Замонавий электропоездлар – тезлик ва сифат уйғунлиги!
2018 йил 7 сентябрь санасидан бошлаб Қарши-Китоб темир йўл участкасида юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездларининг Шаҳрисабз шаҳригача мунтазам қатнови йўлга қўйилди. Замонавий "Афросиёб" тезюрар электропоезди ана шу икки шаҳар орасидаги 124 километр масофани одатдагидан икки баробар тезроқ босиб ўтиш имконини бермоқда. Йўналишда 47 та кўприк, 14 та темир йўл кесишмаси, 104 бошқа сунъий иншоотлар ва 8 та станция мавжуд бўлиб, шулардан Ғузор, Қамаши, Яккабоғ ва Китоб станцияларида йўловчиларга хизмат кўрсатиш шароитлари юқори даражада ташкил этилган.
Ушбу линияларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида “Ўздавтемирйўлназорат” инспекцияси инспекторлари томонидан мунтазам профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда. "Китоб" ва "Ғузор" станцияларида поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида темир йўл атрофини панжаралар билан ўралиб, сигналлаштириш ва телекоммуникация тизимлари модернизация қилинмоқда. Шу билан бирга автомобиль транспорти серқатнов қисмидаги темир йўл ва автомобиль йўллари кесишмаларида автоматлаштирилган шлагбаумлар, тақиқловчи ва огоҳлантирувчи белгилар ўрнатилган. Ушбу кесишма постларида назоратчи навбатчилар кечаю-кундуз хавфсизликни таъминлаш мақсадида сергак хизмат қилишади. Автотранспорт ҳайдовчилари томонидан содир этилаётган ҳар бир қоидабузарлик белгиланган тартибда рўйхатга олиниб, вилоят ИИБ ЙҲХ бошқармаси билан ҳамкорликда маъмурий жавобгарликка тортиляпти.
Юқори тезликда ҳаракатланувчи Қарши-Китоб йўналишидаги темир йўл атрофида яшовчи аҳоли томонидан чорва моллари қаровсиз ҳолда қолдирилиши, ёш болалар томонидан панжара тўсиқлари устидан ошиб ўтишлар, поездлар ғилдираги остига тош ташланиши, вагонларга тош улоқтирилиши ҳолларига йўл қўймаслик мақсадида жорий йилнинг октябр ойида ҳудуддаги 50 та маҳаллада жами 550 нафардан зиёд аҳолига, шунингдек, 21 та мактаб ва коллежларнинг 1400 нафар ўқувчилари ўртасида Транспортдаги ички ишлари бошқармаси ҳамда Қарши ҳарбийлаштирилган қўриқлаш отряди ҳодимлари билан биргаликда тyшунтириш ва тарғибот ишлари ўтказилди.
Албатта, буларнинг барчаси, энг аввало, хавфсизликни таъминлаш ва қоидаларга амал қилиш мақсадида амалга ошрилмоқда. Аммо ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, кўнгилсиз ҳолатларни четлаб ўтиш ҳар биримиздан алоҳида сергакликни талаб этади. Зеро, одатда арзимагандек туюлган кичик эътиборсизлик натижаси фожеали якунланиши мумкинлигини унутмаслигимиз лозим.
Олим Қурбоназаров
“Ўздавтемирйўлназорат” Қашқадарё филилали бошлиғи