Темир йўл кесишмаларидан ўтиш қоидаларига тўла риоя қилайлик
Темир йўл билан автомобиль йўлининг кесишган жойлари, яъни темир йўл кесишмалари доимо хавфли зона ҳисобланади. Шуни доимо эсда тутиш керакки, темир йўл кесишмаларида темир йўл транспорти бошқа транспорт воситаларига қараганда устунликка эгадир ва ҳайдовчилардан алоҳида эътиборни талаб қилади. Агарда зарурият юзасидан шошилинч тормоз бериб, поездни тўхтатишга ҳаракат қилинганда ҳам тўхташ масофаси энг камида 500-800 метрни ташкил қилади.
Темир йўл кесишмалари ташиш жараёнининг қатнашчиларидан алоҳида сергаклик ва темир йўлларни кесиб ўтиш жойларидан фойдаланиш бўйича йўриқнома ҳамда йўл ҳаракати қоидалари талабларига қатъий риоя этишни талаб этади.
Жамиятимизда аҳоли турмуш шароитларининг яхшиланиб бориши натижасида автомобиллар сони ҳам кун сайин ортиб бормоқда. Ривожланиш шароитида поездлар билан автомобиль йўллари кесишган жойларда транспорт ҳайдовчиларидан ўз ҳушёрликларини янада оширишлари талаб этилади. Лекин амалда шундай бўляптими? Қоидабузар ҳайдовчилар йўл кесишмаларидаги яқинлашиб келаётган поезд ҳақидаги огоҳлантириш белгиларини кўриб турса ҳам йўлни кесиб ўтмоқчи бўлишади. Оқибатда нохуш ҳодиса, автомобиллар билан поездларнинг тўқнашуви юз беради. Уларнинг аксарияти мудҳиш оқибатларга олиб келади.
«Ўзтемирйўлназорат» инспекцияси Оролбўйи филиали ва “Қўнғирот” минтақавий темир йўл узели томонидан бундай хунук ҳодисаларнинг олдини олиш борасида қатор тадбирлар, тарғибот ишлари амалга оширилмоқда.
Шунга қарамасдан ҳайдовчилар томонидан темир йўл кесишмаларидан ўтиш қоидаларини қўпол равишда бузиш ҳолатлари давом этмоқда.
Тўқнашувга асосан автотранспорт ҳайдовчисининг йўл ҳаракати қоидалари талабларини қўпол равишда бузиб, кесишманинг ҳаракатни таъқиқловчи қизил чироғига риоя қилмай ўзбошимчалик билан тўхтамасдан ўтиб кетмоқчи бўлганлиги сабаб бўлмоқда.
«Йўл қоидаси – умр фойдаси» ҳар бир кишининг, айниқса автомашина ҳайдовчиларининг асло ёдидан чиқмаслиги керак.
Б. Кулбаев
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Оролбўйи филиали инспектори