Ҳайдовчи кесишмада эҳтиёт бўл!
2017 йил 10 ойи давомида Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли темир йўл кесишмаларида 2 та поездлар билан автомашиналарнинг тўқнашувлари юз берган бўлса, жорий йил ушбу ҳодисаларнинг сони 2 тага кўпайган.
Жумладан, 2018 йил 15 феврал куни Тўрткўл – Эликқалъа темир йўл бекатлари оралиғининг 551 км пк 7 да жойлашган қўриқланмайдиган темир йўл кесишмасида “Нексия” русумли автомашина 319-сонли Хўжанд – Москва йўловчи поезди билан тўқнашуви содир бўлган. Натижада автомашина ҳайдовчиси тан жароҳати олган, тепловоз ҳимояловчи қурилмасига шикаст етказилган, поезд манзилига белгиланган жадвалдан 40 дақиқа кечикиб етиб борган. Бундай мисолларни кўплаб келтириб ўтиш мумкин.
Бироқ, юқорида ўхшаш ҳодисаларни таҳлил қилганимизда, тўқнашувларга асосан автотранспорт ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини қўпол тарзда бузиб, йўл четидаги ҳаракатни тақиқловчи кўрсатгичларга риоя қилмай, темир йўл кесишмаларидан ўзбошимчалик билан тўхтамасдан ўтиб кетмоқчи бўлганликлари сабаб бўлмоқда. Бундан кўриниб турибдики, поездлар билан автомашиналарнинг тўқнашуви одатда аянчли оқибатларга олиб келади.
Йўл транспорт ҳодисaларининг олдини олиш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мутассади идоралар билан ҳамкорликда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти Қўнғирот минтақавий темир йўл узели ходимлари мунтазам равишда автохўжаликларда, саноат корхоналарида, мактаб ва маҳаллаларда аҳоли билан суҳбатлар ўтказиши ва тушунтириш ишларини кучайтириши лозим.
“Йўл қоидаси – умр фойдаси” эканлиги ҳар бир кишининг, айниқса автомашина ҳайдовчиларининг ёдидан чиқмаслиги лозим.
Б.Садукасов
“Ўздавтемирйўлназорат” инспекцияси
Орол бўйи филилали инспектори