Сиз тадбиркор учун нима қилдингиз?

“Ўзтемирйўлназорат” инспекциясида 2019 йилнинг 25 ноябридан 25 декабрига қадар “Сиз тадбиркор учун нима қилдингиз” акцияси юқори даражада ташкил этилди. Андижон шаҳрида бошланган тадбирлар Қарши, Самарқанд, Нукусда давом этиб пойтахтда ўзининг мантиқий ниҳоясига етди.  “Тошкент темир узели” унитар корхонасидаги  тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан сайёр учрашувда инспекциянинг марказий аппарати, Тошкент филиали ва “Тошкент” МТУ ходимлари иштирок этишди.  

Йиғилганларга темир йўл ва транспорт соҳасидаги қонун ҳужжатлари мазмун моҳияти ва улардаги сўнгги янгиликлар борасида батафсил маълумот берилди. Жумладан,  Транспорт вазирлиги ташкил этилганлиги муносабати билан соҳадаги ва норматив ҳуқуқий ҳужжатлардаги ўзгаришлар тўғрисида ва уларни амалиётда қўллаш бўйича тўхталиб ўтилди. Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятларига ноқонуний аралашувлар ва текширишларга йўл қўйилмаслиги алоҳида таъкидланди.  

“Сиз тадбиркор учун нима қилдингиз?” акциясида бошқа давлат ташкилотлари қатори “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси ҳам фаол иштирок этди, - дейди инспекциянинг темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш бўлими бошлиғи А.Нарходжаев. Ҳудудий филиаллардаги ва бугунги сайёр учрашувлар шахобча темир йўлига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари вакиллари учун жуда фойдали бўлди. Энг аввалдо улар ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаб олишди. Шунингдек, фаолиятларини янада ривожлантириш йўлида соҳага доир кўплаб саволларига жавоб олишди.

Инспекциянинг асосий вазифаларидан бўлмиш темир йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда нималарга эътибор қаратиш лозимлиги яна бир бор эслатиб ўтилди. Ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда жамоатчилик назорати ниҳоятда муҳим эканлиги ва бу борада ҳар бир фуқародан масъулиятни ошириш талаб этилиши таъкидланди. Темир йўл кесишмаларидаги кичик эътиборсизликлар натижасида содир бўлаётган кўнгилсиз ҳолатлар сабаб ва оқибатларига эътибор қаратилди. Тадбир давомида тадбиркорлик субъектлари вакиллари мутасаддиларга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди ҳамда батафсил жавоб олишди.

 

 Фирдавс Хайриддинов –
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
бошлиғининг матбуот котиби –
ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси