18 ноябрь - Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун
Давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсоли ҳисобланади. Боиси уларда Ватаннинг сурати, халқнинг ўтмиши, бугуни ва истиқболи намоён бўлади. Улардан бири Давлат байроғидир.
Транспорт назорати инспекциясида ташкил этилган тадбирга таклиф этилган Тошкент давлат юридик университети Давлат ва ҳуқуқ назарияси кафедраси катта ўқитувчилари Максудбой Садиков ва Жоҳонгир Қурбановлар Давлат байроғи ва бошқа Давлат рамзлари ҳақида батафсил маълумот беришди.
“Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонунида Байроғимиз мамлакатимиз суверенитетининг рамзи эканлиги, халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг тимсоли бўлиши эътироф этилган. Ҳозир у жаҳоннинг турли нуқталарида мағрур ҳилпираб турибди. Спортчиларимизнинг юртимиз шарафини жаҳон ареналарида муносиб ҳимоя қилиб, ғолиблик шоҳсупасида кўтарилиб турганида байроғимизнинг баланд кўтарилиши қалбимизга фахр-ифтихор туйғуларини бахш этади, кўнглимизни тоғдек кўтариши рост.
Байроғимиздаги ранглар, ярим ой ва юлдузлар тасвири бизнинг тарихий анъаналаримиз билан чамбарчас боғлиқлиги, чинакам маънода, халқимизнинг асрий маданияти, урф-одатлари ва пок ислом динининг умуминсоний ғояларини ўзида мужассамлаштирганлиги таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, Янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямиз тарихи, унинг ҳар биримиз ҳаётимизда тутган беқиёс ўрни ҳамда Давлат Мадҳияси ҳақида йиғилганлар қимматли маълумотларга эга бўлишди. Конституциямизнинг янги нормаларида асосий эътибор инсон, жамият ва давлатнинг барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилганини ишонч билан таъкидлаш мумкин. Янги таҳрирдаги Асосий Қонуннинг қабул қилиниши билан бу борада янада мустаҳкам конституциявий-ҳуқуқий асос яратилиб, Янги Ўзбекистон ўзининг ушбу соҳалардаги халқаро мажбуриятларига қатъий содиқлигини яна бир бор намоён этди.
Мадҳиямиз давлат суверенитетининг рамзи, унга катта эҳтиром билан қараш ҳар бир юртдошимизнинг ватанпарварлик бурчи эканлиги белгилаб қўйилган бўлиб, унда халқимизнинг эзгу орзу-умидлари, келажакка мустаҳкам ишончи теран ифодалангани билдирилди. Очиқ мулоқот тарзида кечган тадбирда инспекция ходимлари ўзларини қизиқтирган қатор саволларга жавоб олишди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганлигининг 33 йиллиги муносабати билан Транспорт назорати инспекцияси барча ҳамюртларимизни муборакбод этади!
Транспорт назорати инспекцияси
Ахборот хизмати