Транспорт назорати инспекцияси ва ҳудудий бўлимлари ходимларининг этика ва коррупцияга қарши курашиш соҳасида ўқитилишини ташкил қилиш бўйича йўриқнома

Транспорт назорати инспексияси ва ҳудудий бўлимлари ходимларининг этика ва

коррупсияга қарши курашиш соҳасида ўқитилишини ташкил қилиш бўйича

ЙЎРИҚНОМА

1-боб. Умумий қоидалар

  1. Ушбу Транспорт назорати инспексияси ва ҳудудий бўлимлари (кейинги ўринларда – Инспексия) ходимларининг этика ва коррупсияга қарши курашиш масалалари бўйича ўқитилишини ташкил қилиш бўйича тавсия ва қўлланмаларни белгилаб беради.
  2. Ушбу Йўриқнома коррупсиявий ҳаракатларнинг олдини олиш ва уларни содир қилишга хизмат қиладиган сабабларни бартараф этиш, ходимларнинг ҳуқуқий онгини ошириш ва уларни Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва Инспексиянинг бошқа ички ҳужжатларига қатъий риоя қилиш руҳида тарбиялашга қаратилган.
  3. Инспексия ходимларини этика ва коррупсияга қарши курашиш соҳасида ўқитиш (кейинги ўринларда – Ўқитиш) дастурлари ва материаллари Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва ушбу Йўриқномага мувофиқ ишлаб чиқилади.

2-боб. Ўқитишнинг асосий тамойиллари

  1. Инспексия ходимларини ўқитиш қуйидаги тамойилларга асосланади:

холислик ва илмийлик – этика ва коррупсияга қарши курашиш соҳасидаги ўқув материалларни тайёрлаш учун масъул шахслар уларнинг Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талаблари, халқаро стандартлар ҳамда этика ва коррупсияга қарши курашиш назарияси ва амалиётига доир илмий тадқиқотлар натижаларига мувофиқлигини таъминлайди;

амалий жиҳатдан қулайлик – Инспексия ходимларини ўқитиш шакллари, усуллари ва материаллари амалий аҳамиятга эга бўлиши, реал вазиятларга асосланиши, шунингдек ходимлар томонидан олинган билимларни тушуниш даражаси ва уларни аниқ амалий вазифаларни ҳал этишда қўллаш имкониятини назорат қилинишини ўз ичига олиши лозим;

кетма-кетлилик ва тизимлилик – этика ва коррупсияга қарши курашиш соҳасидаги ўқув материаллари, шунингдек Инспексия ходимларини ўқитиш тартиби изчил ва тузилмавий-мантиқий тизимни ифодалайди. Ўқитиш умумий тушунчалар ва воқеликлардан жузъийларига, оддийдан мураккабга, бошланғичдан мукаммалга ва ҳ.к ўтиш асосида амалга оширилади;

ҳаммабоплик – Ўқитиш Инспексия ходимларининг жорий билимлари ва кўникмаларини ҳисобга олиш, Инспексиянинг барча ходимлари учун тушунарли бўлган ўқув материаллирини шакллантириш;

дифференсиаланган ёндашув – Инспексияда коррупсияга қарши ўқитиш аниқ функсиялар ва тартиб-таомиллардаги коррупсиявий хавф-хатар натижаларини ҳисобга олади. Коррупсиявий хавф-хатарларга энг кўп мойил бўлган лавозимларни эгаллаб турган ходимлар коррупсияга қарши қўшимча равишда махсус ўқитилади;

ўқитиш усуллари ва шаклларини доимий равишда такомиллаштириш – Инспексия ўқув материалларини ишлаб чиқиш, ўқитиш, шунингдек Инспексия ходимлари томонидан билимлар ўзлаштирилганини текшириш вақтида техник ва илмий тараққиётнинг инноватсион ютуқларидан фойдаланишга ҳаракат қилади.

