Жамоатчилик кенгаши - давлат органи ва фуқаролар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлайди!
Жамоатчилик кенгаши - давлат органи ва фуқаролар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлайди
2018 - йил 18 - июл куни “Ўздавтемирйўлназорат” инспекциясида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 38-37-сонли Қарори ижросини таъминлаш мақсадида жамоатчилик кенгаши ташкил этилди. Янги тузилган Кенгашга раис, котиб ва аъзолари овоз бериш йўли билан сайланди.
Мамлакатимизда мустақил фуқаролик институтларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, уларнинг эркин фаолияти кафолатларини таъминлаш, давлат органларининг фуқаролар билан яқин ҳамкорлигини йўлга қўйиш, уларнинг очиқ, шаффоф ва ошкора фаолият кўрсатишини таъминлаш, давлат органлари фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш юзасидан комплекс ва изчил ишлар амалга оширилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари фаолияти ташкил этилди, давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди.
Шу билан бирга мазкур йўналишда ўз ечимини кутаётган муаммолар мавжудлиги ва уни ижобий ҳал этишда янгича ёндашув, жумладан аҳоли билан очиқ ва манзилли мулоқот олиб боришнинг янги самарали воситалари ва механизмларини жорий этишни талаб қилмоқда. Бу борада Президентимизнинг “Давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори муаммоларни бартараф этишда муҳим ҳуқуқий асос бўлди. Шу муносабат билан “Ўздавтемирйўлназорат” инспекциясида намунали хизмат кўрсатган меҳнат фахрийлари, жамоатчилик фаолияти соҳаларида катта амалий тажрибага эга обрў-эътиборли фуқаролардан иборат доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаши тузилди.
Кенгашнинг асосий вазифалари қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, қарорларда, жамоатчилик манфаатлари ва жамоатчилик фикри ҳисобга олиниши, фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, ижтимоий шериклик доирасида амалга ошириладиган битимлар, шартномалар, лойиҳалар ва дастурларни рўёбга чиқариш бўйича инспекция ва унинг мансабдор шахсларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдир. Шунингдек, инспекция фаолиятида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурлари ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиб, коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилган ишлар устидан мониторинг ва таҳлил ўтказиб, уларнинг натижалари бўйича таклифлар тайёрлайди.
Фирдавс Хайриддинов
“Ўздавтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати бошлиғи