Алишер Нарходжаев: Профилактик тадбирлар ўз самарасини бермоқда

 

“Ўзтемирйўлназорат” инспекциясининг асосий вазифаларидан бўлмиш - темир йўл транспорти соҳасидаги ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга оид белгиланган қоида ва нормаларга риоя этилиши юзасидан давлат назоратини амалга оширади. Жорий йилнинг ўтган даври давомида инспекция ходимлари томонидан амалга оширилган ишлар, ечимини кутаётган масалалар хусусида Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш бўлими бошлиғи Алишер Нарходжаев билан суҳбатлашдик.

- Темир йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминланишини назорат қилиш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида тўхталиб ўтсангиз.

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан хабардор этиш тартибида инспекция марказий аппарати ва филиал ходимлари иштирокида жорий йилнинг ортда қолган ўн ойи давомида 157 та текшириш тадбирларини амалга оширдик. Текширишлар давомида аниқланган камчиликларни бартарф этиш борасида тушунтиришлар берилиб, тақдимномаларда батафсил камчиликлар мазмуни кўрсатиб ўтилди. Айрим камчиликларни жойида бартараф этиш чоралари кўрилди.

- Амалга оширилган ишлар натижасида ўтган йил билан таққослаганда қайси йўналишларда кўрсаткичлар ижобий томонга ўзгарди.

- Темир йўлларда хавфсизлик бузилиш ҳолатлари ўтган йилга нисбатан 37 тадан 31 тага (6тага) камайган. Бу албатта, биз кутган натижа эмас ва шу боис бу борадаги ишларни янада кучайтирамиз. Жойларда инспекторларимиз томонидан мунтазам профилактик тадбирлар ўтказилаётганлиги ўз самарасини бермоқда. Эҳтимолий хавфларни бартараф этиш бўйича семинарлар ташкил этилмоқда. Темир йўлга яқин ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли ва ён атрофдаги ўқув муассасаларида тушунтириш ишлари олиб бориляпти ҳамда оммавий ахборот воситаларида ҳам мунтазам чиқишлар қилиняпти.  

- Маълумки, ҳар қандай соҳадаги муаммоларнинг ечими кадрларнинг билим ва малакасига бевосита боғлиқ. Темир йўл соҳасида фаолият юритаётган ходимлар қандай тартибда ўз малакаларини оширишади?

- “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тизимидаги темирйўлчилар Тошкент темир йўл муҳандислари институти қошидаги темир йўл транспорти кадрлари малакасини ошириш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш йўл марказида билим ва малакаларини мустаҳкамлаб боришади. “Ўзбекситон темир йўллари” акциядорлик жамияти тасарруфига кирмайдиган, ўзининг шахобча темир йўлига эга бўлган тадбиркорлик субъектларининг темир йўл транспорти ходимлари Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Ўзининг темир йўлларига эга бўлган юридик шахсларнинг темир йўл транспорти ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш марказида малака оширишади. Ҳар иккала марказда ходимлар ҳар бир хўжалик бўйича замонавий талаблар асосида билимларини оширишади.

- Текширишларни амалга оширувчи инспекция ходимларининг малакасини ошириш қандай йўлга қўйилган.

- Ҳаракат хавфсизлигини таъминланишини назорат қиладиган инспекторларимиз ҳар томонлама пухта билим ва малакага эга бўлишлари ниҳоятда муҳим. Бу бугунги давр талаби десам хато бўлмайди. Жорий йил хўжаликлар бўйича инспекторларимиз  Россия давлатида 10 кунлик курсларда ўз малакаларини ошириб олишди. Курсларни аниқ режа асосида юқори малакали мутахассислар томонидан замонавий технологиялар асосида ўтказилди. Вагон хўжалиги бўйича гапирадиган бўлсам, соҳадаги янгиликлар ва қардош давлатдаги ислоҳотлар билан ҳам яқиндан танишиб, тажриба алмашиш имконига эга бўлдик. Ташкилий масалалари ҳам замонавий талабларга тўла жавоб беради.  Бир сўз билан айтганда мазкур курслар ҳар бир ходимимиз учун ҳар томонлама фойдали бўлди. Келгусида ҳам ходимларимизнинг малакасини ошириб бориш кун тартибидаги долзарб вазифалардан бўлиб қолади.

Фирдавс Хайриддинов суҳбатлашди