“Сиз тадбиркор учун нима қилдингиз” акцияси давом этади
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси ҳудудий филиалларида “Сиз тадбиркор учун нима қилдингиз” акцияси доирасида тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан сайёр учрашувлар давом этмоқда. Қарши темир йўл узелида бўлиб ўтган навбатдаги тадбирда инспекция ходимлари ва шахобча темир йўлига эга бўлган тадбиркорлар иштирок этишди.
Йиғилганларга темир йўл ва транспорт соҳасидаги қонун ҳужжатлари мазмун моҳияти ва улардаги сўнгги янгиликлар борасида батафсил маълумот берилди. Жумладан, транспорт вазирлиги ташкил этилганлиги муносабати билан соҳадаги ва норматив ҳуқуқий ҳужжатлардаги ўзгаришлар тўғрисида ва уларни амалиётда қўллаш бўйича тўхталиб ўтилди. Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятларига ноқонуний аралашувлар ва текширишларга йўл қўйилмаслиги ва бу борадаги қонунчиликда белгиланган жазо чоралари яна бир бор эслатиб ўтилди.
Инспекциянинг Қарши филиали раҳбари О.Қурбоназаров темир йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминланишини назорат қилиш борасида амалга оширилган ишларни таҳлил қилиб, йўл қўйилган камчиликлар ва уларни бартараф этиш юзасидан тушунтиришлар берди.
Ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда жамоатчилик назорат ниҳоятда муҳим эканлиги ва бу борада ҳар бир фуқародан масъулиятни ошириш талаб этилиши таъкидланди. Темир йўл кесишмаларидаги кичик эътиборсизликлар натижасида содир бўлаётган кўнгилсиз ҳолатлар сабаб ва оқибатларига эътибор қаратилди.
Тадбиркорлик субъектлари вакиллари мутасаддиларга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди ҳамда батафсил жавоб олишди.
Фирдавс Хайриддинов –
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси бошлиғининг
матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари
бўйича маслаҳатчиси