Профилактик тадбирлар кучайтирилмоқда

Темир йўл кесишмаси автотранспорт воситалари ва пиёдалар ўтиши учун хавфсиз ва қулай бўлиши, доимо  ишчи ҳолатда сақланиши лозим.  Бу борадаги ишлар “Ўздавтемирйўлназорат” инспекциясининг қолган филиаллари қатори  Қашқадарё филиали томонидан ҳам мунтазам назорат қилиб борилмокда. Поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида шаҳар ва туманларда, автомобиль транспорти серқатнов жойларидаги темир ва автомобиль йўллари кесишмаларида автоматлаштирилган шлагбаумлар, тақиқловчи ва огоҳлантирувчи белгилар ўрнатилган. Ушбу кесишма постларида навбатчилар кечаю-кундуз хавфсизликни таъминлаш мақсадида сергак хизмат қилишади. Қашқадарё вилоятининг Қарши-Китоб, Қарши-Талимаржон йўналишидаги темир йўл ва автомобиль йўлларидаги қўриқланувчи кесишмаларнинг 50 фоизига замонавий видеокузатув ускуналари ўрнатилган. Ушбу видеокузатув тизимида тасвирга туширилган автотранспорт ҳайдовчилари томонидан содир этилаётган қоидабузарликлар белгиланган тартибда рўйхатга олиниб, вилоят ИИБ ЙҲХ бошқармаси ходимлари томонидан тегишли равишда маъмурий жавобгарликка тортиляпти.

Қашқадарё темир йўл таъмирлаш корхонаси 220,6 километр асосий йўлларда, 10 станция ва 3 разъездда иш фаолиятини олиб бормоқда. 10 та қўриқланмайдиган ва 12 та қўриқланадиган жами 22 та темир йўл кесишмасига хизмат кўрсатилади. Корхона йўл усталари ва муҳандис ходимлари томонидан темир йўл кесишмаларида рўй бериши мумкин бўлган тўқнашувларнинг олдини олиш мақсадида вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳодимлари билан биргаликда автохўжаликларда ва маҳаллаларда, шунингдек, мактаб ўқувчилари ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, темир йўл атрофида яшовчи аҳоли томонидан Қарши-Бухоро ва Қарши-Самарқанд йўналишларида чорва моллари қаровсиз ҳолда қолдирилиши, ёш болалар томонидан поездлар ғилдираги остига тош ташланиши, вагонларга улоқтирилиши ҳолларига йўл қўймаслик мақсадида маҳаллаларда аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот тадбирлари ташкил этиляпти. Шунга қарамай, темир йўл атрофига чиқиндиларни ташлаб кетиш, темир йўл излари устига тош қўйиш каби нохуш ҳолатлар ҳамон учраб тyрибди. Темир йўл соҳаси ривожига катта эътибор берилаётган бир вақтда бундай салбий ҳолатлар кишининг таъбини бузмасдан қолмайди. Бинобарин, темир йўл ҳудуди атрофида содир этиладиган ҳар қандай қоидабузарлик кун келиб аянчли ҳодисага сабаб бўлиши хам мумкинлигини эсдан чиқармаслик керак.

 

Олим Қурбонназаров

“Ўздавтемирйўлназорат” инспекцияси

Қашқадарё филиали бошлиғи