлари ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Юқори тезликдаги Тошкент-Самарқанд-Қарши-Китоб, Мароқанд-Бухоро участкаларида 1031 нафар ходим иштирокидаги 163 та профилактика тадбирлари ўтказилди.

Тизимли равишда олиб борилаётган чора-тадбирлар натижасида саноат корхоналари шохобча темир йўлларида ой давомида темир йўл ташишлари хавфсизлиги бузилишларига йўл қўйилмади. Ўтган йилнинг шу даврида хавфсизлик бузилиш ҳолатлари 3 тани ташкил этган.

2021 йилнинг август ойида темир йўл кесишмаларида ҳаракатдаги таркибнинг автомашина билан тўқнашувлари бўйича 3 та ҳолатга қайд этилган ва бунинг оқибатида 1 нафар фуқаро ҳалок бўлган.

Шунингдек, инспекция томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Муҳофаза зоналари ва ажратилган минтақа чегараларида темир йўл транспорти ерларини белгилаш ва улардан фойдаланиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигига киритилди.

 

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати