Транспорт назорати инспекциясида “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди

“9 декабрь - Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни” муносабати билан ташкил этилган тадбирда Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг масъул ходими Сардор Маманов, Транспорт вазирлигининг коррупцияга қарши курашиш бўйича масъул ходими Ниғматжон Комилов, Инспекциянинг жамоатчилик кенгаши вакиллари, Оммавий ахборот воситалари ходимлари ва журналистлар иштирок этишди.

Тадбирни Инспекция бошлиғи Жамшид Каримов кириш сўзи билан очиб, соҳада амалга оширилаётган ишлар, эришилган натижалар, галдаги вазифа ва режалар ҳақида батафсил ахборот берди. Инспекция фаолиятининг барча йўналишлардаги назорат ва профилактик тадбирлар, унинг самарадорлиги, аҳолидан тушган мурожаатлар билан ишлашдаги ижобий ўзгаришлар ҳақида тўхталиб ўтди.

C.Cаманов Н.Комиловлар Транспорт вазирлиги ва мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш йўлида олиб борилаётган ишлар, эришилган натижалар ҳақида маълумот беришди. Манфаатлар тўқнашуви, давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадлари декларация қилиниши юзасидан қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари ва уларни амалиётда қўлланиши юзасидан тушунтиришлар беришди.

Транспорт назорати инспекциясининг коррупцияга қарши курашиш бўйича масъул ходими Ўктам Очилов инспекцияда жорий йил давомида амалга оширилган ишлар тўғрисида тўхталиб ўтди. Қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар, ўтказилган семинар-тренинглар, малака ошириш курслари орқали тизимни коррупциядан холи қилиш мақсад қилингани таъкидланди.

Инспекциянинг расмий сайти (“https://uztn.uz”), ишонч телефони (71 202-01-05 (515), телеграм канали («@Узтрансназорат») коррупцион ҳолатлар ҳақида хабар бериш учун қайта алоқа боти (“@anticorruption_uztn_bot”) ташкил қилиш орқали коррупция ҳақида хабар берган ходимларни рағбатлантириш, уларнинг таъқибга олинмаслиги кафолатланиши маълум қилинди.

Ходимларга тарғибот ишлари олиб борилишининг ижобий самараси сифатида Автомобиль ва сув транспортида назорат Навоий вилояти етакчи инспектори томонидан жорий йилнинг ноябрь-декабрь ойларида 2 марта пора таклиф қилган ҳайдовчиларнинг ўзига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноий иш очилганлиги билдирилди.

“Очиқ эшиклар куни” доирасида Жамоатчилик кенгаши вакиллари инспекцияда коррупцияга қарши курашиш борасидаги ишларни ижобий баҳолаб, фаолиятни такомиллаштириш юзасидан тегишли тавсияларни беришди.

Оммавий ахборот воситалари ва йиғилганлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди.

 

Транспорт назорати инспекцияси
Ахборот хизмати