Ҳар бир хўжалик бўйича керакли тавсиялар берилди

 

 Жорий йилнинг 8 ойи мобайнида “Ўзтемирйўлназорат” инспекциясининг марказий аппарати ва филиаллари ходимлари томонидан “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти корхоналарида ҳамда ўзининг шахобча темир йўлига эга бўлган тадбиркорлик субъектларида темир йўл транспорти хавфсизлигини таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди. Бунда асосий эътибор профилактик тадбирларга қаратилди.

  Хусусан, Тошкент филиалида вагон хўжалиги бўйича қилинган ишлар самарали бўлмоқда. Жумладан, Тошкент вагон депоси ва техник хизмат кўрсатиш шахобчаларида жумладан: “Ангрен”, “Оҳангарон”, “Ахча”, “Аблиқ”, “Озодлик”, “Сергели”, “Чуқурсой”, “Ўзбекистон”, “Пахта”, “Чиноз”, “Сирдарё”, “Гулистон”, “Жиззах” ва бошқа станцияларда вагон хўжалиги бўйича 58 та профилактик ишлар амалга оширилди. Ўтказилган 26 та семинар машғулотларида 516 нафар ишчи ходимлар иштирок этишди. Тадбирлар вагонларга самарали техник хизмат кўрсатиш мавзусида ўтказилди. Қолаверса, қўшни давлатларида рўй берган бахтсиз ҳодисаларнинг видеороликлари намойиш этилиб, келгусида бу каби бахтсиз ҳодисаларга йўл қўймаслик мақсадида керакли кўрсатмалар берилди.

 Худди шундай семинарларнинг навбатдагиси 2020 йил 27 август куни “Бекобод” станциясида жойлашган йўловчи вагонларига техник хизмат кўрсатиш шахобчасида ишчи ходимлар фаолиятлари юзасидан  ўтказилди. Машғулотлар йўл қўйилган камчиликлар келиб чиқиши сабаблари ва уларни бартараф этиш чоралари бўйича бўлиб ўтди.

 Шунингдек, йўл хўжалиги бўйича бош инспектор томонидан Тошкент минтақавий темир йўл узели йўл хўжалиги ходимлари билан биргаликда Тошкент, Ховост ва Жиззах темир йўл масофаларида ҳаракат хавфсизлигини бузилишини олдини олиш тадбирлари ўтказилди. Профилактик ишлар давомида  Ўзбекистон Республикаси темир йўллари техникавий фойдаланиш қоидалари бузилиш ҳоллари аниқланди ҳамда нуқсон ва камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш юзасидан керакли тавсиялар берилди.  

 Бундан ташқари кесишма  навбатчилари ва йўл назоратчилари  билан алоҳида мавзуларга тўхтаб ўтилди, темир йўл ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш борасида йўл хўжалигига оид қонун қоидаларга риоя қилиш юзасидан тушунтиришлар берилди.

 “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати