Айрим дарёлар ўзанларида норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий қилинади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Сув ҳавзаларида норуда материалларни қазиб олишни тартибга солиш чора- тадбирлари тўғрисида”ги Фармони (ПФ-14-сон, 17.01.2024 й.) қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2024 йил 1 майдан:
Чирчиқ, Сангзор, Зарафшон, Норин, Қашқадарё ва Сурхондарё дарёлари ўзанларидаги норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий қилинади;
Вазирлар Маҳкамаси томонидан мораторий татбиқ этиладиган ҳудудлар чегаралари белгиланади;
дарё ўзанлари, соҳил бўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналаридан қум-шағал материаллари қазиб олиш ҳуқуқини фақат “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали реализация қилинади;
дарё ўзанлари, соҳил бўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналаридан қум-шағал материаллари қазиб олишни тақиқлаш ва тоғли ёки тоғолди ҳудудларда (қуруқликда) жойлашган муқобил кон участкаларида қазиш ишлари ташкил этилади.
Мораторий даврида дарё ўзанлари, соҳил бўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналаридан қум-шағал материалларини ноқонуний қазиб олиш натижасида табиатга етказилган зарар учун ундириш суммалари 10 бараварга оширилган ҳолда қўлланилади.
Экология вазирлигига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилди, жумладан:
дарё ўзанларидан қум-шағал материалларини қазиб олишни мониторинг қилиш ва бу борада доимий рейдлар ўтказиш, тартибни бузган шахсларга нисбатан чоралар кўриб бориш;
дарё ўзанлари, соҳил бўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналарида норуда материалларни қазиб олиш фаолияти билан шуғулланиб келаётган барча субъектлар томонидан тегишли мажбуриятларнинг бажарилишини қатъий назоратга олиш.
2024 йил 1 апрелгача тоғ ва тоғолди ҳудудларида муқобил норуда фойдали қазилма конлари ва кичик саноат зоналарини ташкил қилиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади.
2024 йил 1 октябргача давлат космик мониторинги доирасида дарё ўзанлари, соҳил бўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналарида норуда материалларни қазиш ҳамда дарё ўзанларини тозалаш ишлари олиб борилаётган участкаларда лойиҳадан четга чиқиш, ноқонуний қазиб олиш ҳолатларини аниқлаш ва тегишли маълумотларни ваколатли органларга тақдим этиш тизими яратилади.
2024 йил 1 июнгача Чирчиқ дарёси ўзанини экологик реабилитация қилиш бўйича комплекс лойиҳа ишлаб чиқилади.