Ёшлар билан ишлаш дастури

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан ёш мутахассисларни танлаш ва ишга тақсимлаш
ДАСТУРИ

1-боб. Умумий қоидалар

  1. Мазкур Дастур Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида” ва “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунларига мувофиқ, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Транспорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019-йил 1-февралдаги ПФ-5647-сон Фармони, “Транспорт соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020-йил 4-майдаги ПҚ-4703-сон қарори ҳамда “Кадрларни давлат грантлари асосида мақсадли тайёрлаш тартиби тўғрисида низом” (рўйхат рақами 1506, 2005-йил 6-август) асосида ишлаб чиқилган бўлиб, Тошкент давлат транспорт университетининг (кейинги ўринларда – Университет) битирувчи курсида ўқиётган қобилиятли ёш мутахассисларни транспорт ва йўл хўжалиги соҳасидаги ташкилотлар томонидан саралаб олиш ва ишга тақсимлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни назарда тутади.
  2. Ушбу Дастурда белгиланган чора-тадбирлар асосида амалиёт (стажировка) ўташ, саралаб олиш ва ишга тақсимлаш Университет кундузги шаклининг бакалавриат ва магистратура босқичи битирув курс талабаларига нисбатан татбиқ этилади.
  3. Транспорт ва йўл хўжалиги соҳасидаги ташкилотлар - Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳудудий бўлинмалари ва идоравий мансуб ташкилотлари, Автомобил йўллари қўмитаси, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, “Uzbekistan Airways” AЖ, “Uzbekistan Airports” АЖ, “Йўлқурилиш” АЖ, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ ва уларнинг тизимидаги барча ташкилотлар ҳамда мулкчилик шаклидан қатъий назар транспорт ва йўл хўжалиги соҳасидаги барча ташкилотлар (кейинги ўринларда - иш берувчилар) тушунилади.

2-боб. Битирув курс талабаларининг битирув олди амалиёт (стажировка) ўташ тартиби

  1. Университет битирув курс талабалари битирув йили бошида белгиланган тартибга кўра транспорт ва йўл хўжалиги соҳасидаги ташкилотларга битирув олди амалиёти (стажировка) (кейинги ўринларда - амалиёт) ўташ учун йўналтирилади.

Бунда талабанинг яшаш манзили ва хоҳиши инобатга олиниб, университет тегишли буйруғи билан расмийлаштирилади.

  1. Амалиёт ўташ қуйидаги тартибда амалга оширилади:

университет томонидан талаба тегишли ташкилотга йўналтирилади;

ташкилотда талабанинг амалиёт жараёнини мувофиқлаштириш, амалий кўникма ва малакаларни ўргатиш учун тажрибали ходимлардан амалиёт раҳбари тайинланади;

талаба амалиёт давомида ўзлаштириши лозим бўлган билим ва кўникмалар акс эттириладиган амалиёт кундалигини юритади;

талаба ташкилотнинг ички меҳнат тартиби, меҳнат муҳофазаси, техника хавфсизлиги ва ишлаб чиқариш санитарияси қоидаларига амал қилиб, амалиёт раҳбари иш фаолияти билан ҳамоҳанг тарзда амалиёт ўтайди;

талаба томонидан амалиёт якунида ҳисобот тайёрланади ва амалиёт натижалари асосида амалиёт раҳбари томонидан баҳоланади.

  1. Амалиёт даврида талаба берилган топшириқлар ижроси ва натижаси юзасидан ташкилот ходимлари каби масъулият ва жавобгарлик олади.
  2. Амалиёт даврида ўзининг интилувчанлиги, тиришқоқлиги, жамоада чиқишимли ва берилган вазифаларни бажаришдаги малакасини инобатга олиб, талабаларни ташкилот томонидан моддий рағбатлантирилиши мумкин.

3-боб. Ёш мутахассисларни танлаш ва ишга тақсимлаш тартиби

  1. Университет битирувчиларини саралаб олиш ва ишга тақсимлаш жараёни қуйидаги тартибда амалга оширилади:

I босқич. Транспорт ва йўл хўжалиги соҳасидаги ташкилотлар раҳбарлари ҳамда Университет битирувчилари ўртасида учрашувлар ташкил этиш;

II босқич. Университет томонидан битирувчининг илмий салоҳияти, билими ва маънавий фазилатларини акс эттирувчи портфолио тайёрлаш;

III босқич. Битирувчиларни саралаш, ишга тақсимлаш ва йўлланма бериш.

  1. Мазкур дастур доирасида ишга тақсимлаш жараёнлари натижаси бўйича таҳлилий статистик маълумот тайёрлаш ва келгусида Университет битирувчиларининг транспорт ва йўл хўжалиги соҳасидаги ташкилотларда қўним топишлари учун зарурий чораларни кўриб бориш.

1-§. Иш берувчилар ва битирувчилар ўртасида учрашувлар ташкил этиш (I босқич)

  1. Битирувчиларнинг транспорт ва йўл хўжалиги соҳасидаги ташкилотлар фаолияти ҳақида тасаввурини янада бойитиш, уларни соҳада олиб борилаётган
    ижтимоий-иқтисодий, техник-технологик ислоҳотлар билан таништириш ҳамда битирувчи ёшларни ишга жалб қилиш мақсадида иш берувчилар ва Университет талабалари ўртасида учрашувлар ташкил этилади.
  2. Иш берувчилар ва талабалар ўртасида учрашувлар Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири томонидан тасдиқланган режа-графикка мувофиқ ҳар йили март-апрел ойларида ташкил этилади.
  3. Режа-график талабалар таҳсил олаётган таълим йўналишлари
    ва унга мос соҳавий ташкилотлар иш хусусиятларидан келиб чиқиб тузилади.
  4. Учрашув ташкилот раҳбарлари, кадрлар хизмати масъуллари ҳамда Университет раҳбарияти ва талабалари иштирокида ташкил этилади.
  5. Учрашув очиқ мулоқот, ташкилот тўғрисидаги маълумотлар ёритиш бериш ва савол-жавоб тарзида олиб борилади.
  6. Учрашув ўқиш ва жамоат ишларида фаол иштирок этаётган битирувчи талабаларни рағбатлантириш тарзида якунланади.

2-§. Битирувчилар портфолиосини тайёрлаш (II босқич)

  1. Транспорт ва йўл хўжалиги соҳасидаги ташкилотларни юқори малакали ёш мутахассислар билан таъминлаш, илмий салоҳияти, билими ва маънавий фазилати етук битирувчиларни ўз интилган соҳасида қўллаб-қувватлаш мақсадида битирувчилар портфолиоси тайёрланади.
  2. Ҳар бир битирувчининг портфолиоси Университет томонидан мазкур Дастур
    1-иловасига мувофиқ намунавий шаклда тайёрланади.
  3. Битирувчи портфолиоси уни ишга тақсимлаш босқичида иш берувчилар учун тавсиявий хусусиятга эга бўлиб, саралаш жараёнларини енгиллаштириш учун хизмат қилади.

3-§. Битирувчиларни саралаш, ишга тақсимлаш ва йўлланма бериш
(III
босқич)

  1. Битирувчиларни саралаш, ишга тақсимлаш ва йўлланма бериш ошкоралик, холислик ва бетарафлик тамойиллари асосида амалга оширилади.
  2. Битирувчи портфолиоси асосида энг салоҳиятли ва билимли битирувчилар таълим йўналишлари (мутахассисликлар) кесимида саралаб олинади.
  3. Битирувчиларини ишга тақсимлаш Транспорт вазири томонидан тасдиқланган “Ишга тақсимлаш комиссияси” томонидан олиб борилади.
  4. Ишга тақсимлаш битирувчи портфолиоси, оилавий шароити доимий яшаш жойи ва таклиф этилаётган иш жойларида ишлаш истагини ҳисобга олган ҳолда ташкилотлар эҳтиёжларидан келиб чиқиб амалга оширилади.
  5. Ишга тақсимот бўйича учрашувлар Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири томонидан тасдиқланган режа-графикка мувофиқ ҳар йили апрел-май ойида Университетда ташкил этилади.
  6. Барча таълим йўналишлари бўйича давлат грантлари асосида таҳсил олган Университет битирувчилари мажбурий тартибда камида уч йил ишлаб бериш шарти билан транспорт ва йўл хўжалиги соҳасидаги ташкилотларга ишга тақсимланади.
  7. Ишга тақсимлаш натижасига кўра, иш берувчилар томонидан танлаб олинган битирувчиларга мазкур Дастур 2-иловасига мувофиқ комиссия томонидан намунавий ишга жойлашиш йўлланмаси тақдим этилади.

Бунда, битирувчига тақдим этилган йўлланма унга йўлланмада кўрсатилган ташкилотга бир марталик ишга жойлашиш ҳуқуқини беради ва бир йилгача бўлган муддатда ўз кучини сақлаб қолади.

  1. Йўлланма берилган ташкилотда ишга қабул қилиш танлов асосида амалга оширилса, ушбу ташкилотга битирувчилар йўлланма асосида танловсиз қабул қилинади (давлат фуқаролик хизмати назарда тутилган ташкилотлар бундан мустасно).

4-боб. Давлат хизматига ишга қабул қилиш

  1. Транспорт вазирлиги марказий аппарати, ҳудудий бўлинмалари
    ва тасарруфидаги давлат бошқарув органларидаги давлат фуқаролик хизмати назарда тутилган лавозимларга ишга қабул қилиш Транспорт вазири томонидан тасдиқланган тартиб асосида амалга оширилиб, Университет битирувчилари учун ҳам ушбу тартиб талаблари татбиқ этилади.

Бунда, вазирлик ҳудудий бўлинмаларида давлат фуқаролик хизматининг 6- ва 5-даражали хизматчи мутахассис лавозимларига номзоднинг энг паст даражасига қўйиладиган малака талабларида битирувчилар учун бир йилгача бўлган муддатда иш стажини талаб қилмаслик имконияти берилади.

  1. Ушбу Дастурнинг 27-бандида келтирилган танлов жараёнларининг суҳбат ўтказиш босқичида номзодларнинг ўртача баллари тенг бўлган тақдирда устунлик Университет битирувчисига берилади.

5-боб. Якуний қоидалар

  1. Мазкур Дастурда белгиланган чора-тадбирларни амалга оширмаган масъуллар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
  2. Мазкур Дастурда қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

    Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан ёш мутахассисларни танлаш ва ишга тақсимлаш дастурига

    1-илова

    Тошкент давлат транспорт университети битирувчиси

    ПОРТФОЛИОСИ

    Талаба таълим йўналиши (мутахассислик) номи

    Таълим босқичи (бакалавриат ёки магистратура)

    Фамилияси, исми ва отасининг исми

     

    Туғилган йили

     

    Ўртача рейтинг баҳоси (%)

     

    Мутахассислик фанларидан ўртача баҳоси (%)

     

    Ташкилот томонидан қўйилган амалиёт баҳоси (балл)

     

    Умумий иш стажи ва фаолият соҳаси

     

    Хорижий тилларни билиши

     

    *Давлат тилини билиш даражаси (%)

     

    *Компютер саводхонлиги (%)

     

    Доимий яшаш жойи (вилоят, туман)

     

    Бошқа ҳудудда ишлаш имконияти мавжудлиги (ҳа ёки йўқ)

     

    Изоҳ: (*) - ушбу кўрсаткичлар Университетда ўтказилган махсус тест синовлари натижаларига асосан қўйилади.

    Портфолиода келтирилган барча кўрсаткичларнинг ҳаққонийлиги учун Университет масъул ходими жавобгар ҳисобланади.


     

    Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан ёш мутахассисларни танлаш ва ишга тақсимлаш дастурига

    2-илова

     

    Ишга жойлашиш йўлланмаси НАМУНАСИ

     

     

    Ўзбекистон Республикаси

    Транспорт вазирлиги

     

    Ишга жойлашиш

    йўлланмаси

     

    №_____

    кк.оо.йййй.

     

    Тошкент давлат транспорт университети

    ______________________________

    (бакалавриат ёки магистратура)

    ______________________________йўналиши

    (таълим йўналиши номи)

    битирувчиси___________________________

    (ФИШ тўлиқ ёзилади)

    ____________________________________га

    (ташкилот номи)

    ишга жойлашиш учун юборилди.

     

     

    Раҳбар

    (имзо)

     

    М.Ў.

     

    Изоҳ: Автомобил йўллари қўмитаси, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, Uzbekistan Airways” AЖ, “Uzbekistan Airports”АЖ, “Йўлқурилиш” АЖ ва бошқа йирик потенсиал ташкилотларга ишга жойлашиш учун бериладиган йўлланма мазкур ташкилот раҳбарлари томонидан имзоланади.

     

         

     

     

04.08.2023  Чоп этиш