Коррупциявий хабарларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш регламенти

Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш ҳавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси ва ҳудудий бўлинмаларига алоқа каналлари орқали коррупциявий хатти-ҳаракатлар тўғрисида келиб тушган хабарларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш

РЕГЛАМЕНТИ

 

1-боб. Умумий коидалар

  1. Мазкур Регламент Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш ҳавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси ва ҳудудий бўлинмалари (кейинги ўринларда –Ташкилот)да коррупцияга қарши курашиш, манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва тегишли таъсир чораларини кўришга қаратилган чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган.
  2. Мазкур Регламент Ташкилотдаги алоқа каналлари орқали коррупциявий хатти-ҳаракатлар ҳақида келиб тушган хабарлар билан ишлашнинг асосий тамойиллари, шунингдек, хабарларни қабул қилиш, уларни рўйхатдан ўтказиш ва кўриб чиқиш, шунингдек, Ташкилот раҳбарига ҳисобот тақдим этиш тартибини белгилайди.
  3. Мазкур Регламент мақсадларида қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

ишонч телефони – Ташкилотга телефон орқали келиб тушадиган мурожаатларни марказлашган ҳолда қабул қилиш, таснифлаш
ва тизимлаштириш, шунингдек, ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилишини мониторинг қилиш имконини берувчи тизим;

мурожаатчи – алоқа каналлари орқали Ташкилотдаги коррупциявий хатти-ҳаракатлар тўғрисида ахборот бериш учун мурожаат қилган ҳар қандай жисмоний ва (ёки) юридик шахс, ходим;

манфаатлар тўқнашуви – шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлик шахснинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазият;

коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш;

коррупциявий харакатлар – ходим томонидан бевосита ёки билвосита шахсан ёки учинчи шахслар орқали пора берувчи манфаатлари йўлида ҳаракат ёки ҳаракатсизлик учун моддий манфаатдор бўлиши, шу жумладан пул, қимматбаҳо қоғоз, бошқа кўринишдаги мулк ва мулкий ҳуқуқлар, мулкий ҳарактердаги хизматлар олиш, талаб қилиш, ундириш, таклиф қилиш ёки бериш, пора бериш ва/ёки олиш ёки бунда воситачилик қилишда, расмиятчиликларни соддалаштириш учун тўловлар ундириш (пора олиш) ва бошқа ноқонуний мақсадларда ўз хизмат вазифаларидан ноқонуний фойдаланиш;

коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик – коррупция аломатларига эга бўлган, содир этилганлиги учун қонунчиликда жавобгарлик назарда тутилган қилмиш;

коррупцияга қарши курашиш тизими – амалдаги қонунчилик ва ички ҳужжатларни коррупциявий жиҳатдан бузилишини бартараф этиш, Ташкилот ходимлари томонидан юқори даражада касбий ва ахлоқий фаолият олиб боришларини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар мажмуи;

коррупциявий хавф-хатар – ходимлар ёки учинчи шахслар томонидан Ташкилот номидан ва (ёки) уларнинг манфаатларини кўзлаб коррупциявий ҳаракатларни содир этиш хавфи;

таалуқли хабар – Ташкилотдаги коррупциявий ҳаракатлар ва (ёки) манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги ахборотдан иборат бўлган хабар;

ходим – Ташкилот билан меҳнат муносабатларига киришган шахс;

ходимнинг шахсий манфаатдорлиги – ходим томонидан ўз хизмат вазифаларини бажариши чоғида ўзи ёки учинчи шахсларнинг манфаатлари йўлида ходимнинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир қилиши мумкин бўлган пул маблағлари, моддий ёки номоддий бойликлар, бошқа мол-мулк ва имтиёзлар кўринишида шахсий наф олиш имконияти (шахсий, ижтимоий, молиявий, сиёсий ва бошқа тижорий ёки нотижорий манфаатлари).

  1. Ташкилот коррупциявий ҳаракатлар ҳақида ахборот беришга мўлжалланган алоқа каналларининг ишини қуйидаги тамойиллар асосида ташкил этади:

конфеденциаллик ва хавфсизлик – алоқа каналларидаги хабарлардан фойдаланишга рухсат берилган Ташкилотнинг барча ваколатли шахслари ушбу хабарларни ваколатга эга бўлмаган шахсларга бериш (ошкор қилиш) га ҳаққи йўқ. Агар мурожаатчи ўз хабарини юборганлиги хақида бошқа ходимларга ёки учинчи шахсларга ўз хоҳишига кўра, жумладан, эҳтиётсизлиги натижасида ошкор қилган бўлса, Ташкилот унинг ошкор бўлишига жавобгар бўлмайди;

қонунийлик – Ташкилот алоқа каналларига келиб тушадиган хабарларни қабул қилиш, рўйхатга олиш, қайта ишлаш ва кўриб чиқиш қатъий равишда Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талаблари ва ушбу Регламентга мувофиқ амалга оширилади;

мурожаатчининг таъқиб қилинмаслиги – алоқа каналлари орқали коррупциявий ҳаракатлар ҳақида ўз хоҳишига кўра хабар берган жисмоний ва юридик шахс, хусусан Ташкилот ходими хабарнинг мазмунидан қатъи назар бирон-бир жавобгарликка тортилмайди;

мурожаатчи билан мажбурий тартибдаги қайта алоқа – агар хабар аноним бўлмаса, уни кўриб чиқиш натижалари Ташкилот томонидан мурожаатчига етказилиши лозим;

таъсир чораларини қўллашнинг мажбурийлиги – коррупция факти тасдиқланган тақдирда, Ташкилот айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш учун Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ ҳаракат қилади.

2-боб. Коррупцияга оид ҳаракатлар ҳақида ахборот
бериш учун алоқа каналлари

  1. Таалуқли хабар қуйидаги алоқа каналларидан юборилиши мумкин:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси (https://pm.gov.uz/) орқали;

Ташкилотнинг расмий веб-сайти ёки электрон почтаси орқали;

Ташкилотнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий канал ва саҳифалари  (мисол учун Facebookдаги расмий саҳифаси (https://www.facebook.com/_______)) орқали;

Ташкилотнинг телефон рақамлари орқали (ишонч ва бошқа иш телефон рақамлари орқали);

Ташкилотнинг телеграм боти (@______ _bot)

Ташкилотга оғзаки (шахсан) мурожаат қилиш;

ҳуқуқни маҳофаза қилувчи органлар орқали;

мазкур Регламентда кўрсатилмаган бошқа алоқа каналлари.

  1. Ташкилот алоқа каналлари тўғрисидаги ахборотни расмий веб-сайт, ва ижтимоий тармоқдаги саҳифа ва каналларига жойлаштиради, шунингдек, ходимларга даврий равишда юбориладиган электрон хатлар тарқатмаларига ва ўқув материалларига киритади, Ташкилот биносида жойлаштириладиган тематик плакатлар ва ҳоказоларда акс эттиради.

3-боб. Алоқа каналлари орқали келиб тушаётган
таалуқли хабарларни қабул қилиш

  1. Ташкилотнинг Коррупцияга қарши ички назорат тузилмаси (кейинги ўринларда – Ички назорат тузилмаси) Ташкилотнинг алоқа каналларидан келиб тушган тааллуқли хабарларни кўриб чиқишга масъул ҳисобланади.
  2. Ташкилотнинг қуйидаги алоқа каналларидан келиб тушган тааллуқли хабарлар Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 майдаги 341-сон қарори билан тасдиқланган Давлат органларида, давлат муассасаларида ва давлат иштирокидаги ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги намунавий низом ва Ташкилотнинг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги низом талабларида назарда тутилган тартибда рўйхатга олинади ва резолюция учун Ташкилот раҳбарига чиқарилади:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали;

Ташкилотнинг расмий веб-сайти ёки электрон почтаси орқали;

Ташкилотнинг телефон рақамлари орқали (ишонч ва бошқа иш телефон рақамлари орқали);

Ташкилотга оғзаки (шахсан) мурожаат қилиш;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар орқали.

  1. Ташкилотнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий канал
    ва саҳифалари ва телеграм боти орқали келиб тушадиган хабарларни қабул қилиш учун Ички назорат тузилмаси масъул ходими тайинланади.

Бунда, тааллуқли хабар келиб тушганда Ички назорат тузилмаси масъул ходими мурожаатчи билан электрон ёзишма йўли билан ёки телефон орқали боғланиб зарур ахборотни аниқлаштиради, хабарни Реестрда рўйхатга олади ва маълумотни Ташкилот рахбарига киритади.

Ички назорат тузилмаси масъул ходими келиб тушадиган хабарларни душанбадан жумагача соат 09:00 дан 18:00 га қадар таҳлил қилади. Агар хабар иш вақтидан ташқари пайтда келиб тушса, бу хабар навбатдаги иш кунида аниқлаштириш учун сақланади.

  1. Агар мурожаатчи ўз хабарини тасдиқлаш учун қўшимча материалларга, масалан, фотоматериаллар, ҳужжатлар, аудио ва видеоёзувларга эга бўлса, мурожаатни қабул қилишга масъул ходим уларни тақдим этиш бўйича фойдаланиладиган алоқа каналларини (телеграм боти ёки электрон почтаси)ни кўрсатади ва тақдим этиладиган маълумотни конфеденциаллигини билдиради. Мазкур маълумотлар таалуқли хабарга илова сифатида расмийлаштирилади.
  2. Ташкилот раҳбари таалуқли хабарни тезкорлик билан таҳлил қилиш
    ва кўриб чиқиш учун Ташкилотнинг Ички назорат бўйича масъул ходимга топшириқ туширади.
  3. Ташкилотнинг Ички назорат тузилмаси масъул ходими тааллуқли хабарни олгандан кейин 1 (бир) соат ичида уни иловага мувофиқ шаклда Ташкилотда коррупцияга оид ҳаракатлар ҳақидаги хабарларни қабул қилиш реестрида (кейинги ўринларда – Реестр) рўйхатга олиши ва ушбу Регламентнинг 4-бобига мувофиқ кўриб чиқиши лозим.
  4. Ташкилот мурожаатчиларга ходим томонидан содир этилган коррупциявий харакатлар тўғрисида аноним хабарлар қолдириш имкониятини беради.

Аноним хабар келиб тушган тақдирда Ташкилотнинг маъсул ходими, имкон мавжуд бўлган тақдирда, қуйидагиларни амалга ошириши лозим:

Ташкилотга келиб тушган хабарга жавоб бериш учун мурожаатчи билан боғлана олмасликлари мумкинлиги ҳақида маълум қилиши;

қўшимча зарур маълумот олиш имконияти бўлмаган тақдирда хабарни тўлиқ ва ҳар томонлама ўргана олмасликларини билдириши;

мурожаатчига у билан боғланиш учун аноним алоқа канали ташкил қилишни таклиф қилади (шахс кўрсатилмаган электрон почта манзили, Telegramдаги махфий чат ва.б.);

Мурожаатчи ўз аризасидан воз кечмаган тақдирда, мазкур Регламентда назарда тутилган тартибда хабарни қабул қилиши шарт.

  1. Ташкилот ходимлари томонидан олинган хабарларни кўриб чиқиш жараёнида коррупциявий ҳуқуқбузарликларни содир этишнинг сабаб
    ва шароитлари ҳам таҳлил қилинади ва келгусида уларнинг олдини олиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича тадбирлар амалга оширилади.
  2. Олинган хабарлар бўйича барча тааллуқли материаллар, ҳужжатлар
    ва маълумотлар (шу жумладан, қабул қилинган қарорлар ва мурожаатчиларга юборилган жавоблар) Мурожаатлар билан ишлаш тузилмасида Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган муддатга, шу билан бирга 10 йилдан кам бўлмаган муддатга сақланиши керак.
  3. Тааллуқли хабар ташкилотнинг ҳудудий ва таркибий бўлинмаларга келиб тушган тақдирда, уни қабул қилган масъул ходимлар зудлик билан ёзма шаклда ҳудудий (таркибий) бўлинма раҳбари ва коррупцияга қарши курашиш бўйича масъулни (мавжуд бўлса) келиб тушган хабар тўғрисида хабардор қилади, улар ўз навбатида ушбу хабарни Ташкилотнинг марказий аппаратидаги Ички назорат тузилмасига юборади. Ички назорат тузилмаси олинган хабарни 11-бобида баён этилган тартибга мувофиқ кўриб чиқади.
  4. Ташкилотнинг ҳудудий ва таркибий бўлинмалари ўзларининг Реестрини юритади.

4-боб. Коррупциявий ҳаракатлар ҳақидаги
хабарларни кўриб чиқиш

  1. Ички назорат бўйича масъул ходимга келиб тушган барча тааллуқли хабарлар масъул ходим ёки Ташкилот раҳбари топшириғига асосан бошқа бўлинмалар томонидан кўриб чиқилади.
  2. Коррупциявий харакатлари тўғрисидаги хабарларни кўриб чиқиш жараёнига, ҳаракатлари устидан тааллуқли хабар келиб тушган ёки кўриб чиқиш жараёнида манфаатлар тўқнашуви юзага келиши мумкин бўлган ходимларни жалб қилиш ман этилади.
  3. Тааллуқли хабар келиб тушганда Ички назорат бўйича масъул ходим дастлабки текшириш ўтказиб, унинг таалуқлилигини таҳлил қилади, яъни хабарда кўрсатилган маълумотнинг Ташкилот тизимига тааллуқли коррупцияга оид ҳуқуқбузарликка ва (ёки) манфаатлар тўқнашувига тегишлилигини текширади.

Дастлабки текшириш тааллуқли хабар Ички назорат тузилмасига келиб тушган кундан бошлаб 5 (беш) иш куни ичида амалга оширилади.

  1. Мазкур Регламентнинг 19-бандида назарда тутилган дастлабки текшириш натижаларидан қатъи назар, бу ҳақдаги ахборот Реестрга киритилади.
  2. Агар Ички назорат бўйича масъул ходими хабар тааллуқли эмас деган хулосага келса, бу хабар бир иш куни ичида Ташкилотнинг тегишли тузилмасига билдирги асосида ўтказилиши лозим.
  3. Агар хабарда коррупциявий ҳаракатлар ва (ёки) манфаатлар тўқнашуви ҳақида маълумот ҳамда хизмат текширувини ўтказиш учун етарли асослар мавжуд бўлса, Ички назорат бўйича масъул ходими ички идоравий ҳужжатда белгиланган тартибда хизмат текширувини ўтказиш ташаббуси билан чиқади.
  4. Тааллуқли хабарларни мазмунан кўриб чиқиш Ташкилотга келиб тушган кундан эътиборан бир ой ичида, текшириш ўтказиш, қўшимча материалларни сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, уларни кўриб чиқиш муддатлари, ташкилотнинг раҳбари томонидан истисно тариқасида узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда мурожаат этувчига (аноним мурожаатлардан ташқари) хабар қилинади.
  5. Мурожаатга жавоб Ички назорат бўйича масъул ходим томонидан тайёрланиб, ташкилот раҳбари имзоси билан расмийлаштирилади.
  6. Тааллуқли хабарларни кўриб чиқиш якунларига кўра ўрганиш натижалари ва қўлланилган таъсир чоралари кўрсатилган жавоб хати тайёрланади ва белгиланган тартибда мурожаатчига юборилади.
  7. Ижтимоий тармоқдаги канал ва саҳифалар ва телеграм-бот орқали келиб тушган тааллуқли хабарга жавоб мурожаатчига электрон шаклда ижтимоий тармоқдаги канал ва саҳифалар ёки телеграм-бот орқали юборилади.

5-боб. Ҳисобдорлик

  1. Реестрдан Ички назорат тузилмаси ходимлари, хабарларни кўриб чиқишда иштирок этган тегишли бошқа давлат органлари ва ташкилотларининг ходимлари (фақат шундай хабарларга доир), Ташкилот раҳбари ёки раҳбарнинг коррупцияга қарши курашиш йўналишини назорат қилувчи ўринбосари фойдаланиши мумкин.
  2. Реестр маълумотлари асосида Ички назорат бўйича масъул ҳар чоракда Ташкилот раҳбарига қабул қилинган коррупциявий харакатлар тўғрисидаги хабарларга тааллуқли бўлган ҳисоботни тақдим этади ва унда қуйидагилар кўрсатилади:

келиб тушган тааллуқли хабарлар ва кўриб чиқилган тааллуқли хабарлар сони;

коррупциявий харакатлар, манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари тасдиқланган тааллуқли хабарлар сони;

кўриб чиқиш муддатлари бузилган тааллуқли хабарлар сони;

тааллуқли хабарларни кўриб чиқишнинг ўртача муддати;

мурожаатчилар томонидан энг кўп фойдаланиладиган алоқа каналлари ва бошқа статистик маълумотлар.

6-боб. Якуний қоида

  1. Мазкур Регламент талабларини бузиш белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.
  2. Мазкур Регламент, мурожаатлар ва коррупцияга қарши курашиш соҳасида Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ўзгарганда қайта кўриб чиқилиши лозим.
15.03.2022  Чоп этиш