Навоийда сайёр қабул ўтказилди
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси Бухоро филиали бошлиғининг Бухоро минтақавий темир йўл узели унитар корхонасига қарашли Навоий темир йўл станцияси мажлислар залида шахобча темир йўлига эга тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирокида сайёр қабули бўлиб ўтди. Тадбирда темир йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш борасида вужудга келаётган муаммоларни бартараф этиш юзасидан тушунтириш берилди ҳамда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олишди.
Жумладан, сайёр қабул давомида “Табиатан беғубор” МЧЖ вакили С.Самадов ўзига қарашли шахобча темир йўлининг бўйлама профилини ўлчаш ишларини амалга ошириш бўйича берган савол билан мурожаат қилди ва амалдаги тартибга асосан асослантирилган жавоб берилди. Шунингдек “Навоий темир йўл транспорти” давлат унитар корхонаси директор ўринбосари С.Гафаров шахобча темир йўлини захирага олиш ва янги темир йўлини қуриш бўйича берган саволига жавоб олди.
Навоий вилояти ҳудудидаги шахобча темир йўлига эга тадбиркорлар ва корхона раҳбарларидан ўзларига қарашли шохобча темир йўлларида поездлар ҳаракати хавфсизлигини ва хавфсиз манёвр ишларини ташкил қилинишини таъминлашлари учун “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси томонидан ваколат доирасида ёрдам берилиш ва уларни қийнаётган муаммолари бартараф этиш чоралари кўрилиши таъкидланди.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати