Зангиота туманида тарғибот тадбири ўтказилди

 

         «Ўзтемирйўлназорат» инспекцияси марказий аппарати ва филиаллари ходимлари профилактик тадбирлар, семинарлар машғулотларини туман, шаҳар, қишлоқ ва маҳалла кесимида режалаштириб, мунтазам ташкил этишяпти. Бунда асосий эътибор темир йўл ўтган ҳудудларга қаратилмоқда.

         Навбатдаги семинар Тошкент вилоятининг Занги-ота туманида бўлиб ўтди. Тадбирда «Ўзтемирйўлназорат» инспекцияси Тошкент филиали Бош инспектори Фаррух Зоиров, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бош бошқармаси, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг Ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бошқармаси, Занги-ота ва Ўрта-овул қўрғонлари маҳалла фуқаролар йиғини раислари, туман Ёшлар иттифоқи етакчилари ва мазкур ҳудуд яқинида жойлашган мактаб ўқувчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.  

         Йиғилганларга темир йўл хавфли ҳудудлиги,  темир изларни қоидаларга амал қилган ҳолда кесиб ўтиш лозимлиги, акс ҳолда бунинг оқибати ҳаёт ва соғлиққа жиддий хавф солиши ҳаётий мисоллар ёрдамида тушунтирилди. Қоидаларга амал қилмай уларни қўпол тарзда бузиш қонунчиликка биноан жавобгарликка сабаб бўлиши билдирилди. Ёшлар ўртасида жамоатчилик эътиборини тортиш мақсадида одоб-ахлоқ нормаларга тўғри келмайдиган ҳаракатлари, яъни вагон устига чиқиб ёки бошқа хавфли жойларда ўзларини расм туширишлари («селфи») якунда умрларига зомин бўлиши мумкинлиги ва бунга зинҳор йўл қўймаслик кераклиги таъкидлаб ўтилди.

Темир йўлда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда барча бирдек масъулиятни ҳис қилиши лозим, - дейди Ф.Зоиров. Темир йўлларни фақат белгиланган жойлардан кесиб ўтиш керак. Ҳайдовчилар ҳам кесишмаларда шошмашошарлик йўл қўйишлари оқибати одатда фожиали якунланади. Бугунги тадбирда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда инсон омили билан боғлиқ бўлган ҳолатлар таҳлил қилинди ва тушунтиришлар берилди.

Мактаб ўқувчилари томонидан “Темир йўл ҳудудида огоҳ бўлгин ўқувчи” шиори остида ташкил этилган кўргазма кўпчиликда илиқ таассурот қолдирди.

 

«Ўзтемирйўлназорат» инспекцияси
Ахборот хизмати