Темир йўл кесишмаларидаги  хавфсизликка барчамиз масъулмиз.

Темир йўл кесишмаларидаги  хавфсизликка барчамиз масъулмиз.

Темир йўллар мамлакатимиз иқтисодиёти ривожи учун муҳим. Шунингдек, халқаро иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашда темир йўлларнинг аҳамияти беқиёс. Улар орқали ҳар йили миллионлаб тонна юк ўз манзилига етказилади. Қолаверса, янги темир йўл магистралларининг ишга туширилиши минтақалар иқтисодий салоҳиятини янада ривожлантириш, минерал ресурслар, нефть ва газ, рангли металлар, қурилиш материаллари ва қимматбаҳо фойдали қазилмаларни комплекс ўзлаштириш учун катта имкониятлар очмоқда. Ҳозирги вақтда мамлакатимиз бўйича юкларнинг 70 фоиздан зиёди, йўловчиларнинг 75 фоиздан ортиғи темир йўл транспорти орқали ташилмоқда. Шундай экан, темир йўл транспорти тизими ҳаётимизда қай даражада муҳим ўрин тутишини англаб етмоғимиз лозим. Йўл-транспорт коммуникациялари глобал тармоқлар орқали интеграциялашаётган, барча турдаги транспорт воситаларининг тезлиги ортиб бораётган даврда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш долзарблик касб этади. Бу темир йўл транспорти фаолиятини самарали ташкил этиш учун ҳам энг муҳим омил ҳисобланади. Биргина Қашқадарё вилояти миқёсида олиб қарайдиган бўлсак, бу борада зарур чоралар кўрилаётганига қарамай айрим фуқароларнинг ҳуқуқбузарлиги туфайли ҳаракат хавфсизлигига путур етяпти. Ўтказилган кузатувлар натижасида темир йўлдан фойдаланиш чоғида эҳтиётсизликка йўл қўйиш, қолаверса, автомобиль ҳайдовчилари томонидан темир йўл кесишмасидан ўтиш қоидаларига риоя қилмаслик ҳолатлари аниқланди.

Айтиш жоизки, ҳозирги кунда вилоятда тоифаси юқори бўлган қўриқланувчи темир йўл кесишмаларидаги шлагбаумлар бошқаруви ав- томатлаштирилган. Мазкур ҳолатдан яхши хабардор бўлмаган айрим  ҳайдовчилар навбатчиларга ноўрин эътироз билдиришмоқда.  Яъни ҳайдовчи ёпиқ ҳолатдаги темир йўл кесишмаси олдида турар экан, кесишма навбатчисидан поезд ҳали узоқдалигини айтиб, шлагбаумни очишни талаб қилаяпти, у билан зиддиятга бормоқда. Ваҳоланки, уларнинг бу эътирози  ўринсиз, бу ҳолат навбатчига боғлиқ эмас. Яъни поезд ўз манзили томон ҳаракатни бошлашдан олдин бекат навбатчиси темир йўлни очиқ ҳолатга келтиради, бунда компьютер орқали огоҳлантирувчи ишоралар берилади. Темир йўл кесишмасида шу ишоралар берилганидан бошлаб 15 сония ўтгач, автошлагбаум ав­томатик тарзда ёпиқ ҳолатга келади.

Шу билан бирга, қўриқланмайдиган темир йўл кесишмаларидан ўтишда ҳам алоҳида эҳтиёткорлик зарур. Кесишмада  огоҳлантирувчи қўнғироқ ва светофорнинг милтировчи қизил чироғи поезд яқинлашаётганлигини англатади.

Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддалари асосида темир йўлларда фуқароларнинг бепарволик оқибатида содир этган қилмишлари ва темир йўл транспорт тизимининг бенуқсон ҳаракатланишига келтирган зиёнлари учун жа­рималар белгиланган. Яъни темир йўлни белгиланмаган жойлардан кесиб ўтиш, чорва молларини ҳайдаб ўтказиш, чорва молларини темир йўл атрофида боқиш каби ҳатти-ҳаракатлар, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг кесишмадан ўтиш қоидаларини бузиши жавобгарликка сабаб бўлади. Ўзбекистон Республикасининг “Темир йўл транспорти тўғрисидаги”ги Қонунида эса темир йўл бекатлари, вокзаллар ва темир йўлнинг ташиш жараёни билан боғлиқ бошқа бўлинмалари ҳудудлари, поездлар ҳаракати амалга оши- риладиган темир йўл тармоқлари ўта хавфли зоналар ҳисобланади, деб кўрсатилган.

Мухтасар қилиб айтганда, темир йўлларда поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш барчамизнинг бурчимиздир. Бу борада маҳаллаларда, таълим муассасаларида темир йўлдан ўтиш, поездлар ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳолатларни олдини олиш, ёнғин хавфсизиги қоидаларига амал қилиш юзасидан тарғибот ишларини кучайтириш лозим.

О.Қурбонназаров

“Ўздавтемирйўлназорат” ДИ

Қашқадарё филиали бошлиғи