Шахмат кунида фахрийлар ва ёшлар учрашуви

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори шахматни юртимизда янада ривожлантиришда ва оммавийлигини ошишида муҳим аҳамият касб этди. Қарорга мувофиқ мазкур спорт турини 2025 йилгача ривожлантириш давлат дастури, мақсадли кўрсаткичлари ва давлат дастурини 2021 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Бугунги кунда шахматни кенг оммалаштириш бўйича нафақат маҳаллалар ва таълим муассасаларида балки вазирлик ва идораларда, турли ташкилотларда ҳам кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси ходимлари орасида мунтазам равишда мусобақалар ташкил этилмоқда. Ички беллашувларда ижобий натижа қайд этганлар ўз имкониятларини каттароқ турнирларда синаб кўришмоқда. Шахмат федерацияси ташаббуси билан ўтказилган мусобақаларда инспекция ходимлари У.Ғозиев ва Х.Ботировлар муносиб иштирок этишди.

Жорий йилнинг апрел ойида инспекция марказий аппаратида ўтказилган “Шахмат куни” қизиқарли ва шу билан бирга муросасиз ўйинларга бой бўлгани билан эсда қолди. Шахмат ва шашкада куч синашган ходимлар орасида юқори ўринларни банд этганлар касаба уюшма қўмитаси томонидан муносиб тақдирланишди.

Ўтган ҳафта инспекцияда ташкил этилган навбатдаги турнирда фахрий темирйўлчилар ҳам жалб этилди. Мусобақада инспекция тизимида узоқ йиллар ишлаб пенсияга чиққан фахрийлар ёшларни ўзига хос “имтиҳон”дан ўтказишди. Беллашувлар баҳона қизиқарли воқеалар ҳам эсга олинди. Ёши катта авлод вакиллари ёш ходимларга бугунги кунда уларга яратиб берилаётган шароитлардан унумли фойдаланган ҳолда бор имкониятларини ўқишга, ишга сафарбар қилишлари лозимлиги тўғрисида муҳим тавсиялар беришди.

Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати