Профилактик тадбирлар кўрсаткичларни яхшилашга хизмат қилмоқда
2020 йилнинг ортда қолган 7 ойи давомида “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси Бухоро ҳудудий филиали инспекторлари томонидан амалдаги норматив ҳуқуқий-ҳужжатлар талабига асосан “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти “Бухоро” минтақавий темир йўл узели унитар корхонаси ташкилотларида ҳаракат хавфсизлигини таъминланиши борасида текширишлар ва профилактик тадбирлар ўтказилди.
Филиал ходимлари томонидан асосий эътибор профилактик тадбирларга қаратилган. Жумладан, локомотив хўжалиги бўйича ҳудуддаги мавжуд деполар – “Бухоро” ва “Тинчлик” локомотив деполарида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва эҳтимолий хавфларни олдини олишга қаратилган тадбирлар ўтказилди.
Хусусан, 2020 йил июль ойи давомида мазкур деполарда ва унинг техник кўрик масканларида локомотив хўжалиги бўйича 11 та профилактик ишлар амалга оширилиб, 76 та камчиликлар аниқланди. Уларнинг 26 таси поездлар ҳаракати хавфсизлигига таҳдид соладиган камчиликлар сирасига киради. Жорий йил бошидан буён ўтказилган профилактик ишлар 80 тани ташкил этмоқда. Тадбирлар давомида аниқланган 451 та камчиликлар ўз вақтида бартараф қилиниши таъминланди. Шунингдек, ташкил этилган семинар машғулотларида 677 нафар ишчи ходимлар ўз билим ва малакаларини мустаҳкамлаб олишди. Муҳандислар, техник раҳбарлар ва соҳа ходимларига йўл қўйилган камчиликлар келиб чиқиши сабаблари ва уларни бартараф қилиш йўллари батафсил тушунтириб ўтилди.
Амалга оширилган ишлар самарасини “Бухоро” минтақавий темир йўл узелида йўл қўйилган нуқсон ҳолатлари камайганида яққол кўришимиз мумкин. Яъни мазкур узелда 2019 йил 7 ой давомида 5 та нуқсон ҳолатига йўл қўйилган бўлса, жорий йил 7 ой мобайнида ушбу кўрсаткич 1 тагача қисқарган. Бундан кўриниб турибдики йўл қўйилган нуқсон ҳолатлари 80% га камайган.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси Бухоро ҳудудий филиали локомотив хўжалиги бош инспектори А.Қосимов томонидан локомотив хўжалиги соҳасида тўғри ташкил қилинган профилактик ишлар самараси ўлароқ жорий йилнинг ортда қолган даврида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти “Бухоро” минтақавий темир йўл узели унитар корхонасида локомотив хўжалиги бўйича фавқулодда вазиятлар (авария ва тўқнашувлар) кузатилмади.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати