Темир йўл кесишмаларида ҳаракат хавфсизлиги
Поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида республикамизнинг аксарият шаҳар ва туманларида, автомобиль транспорти серқатнов жойларидаги темир ва автомобиль йўллари кесишмаларида автоматлаштирилган шлагбаумлар, тақиқдовчи ва огоҳлантирувчи белгилар ўрнатилган. Ушбу кесишма постларида назоратчи навбатчилар кечаю-кундуз хавфсизликни таъминлаш мақсадида сергак хизмат қилишади. Биргина Қашқадарё вилоятининг Қарши-Китоб, Қарши- Талимаржон йўналишидаги темир йўл ва автомобиль йўлларидаги қўриқланувчи кесишмаларнинг 50 фоизига замонавий видеокузатув ускуналари ўрнатилган. Ушбу видеокузатув тизимида тасвирга туширилган автотранспорт ҳайдовчилари томонидан содир этилаётган коидабузарликлар белгиланган тартибда рўйхатга олиниб, вилоят ИИБ ЙХХ бошқармаси ҳамкорлигида тегишли равишда маъмурий жавобгарликка тортиляпти.
Кесишмаларда йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида тегишли мутасадди ҳодимлар билан биргаликда профилактик тушунтириш ишлари ҳам мунтазам ташкил этилади. Албатта, хавфсизлик темирйўл транспорти фаолияти учун энг муҳим омил ҳисобланади. Шу боис бу борадаги ишларга алоҳида аҳамият қаратилиб келинади. Хусусан, вилоятда тоифаси юқори бўлган қўриқланувчи темир йўл кесишмаларида шлагбаумлар автоматлаштирилди ва қўшимча равишда УЗП қурилмалари ўрнатилиб, ишга туширилди. Эндиликда автошлагбаумлар ёпиқ ҳолатга келгач кесишма темир тўсиқлар билан ҳимояланади. Унутмаслик керакки, бу иш аввало йўловчи ва ҳайдовчилар хавфсизлигини ўйлаб амалга ошрилди.
Шу билан бирга, қўриқланмайдиган темир йўл кесишмаларидан ўтишда ҳам алоҳида эҳтиёткорлик лозим. Кесишмада огоҳлантирувчи қўнғироқ ва светафорларнинг милтилловчи қизил чироғи поезд яқинлашаётганлигини англатади. Бу пайтда ҳайдовчи, албатта, машинани тўхташи шарт. Шошма-шошарлик оқибати эса аянчли якунланиши барчага аён.
Кузатувлар шуни кўрсатмоқдаки, темир йўл яқинида чорвачилик билан шуғулланиш, баьзан темир йўл муҳофазаси зоналари ичида чорва молларининг қаровсиз қолдирилиши, вояга етмаган болалар томонидан темир излар устига турли ҳил буюмлар қўйилиши, фуқароларнинг темир йўл ичидан ҳаракатланиши, станциялар яқинида истиқомат қилувчи аҳоли темир йўлни вагонлар остидан кесиб ўтиши каби салбий ҳолатлар учраб турибди. Ўзбекистон Республикасининг “Темир йўл транспорти тўғрисида”ги Қонунида темир йўл бекатлари, вокзаллар ва темирйўлни ташиш жараёни билан боғлиқ бошқа бўлинмалар ҳудудлари, поездлар ҳаракати амалга ошириладиган темир йўл тармоқлари ўта хавфли зоналар ҳисобланади, деб кўрсатилган. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддалари асосида темир йўлларда фуқароларнинг бепарволик оқибатида содир этган қилмишлари ва темир йўл транспорт тизимининг бенуқсон ҳаракатланишига келтирган зиёнлари учун жарималар белгиланган. Қоидабузарларга жарималар тортилишлари билан бирга ўз ҳаётларини катта хавф остига қўяётганликларини, бу эса фожиавий якунланиши мумкинлигини унутмасликлари лозим. Акс ҳолда “Сўнгги пушаймон ўзинга душман” нақли бўй кўрсатиши тайин!
Ахборот хизмати бошлиғи
Ф.Хайриддинов
Қашқадарё филиали бошлиғи
О.Курбаназаров