Андижонда тадбиркорлар билан сайёр учрашув ўтказилди
Мамлакатимизда жорий йил 25 ноябрдан – 25 декабргача “Сиз тадбиркор учун нима қилдингиз” акцияси эълон қилинган бўлиб, унга кўра вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига бир қатор вазифалар белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси ҳам мазкур акцияда ҳар томонлама фаол иштирок этиб, жойларда ташкил этиладиган сайёр учрашувларда тадбиркорлардан келиб тушадиган таклиф ва мурожаатларни ўз ваколати доирасида ижобий ҳал қилишга киришган. Бу борадаги тадбирларнинг дастлабкиси Андижон шахридан ўтказилди. Андижон темир йўл вокзалида ўтказилган сайёр учрашувда инспекция марказий аппарати ва филиал ходимлари, шахобча темир йўлига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси масъул ходимлари томонидан Республикамизнинг турли вилоятларида шахобча темир йўлига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари ва темир йўл транспорти вакиллари учун мунтазам семинарлар ташкил этиб келиняпти. Андижон темир йўл вокзалидаги тадбирда дастлаб, темир йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, турли қоидбузарликларни олдини олиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар, галдаги вазифалар ҳақида маълум қилинди. Ўтган ва жорий йилнинг ортда қолган 11 ойидаги кўрсаткичлар, ютуқ ва камчиликлар таҳлил қилинди. Ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда нималарга риоя этиш лозимлиги бўйича тушунтиришлар берилди.
Тадбирда темир йўл ҳамда тарнспорт соҳасидаги норматив ҳуқуқий ҳужжатлар ва улардаги сўнгги қўшимча ва ўзгаришлар тўғрисида батафсил ахборот берилди.
Шунингдек, 2019 йил 27 май куни Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ5729-сонли Фармони ва унга мувофиқ 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури мазмун - моҳияти, умуман коррупцияга қарши курашиш йўлида олиб борилаётган ишлар ва мазкур иллатни бартараф этишда нималарага эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Тадбир иштирокчиларидан инспекция ходимларига берилган аксарият саволларга батафсил жавоб берилди. Инспекция ваколатига кирмайдиган мурожаатлар бўйича ҳам тушунтиришлар берилди.
“Сиз тадбиркор учун нима қилдингиз” акцияси доирасидаги сайёр учрашувлар Республикамиз бўйлаб давом этади.
Фирдавс Хайриддинов –
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси бошлиғининг
матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари
бўйича маслаҳатчиси