РАСМИЙ МУНОСАБАТ
Шу кунларда Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси томонидан Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари билан ҳамкорликда амалдаги қонунчиликка биноан ташиш қоидалари талабларига риоя қилиш бўйича кенг қамровли қўшма рейд тадбирлари олиб борилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда Наманган ва Тошкент вилоятлари ҳудудида ўтказилаётган рейд тадбирлари юзасидан хорижий давлатлар юк автомобиллари ҳайдовчиларининг эътирозли видеомурожаатлари эълон қилинди. Мазкур видеода келтирилган ва бошқа хорижий давлат автотранспорт воситаларида Ўзбекистон ҳудудидаги пунктлар ўртасида юк ва йўловчилар ташиш каботаж ташувлари сифатида қайд этилиб, маъмурий баённома расмийлаштирилади.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 125² – моддасига мувофиқ хорижий ташувчиларга тегишли бўлган, шу жумладан улар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинча олиб кирилган автотранспорт воситаларида йўловчилар ва юкларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган пунктлар ўртасида ташиш (каботаж), агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, – базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Мазкур қонун ҳужжатлари билан тасдиқланган талаб барча давлатларда мавжуд бўлиб, ўзбекистонлик ҳайдовчилар ҳам хорижий давлатларга тегишли юкларни ташиш жараёнида ушбу давлатларда қонунчилик билан тартибга солинадиган каботаж соҳасига тегишли амалда бўлган талабларга бўйсунади.
Юкларни хорижий ташувчиларга тегишли бўлган автотранспортларда Ўзбекистон ҳудудидан олиб чиқишда юк ортилган жойда барча ҳужжатлар расмийлаштирилгандан сўнг ҳаракатланиш лозим. Юкни бир ҳудудда ортиб, бошқа ҳудудда унга ҳужжат расмийлаштирилишини важ қилиб кўрсатиш жавобгарликдан озод этмайди.
Шу ўринда хорижий давлат ташувчилари ҳам автотранспортларига юкни ортилган жойда барча ҳужжатларни расмийлаштириб берилишини талаб қилиб олишлари зарурлигини эслатиб ўтамиз. Бу ўз навбатида уларни жавобгарликдан ва ортиқча оворагарчиликдан халос этади.
Барча миллий ҳамда хорижий давлатлар ҳайдовчиларидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва қонуности ҳужжатларига қатъий риоя қилишни сўраймиз.
Транспорт назорати инспекцияси
Ахборот хизмати