“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси марказий аппарати ва филиаллари инспекторлари тасдиқланган режа асосида профилактик тадбирларни  давом эттиришмоқда. Жумладан, Бухоро филиали ташишлар хўжалиги бўйича бош инспектори бошчилигида “Бухоро минтақавий темир йўл узели” унитар корхонасига қарашли “Қизилтепа” темир йўл станциясида мазкур станция ишчи ходимлари иштирокида поездлар ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган семинар ўтказилди.

Тадбирда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ва шахобча темир йўлларига эга тадбиркорлик субъектлари кесимида 2020 ва 2021 йиллар мобайнида ҳаракат хавфсизлигини бузилиш ҳолатлари таҳлил қилиниб, йўл қўйилган камчиликлар такрорланмаслиги учун нималарга эътибор қаратишлари лозимлиги ҳамда норматив ҳужжатларнинг мазмун моҳияти тушунтирилди. Айниқса, станциянинг поезд тузувчилари ва машинистларига шахобча темир йўлларида манёвр ишларини олиб боришда темир йўлларнинг техник ҳолатига аҳамият беришлари зарурлиги таъкидланди.   

Бундан ташқари ушбу станциядан юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” электропоезди ҳаракатланишини инобатга олган ҳолда станция навбатчилари билан қўшимча тушунтириш ишлари ўтказилди. Жумладан, навбатчиларга “Афросиёб” электропоездини қабул қилиш ва жўнатиш ишларини ўзларига юклатилган вазифалари белгиланган йўриқномалар асосида ташкил этишлари юзасидан муҳим тавсиялар берилди.

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати