Ҳаётингизни хавф остига қўйманг!

Ҳаётингизни хавф остига қўйманг!

                    Одамларнинг турмуш шароитларининг яхшиланиб бориши натижасида автомобиллар сони ҳам тез суръатларда ортиб бормоқда. Ана шундай тезкор ривожланиш шароитида поездлар билан автомобил йўллари кесишган жойларда транспорт ҳайдовчиларидан ўз ҳушёрликларини янада оширишлари талаб этилади. Лекин амалда шундай бўляптими? Қоидабузар ҳайдовчилар йўл кесишмаларидаги яқинлашиб келаётган поезд ҳақидаги огоҳлантириш белгиларини кўриб турса ҳам йўлни кесиб ўтиб кетмоқчи бўлишади. Оқибатда нохуш ҳодиса — автомобиллар билан поездларнинг тўқнашуви юз беради. Уларнинг аксарияти мудҳиш оқибатларга олиб келмоқда. Бу тўқнашувлар оқибатида инсонлар ҳаётдан эрта кўз юмади, қоидабузар ҳайдовчилар ўзларинигина эмас, ўзгаларнинг ҳаётига ҳам зомин бўлади, кўплар оғир тан жароҳати олиб бир умрга ногирон бўлиб қолади.

                   Кесиб ўтиш жойлари — хавфи баланд қурилма бўлиб, ташиш жараёнининг қатнашчиларидан айниқса сергаклик ва темир йўлларни кесиб ўтиш жойларидан фойдаланиш бўйича йўриқнома ҳамда йўл ҳаракати қоидалари талаблари қатъий бажарилишини талаб этади.
«Ўздавтемирйўлназорат» инспекцияси Оролбўйи филиали ва Қўнғирот минтақавий темир йўл узели томонидан бундай хунук ҳодисаларнинг олдини олиш борасида қатор тадбирлар ва тарғибот ишлари амалга оширилмоқда. Аммо шунга қарамасдан темир йўл кесишмаларида машина ҳайдовчилари томонидан йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиш ҳоллари учраб турибди.
2018 - йилда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятига қарашли темир йўл кесишмаларида 3 марта поездлар билан автомашиналарнинг тўқнашувлари юз берди.

                         Мазкур ҳолатлар таҳлил қилинганда, тўқнашувларга асосан машина ҳайдовчилари томонидан йўл ҳаракати қоидалари талабларини қўпол равишда бузиб, йўл кесишмаларида поезд яқинлашаётгани ҳақидаги светофорнинг автоматик тарзда огоҳлантирувчи ва ҳаракатни тақиқловчи қизил чироққа амал қилмай тез келаётган поезд олдидан шошиб ўтиб кетмоқчи бўлишлари сабаб бўлмоқда.

                  Йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти Қўнғирот минтақавий темир йўл узели ходимлари ва мутасаддилари ҳамкорликда мунтазам равишда саноат корхоналарида, хусусий автомобил транспорти бор аҳоли ўртасида, мактаб ва маҳаллаларда суҳбатлар ўтказиб, тушунтириш ишларини янада жонлантиришлари лозим.
«Йўл қоидаси —умр фойдаси» деган пурмаъно нақл ҳар бир кишининг, айниқса автомашина ҳайдовчиларининг ёдидан чиқмаслиги керак.

 

Ф.Хайриддинов

Ахборот хизмати бошлиғи,

Д.Сeйдагалиев

Инспекция Оролбўйи филиали нозири