3-боб. Ўқитишнинг устувор вазифалари

  1. Ўқитиш шакллари ва усулларини аниқлашда, шунингдек этика ва коррупсияга қарши курашиш соҳасидаги ўқув материалларини шакллантиришда Инспексия ходимларини этика ва коррупсияга қарши курашиш соҳасида ўқитиш учун масъул шахслар қуйидаги устувор вазифаларга таяниши лозим:

коррупсия моҳияти, унинг жамият ҳаётининг турли соҳалари, Инспексиянинг функсия ва тартиб-таомилларида пайдо бўлиш шакллари ва ўзига хос жиҳатлари, сабаблари, ижтимоий жиҳатдан хавфли ва зарарли оқибатлари тўғрисида умумий тасаввурни шакллантириш;

Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги, Инспексиянинг Коррупсияга қарши кураш сиёсати билан белгиланган этика ва коррупсияга қарши хулқ-атворнинг аҳлоқий қадриятлари ва Инспексиянинг бошқа ички ҳужжатларига қатъий ва сўзсиз риоя қилишга асосланган хулқ-атвор моделини шакллантириш;

Инспексия ходимларини Инспексияда амал қилувчи коррупсияга қарши кураш тамойиллари, талаблари ва тартиб-таомиллари билан таништириш;

коррупсиявий хавф-хатарларни келиб чиқишига хизмат қилувчи шарт-шароитларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш қобилиятини шакллантириш, коррупсиявий хулқ-атвор, Инспексиянинг этик хулқ-атвор қоидалари бузилишига нисбатан тоқатсизликни намоён этиш.

4-боб. Ўқитишни ишлаб чиқиш ва ўтказишга масъул шахслар

  1. Инспексиянинг Инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлими Инспексия ходимларини Ўқитиш режаларини тайёрлаш, тегишли ўқув материалларини ишлаб чиқиш, ўқитиш, шунингдек Инспексияда бундай ўқитишни мониторинг ва назорат қилиш учун масъулдир.
  2. Инспексиянинг Коррупсияга қарши курашиш ички назорат учун масъул (кейинги ўринларда – Ички назорат учу масъул) Инспексия ходимларини Ўқитиш режаларини тайёрлашда иштирок этади, ўқитиш ўтказилишини мувофиқлаштиради.
  3. Инспексиянинг Инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлими Ўқитиш интизоми ва унга доир ахборотлар йиғилишини назорат қилади.
  4. Инспексия Ички назорат учун масъул ва Инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлими тегишли тажрибага эга халқаро ёки маҳаллий ташкилотлар билан тузилган шартномалар (Инспексияда белгиланган тартибда) асосида ўқув материалларини тайёрлаш ҳамда Ўқитишни амалга ошириш учун учинчи шахсларни жалб қилиши мумкин.

5-боб. Ўқитиш турлари ва шакллари

  1. Ўқитиш қуйидаги ўқув дастурларини кўзда тутиши лозим:

барча ходимлар учун коррупсияга қарши умумий ўқитиш;

Инспексия ходимларининг этик хулқ-атвори қоидалари бўйича умумий ўқитиш;

коррупсиявий хавф-хатарга энг кўп мойил бўлган лавозимлар учун коррупсияга қарши махсус ўқитиш;

Инспексияда коррупсияга қарши курашиш тизимининг амал қилиши ва ривожланиши учун масъул бўлган ходимлар учун коррупсияга қарши махсус ўқитиш.

  1. Умумий коррупсияга қарши ўқитиш ва Инспексия тизими ходимларининг этик хулқ-атвори қоидалари бўйича умумий ўқитиш Инспексиянинг барча ходимлари учун мажбурий ҳисобланади.
  2. Инспексиянинг барча ходимлари учун коррупсияга қарши умумий ўқитиш амалий йўналтирилган бўлиши ва қуйидаги янги билимларга эга бўлиш ёки мавжуд билимларни такрорлаш имкониятини яратиши лозим:

Ўзбекистон Республикасининг коррупсияга қарши қонунчилиги, Инспексиянинг коррупсияга қарши курашиш масалалари, жумладан ўрнатилган таъқиқлар, чекловлар, ҳуқуқ ва мажбуриятлар, хизмат хулқ-атворига қўйилган талаблар, Инспексия ходимларининг коррупсиявий ҳаракатлари аниқланганда ҳаракатлар кетма-кетлигига доир ички ҳужжатларини билиш;

коррупсияга қарши курашиш, манфаатлар тўқнашуви ва коррупсияга қарши бошқа талаблар соҳасидаги ҳуқуқни қўллаш амалиётига доир билимлар;

олинган билимларни қўллаш кўникмалари, жумладан Инспексиянинг турли фаолият соҳаларидаги коррупсиявий хавф-хатарларни баҳолаш қобилияти, Инспексияда ўрнатилган коррупсияга қарши кураш чораларини амалиётда қўллай билиш.

Коррупсияга қарши умумий ўқитиш материалларига киритиш учун мазкур Йўриқномага 1-иловада келтирилган мавзулардан фойдаланиш тавсия этилади.

  1. Инспексия ходимларининг этик хулқ-атвор қоидалари бўйича умумий ўқитиш Инспексиянинг барча ходимлари учун амалий йўналтирилган бўлиши ва Инспексияда қабул қилинган этика тамойиллари ва қоидаларига доир янги билимларга эга бўлиш ёки бор билимлар такрорланишини таъминлаши лозим.
  2. Инспексия ходимлари умумий коррупсияга қарши ўқитиш ва Инспексия ходимларининг этик хулқ-атвори қоидалари натижалари бўйича ўрганилган материал қанчалик ўзлаштирилгани ва тушунилганлиги ҳамда олинган билим ва кўникмаларни амалиётда қўллаш имкониятини текширишга қаратилган тест синовлари топшириши лозим.
  3. Инспексия ходимлари саволларнинг камида 80 фоизига тўғри жавоб берган тақдирда коррупсияга қарши умумий ўқитиш ва Инспексия ходимларининг этик хулқ-атвори қоидаларини муваффақиятли ўзлаштирган ҳисобланади. Агар ходим саволларнинг 80 фоизидан камига тўғри жавоб берган бўлса, у такрорий тест синовларини тест топширган кундан бошлаб 5 иш куни ичида топшириши мумкин.
  4. Коррупсиявий хавф-хатарга энг кўп мойил бўлган лавозимлар учун махсус коррупсияга қарши ўқитиш коррупсияга қарши умумий ўқитишдан мустақил (қўшимча) равишда ўтказилади.
  5. Коррупсиявий хавф-хатарга энг кўп мойил бўлган лавозимлар рўйхати Давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг ҳудудий ва таркибий бўлинмаларида коррупсиявий хавф-хатарларни баҳолаш услубиётига мувофиқ шакллантирилади.
  6. Коррупсиявий хавф-хатарга энг кўп мойил бўлган лавозимлар учун коррупсияга қарши махсус ўқитиш қуйидагилар тўғрисидаги маълумотни ўз ичига олиши лозим:

коррупсиявий хавф-хатарга энг кўп мойил бўлган аниқ функсия ва тартиб-таомиллардаги коррупсиявий хавф-хатарларни аниқлаш ва минималлаштириш усуллари;

коррупсиявий хавф-хатарга энг кўп мойил бўлган аниқ функсия ва тартиб-таомиллардаги коррупсиянинг намоён бўлиш шакллари ва турлари;

учинчи шахслар билан ўзаро алоқа қилишда коррупсиявий хавф-хатарга энг кўп мойил бўлган аниқ функсия ва тартиб-таомилларга хос бўлган коррупсияга қарши талаблар;

коррупсиявий хавф-хатарга энг кўп мойил бўлган аниқ функсияларни амалга оширишда қўлланиладиган қўшимча талаб ва тартиб-таомилларни ўз ичига олувчи ички ҳужжатлар.

  1. Инспексияда коррупсияга қарши курашиш тизимининг амал қилиши
    ва ривожланиши учун масъул ходимларни коррупсияга қарши махсус ўқитиш йилига камида бир марта малака ошириш шаклида (семинар, тренинг ва бошқа) коррупсияга қарши кураш соҳасидаги экспертларни жалб қилиш, шунингдек бундай ўқитишларга ихтисослашган ваколатли учинчи шахслар (ташкилотлар) томонидан ташкил этиладиган тренингларда иштирок этиш орқали ўтказилади.
  2. Инспексияда коррупсияга қарши курашиш тизимининг амал қилиши ва ривожланиши учун масъул ходимларни коррупсияга қарши махсус ўқитиш Ўзбекистон Республикасининг коррупсияга қарши курашиш бўйича қонунчилигидаги ўзгаришлар, коррупсияга қарши тизимларни шакллантириш ва давлат органларида коррупсиянинг олдини олиш тадбирларини амалга ошириш борасидаги илғор халқаро методикаларни ўрганишни ўз ичига олиши лозим.
  3. Ушбу Йўриқноманинг 19-бандида кўрсатиб ўтилган малака ошириш ва тренинглардан ўтиш йилига камида 10 (ўн) соатни ўз ичига олиши лозим.

6-боб. Ўқитиш муддатлари ва даврийлиги

  1. Ўқитиш Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва Инспексиянинг ички ҳужжатларида кўзда тутилган мажбурий малака ошириш доирасида ўқитиш, учинчи шахслар билан қўшма конференсиялар, йиғилишлар, симпозиумлар ўтказилишидан қатъий назар амалга оширилади.
  2. Инспексия ходимлари этика ва коррупсияга қарши кураш соҳасида йилига камида бир марта ўқитилади.
  3. Инспексия ходимлари қуйидаги ҳолларда коррупсияга қарши курашиш бўйича йилига бир мартадан кўп ўқитилади:

ходим коррупсиявий хавф-хатарга энг кўп мойил бўлган лавозимни эгаллаб турган бўлса;

лавозимга тайинланганда ва ротатсия қилинганда, агар шахснинг янги лавозими коррупсиявий хавф-хатарга энг кўп мойил бўлган лавозимлар рўйхатига кирса;

Инспексияда коррупсиявий ҳаракатлар билан боғлиқ ҳолатлар аниқланганда ёки амалга оширилаётган функсия/тартиб-таомилнинг коррупсиявий хавф-хатар даражаси ортганда;

Инспексия раҳбари қарорига мувофиқ.

  1. Инспексияга ишга қабул қилинган ёки янги лавозимга ўтказилган ходимлар ишга кирган ёки янги лавозимга ўтган вақтдан бошлаб 30 кун ичида коррупсияга қарши ва Инспексия ходимларининг этик хулқ-атвори қоидалари бўйича умумий ўқитилиши шарт.

Ўқув санасини белгилашда этика ва коррупсияга қарши курашиш соҳасида ўқитишнинг тасдиқланган йиллик жадвали, гуруҳда бўш ўринлар борлиги (кундузги ўқув шакли учун) ва мазкур Бобнинг 22-23-бандларида кўзда тутилган ўқитиш муддатлари ва даврийлигига амал қилиш зарурати ҳисобга олинади.

Кейинги коррупсияга қарши умумий ўқитиш ва Инспексия ходимларининг этик хулқ-атвор қоидалари бўйича умумий ўқитиш барча ходимлар учун Инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлими томонидан йилига бир мартадан кам бўлмаган даврийликда белгиланади.

  1. Ходим коррупсиявий хавф-хатарга энг кўп мойил бўлган лавозимни эгаллаб тургани билан боғлиқ ҳолатларда ёки ходим шундай лавозимга тайинланганда махсус коррупсияга қарши ўқитиш этика ва коррупсияга қарши кураш соҳасида ўқитишнинг йиллик жадвалида белгиланган муддатларда амалга оширилади.
  2. Инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлими ҳар йили Ўқитиш жадвалини тузади ва 31 декабргача уни Инспексия раҳбарига тасдиқлаш учун тақдим этади.

Ўқитиш жадвалини тузишда ходимлар томонидан олдинги ўқитиш муддатлари ҳисобга олинади.

Ўқитиш жадвалида албатта ўқитиш курси номи, санаси, шунингдек ўқитиш тайинланган лавозимлар кўрсатилади.

Тасдиқланган жадвалга мувофиқ Инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлимининг масъул ходимлари ўқитиш бошланишидан 10 иш кун олдин ходимларни хабардор қилади. Белгиланган муддатда ўқиш имконияти бўлмаса (кундузги ўқув шакли учун, масалан юқори мавсумий юклама, касаллик варақаси, режалаштирилган таътил сингари асосли сабаблар), ходим ўқиш бошланишидан
5 (беш) иш кунидан кечиктирмай ўқишни бошқа санага кўчириш Инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлимини огоҳлантириб қўйиши лозим.

7-боб. Ўқитиш интизомини назорат қилиш ва ҳужжатларни сақлаш

  1. Инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлими Инспексия ходимларининг этика ва коррупсияга қарши кураш соҳасида ўқитилишига доир маълумотларни йиғиб боради ва уларни ҳар чоракда Инспексиянинг Ички назорат тузилмасига тақдим этади.

Инспексиянинг Ички назорат учун масъул олинган маълумотларни таҳлил қилади (жумладан, ўқув интизоми, ходимлар учун қийинчилик туғдираётган мавзулар ва тест саволлари) ва таҳлил натижаларини коррупсияга қарши тизимнинг амал қилиши ва ривожланиши масалалари бўйича доимий ҳисоботларга киритилишини, шунингдек ўқув материаллари корректировка қилинишини (зарурат туғилганда) таъминлайди.

  1. Ходим унга тайинланган ўқув ёки унинг натижалари бўйича тест синовларини белгиланган муддатларда ўтмаса, Инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлими бундай ходимнинг раҳбарини унга нисбатан тегишли қарор қабул қилиш мақсадида огоҳлантиради.
  2. Ўқитиш жадвали, йўқлама варақалари, тест натижалари, ходим ўқиганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар Инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлимида сақланади.

8-боб. Якуний қоидалар

  1. Ушбу Йўриқнома Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва Инспексиянинг ички ҳужжатларидаги ўзгаришлар қиритилганда, коррупсияга қарши ўқитишни ташкил этиш соҳасидаги илғор халқаро амалиёт ўзгарган тақдирда қайта кўриб чиқилади. Инспексиянинг Ички назорат учун масъул мазкур Йўриқномага ўзгартириш киритиш учун жавобгар ҳисобланади.
  2. Инспексия ходими эгаллаб турган лавозими, иш стажи, мавқеи ва бошқа омиллардан қатъий назар мазкур Йўриқноманинг тамойиллари ва талабларига риоя қилиш учун шахсан жавобгар ҳисобланади.

Транспорт назорати инспексияси ва ҳудудий бўлимлари

ходимларининг этика ва коррупсияга қарши курашиш

соҳасида ўқитилишини ташкил қилиш бўйича

йўриқномага илова

Транспорт назорати инспекцияси ва ҳудудий бўлимлари ходимларини коррупцияга

қарши курашиш умумий ўқитишнинг

ТАХМИНИЙ МАВЗУЛАРИ

Мавзу

Компонентлар

Коррупсиянинг табиати

Коррупсия тушунчаси, унинг шакллари ва сабаблари;

Коррупсиянинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳодиса сифатидаги мазмуни;

Жамиятда коррупсияга муносабат.

Коррупсияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари

Коррупсияга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик;

Инспексияда коррупсияга қарши курашишга доир ички ҳужжатлар;

Коррупсияга қарши курашиш бўйича халқаро амалиёт.

Инспексияда коррупсияга қарши курашиш усуллари

Инспексиядаги коррупсияга қарши курашиш тизими элементлари, шунингдек муҳим чора-тадбирлар шарҳи;

Инспексиядаги манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, аниқлаш ва тартибга солиш;

Инспексиянинг коррупсияга қарши курашиш сиёсати;

Коррупсияга қарши курашиш соҳасидаги ходимлар ва таркибий бўлинмаларнинг мажбурият ва ваколатлари;

Маъмурий тартиб-таомиллар ва регламентлардан фойдаланиш. Маъмурий тўсиқ ва бюрократизмни бартараф этиш;

Коррупсиявий ҳаракатлар/уларни содир этиш хавфи юзага келган вақтдаги ҳаракатлар;

Коррупсиявий ҳаракатлар тўғрисида хабар бериш (хабарларни узатиш каналлари, хабарлар мазмунига доир Йўриқнома, хабарларни кўриб чиқиш тамойиллари).

Коррупсиявий хавф-хатарлар ва типик коррупсиявий ҳаракатлар

Инспексиядаги хавф-хатарлар ва коррупсиявий ҳаракатларнинг асосий турлари;

Назорат-рухсат бериш функсиялари ва тартиб-таомиллари доирасидаги коррупсиявий хавф-хатарлар;

Совғалар ва ишбилармонлик меҳмондўстлиги белгилари бериш/олишдаги коррупсиявий хавф-хатарлар;

Фуқаролар, контрагентлар ва учинчи шахслар билан ўзаро алоқалар билан боғлиқ коррупсиявий хавф-хатарлар;

Ходимларни Инспексияга танлаб олиш ва ишга қабул қилишдаги коррупсиявий хавф-хатарлар;

Харидларни амалга ошириш билан боғлиқ коррупсиявий хавф-хатарлар;

Турли хизмат турлари, функсиялар учун лицензия бериш, шунингдек лицензия битимлари талаблари ва шартларини бажариш устидан назорат билан боғлиқ коррупсиявий хавф-хатарлар;

Биноларни ижарага бериш билан боғлиқ коррупсиявий хавф-хатарлар;

Ўзаро ҳамкорлик ва тасарруфий Инспексиялар фаолиятини мувофиқлаштириш билан боғлиқ коррупсиявий хавф-хатарлар;

Танловлар билан боғлиқ коррупсиявий хавф-хатарлар;

Турли ҳужжат турлари экспертизасини ўтказиш, шунингдек улар ижросини назорат қилиш билан боғлиқ коррупсиявий хавф-хатарлар;

Давлат назоратини амалга ошириш билан боғлиқ коррупсиявий хавф-хатарлар;

Инспексия фаолиятидаги бошқа хавф-хатарлар.

Коррупсиявий ҳаракатлар учун жавобгарлик

Коррупсиявий ҳаракатлар учун интизомий жавобгарлик;

Коррупсиявий харакатлар учун жиноий жавобгарлик;

Ўзбекистон Республикасининг коррупсиявий ҳаракатларга доир ишлари бўйича суд амалиёти шарҳи.

Коррупсияга қарши курашишда фуқаролик жамияти роли

Жамоатчилик назорати коррупсияга қарши курашиш воситаси сифатида;

Фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш;

Коррупсияга қарши жамоатчилик фикри ва хулқ-атворини шакллантириш;

Фуқаролик жамияти институтларининг Инспексия билан ўзаро ҳамкорлиги.

 

18.12.2024  Чоп этиш

Коррупцияга қарши кураш