Идоралараро комиссиянинг сайёр йиғилиши ўтказилди
“Тошкент-Самарқанд-Бухоро” юқори тезликда ҳаракатланиш темир йўл участкасида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бўйича Идоралараро комиссиянинг галдаги сайёр йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишга “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси бошлиғининг ўринбосари А.Абдурахманов бошчилик қилди. Сайёр йиғилиш вагонлар жамланмаси ёрдамида Тошкент шимолий вокзалидан белгиланган жадвал асосида ҳаракатланди.
Комиссия сайёр йиғилиши “Тошкент-Самарқанд-Бухоро” юқори тезликдаги темир йўл участкасида ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда олиб борилаётган ишларнинг бажарилиши ва муаммоларни ўрганиш дастурига асосан мониторинг ўтказилди.
Сайёр йиғилишда бир қатор масалалар юзасидан ташкилотларнинг маълумотлари тингланди. “Тошкент-Самарқанд” участкасида кузатув камераларни тизимли ишлашини таъминлашда амалга оширилган ишлар, шу билан бирга “Афросиёб” электропоездининг ўтиши вақтида темир йўл кесишмаларига қўшимча ходимларни ажратиш юзасидан мутасаддилар ҳисобот беришди. Шунингдек, апрель-май ойларида темир йўл кесишмаларида ўтказилган баҳорги кўрикда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида ахборот берилди.
Сайёр йиғилишда бир қатор камчиликлар аниқланди ва уларни бартараф этиш юзасидан ҳокимликлар ва тегишли ташкилотларга тавсиялар берилди. Жумладан, мутасадди ташкилотга юқори тезликда ҳаракатланиш темир йўл участкаларида жойлашган темир йўл кесишмаларида ўтиш қоидаларини бузаётган ҳайдовчиларга нисбатан қатъий чоралар кўриш, қоидабузарликлар кўп маротаба содир этилаётган жойларда рейдларни ўтказиш ҳамда уларни оммавий ахборот воситаларида доимий равишда ёритиб бориш тавсия қилинди.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати