Қоидаларга беписанд қараб ҳаётингизни хавф остига қолдирманг
Ҳар бир дақиқа, сониялар инсон тақдирини қанчалар ўзгартириб юбориши мумкин. Ушбу ўзгаришни ижобий ёки салбий кўриниш олиши энг аввало ўзимизга боғлиқ. Барчамиз бирдек мақсадларимиз сари интиламиз, изланамиз лекин оддий ҳолларда шошма-шошарликка йўл қўйиб ўзимиз ва яқинларимиз соғлиғига путур етказамиз, баъзан энг азиз неъмат инсонлар умрига зомин бўлишимиз мумкин. “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси ва мутасадди ташкилотлар томонидан мунтазам равишда темир йўл кесишмаларида қоидаларга амал қилишга чорлаб, турли тадбирлар ва семинарлар ташкил этилади. Аммо барибир автомашина ҳайдовчиларининг айби билан темир йўл кесишмаларида юз бераётган ҳаракатдаги таркибнинг автотранспорт воситаси билан тўқнашувлари поездлар ва автотранспорт воситалари ҳаракати хавфсизлигига ҳақиқий хавф бўлиб қолмоқда. 2021 йилнинг 5 ойи давомида темир йўл кесишмаларида ҳаракатдаги таркибнинг автомашина билан тўқнашувлари бўйича 15 та ҳолатга йўл қўйилган. Ушбу ҳолатларнинг содир бўлишида ҳайдовчиларнинг ўрнатилган қоидаларга амал қилмаслиги ва шошма-шошарлиги сабаб бўлган. Оқибатда автомашина салонида бўлган ҳайдовчилар ва йўловчилар жароҳатланишган, айрим вазиятларда уларнинг тақдири фожиали якун топган.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси барча ҳайдовчиларни темир йўл кесишмасида ҳаракатланаётганда қоидаларга қатъий риоя қилишга чақиради. Темир йўлни фақат белгиланган жойлардан кесишиб ўтиш талаб этилади. Бу орқали Сиз ўзингиз ва яқинларингиз ҳаёти ва соғлигини турли хатарлардан сақлаб қолишингиз мумкин.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати