Мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби

МУРОЖААТЛАРНИ КЎРИБ  ЧИҚИШ

ТАРТИБИ

Мазкур Тартиб, Ўзбекистон Республикасининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023-йил 15-декабрдаги 668-сон қарори билан тасдиқланган Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорат инспекцияси (кейинги ўринларда Транспорт назорат инспекцияси деб юритилади) Низоми талаблари асосида ишлаб чиқилган.

Жисмоний ва юридик шахслар шунингдек, автомобиль, темир йўл, сув, электр транспорти, метрополитен ва йўл хўжалиги фойдаланувчилари томонидан келиб тушган мурожаатлар (кейинги ўринларда Мурожаат деб юритилади) Транспорт назорат инспекцияси жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими бошлиғи (кейинги ўринларда Масъул шахс деб юритилади) томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатга олинади.

Транспорт назорат инспекцияси раҳбари ёки бунга ваколат берилган бошқа мансабдор шахснинг сайёр шахсий қабуллари шунингдек оммавий қабуллар вақтида тушган ва жойида ҳал этилган оғзаки мурожаатларни рўйхатдан ўтказиш талаб қилинмайди. Бунда, жисмоний шахснинг ёки юридик шахс вакилининг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар, мурожаатнинг қисқача мазмуни, шунингдек, уни кўриб чиқиш натижаси оммавий қабул баённомасида кўрсатилади.

Мурожаат оғзаки, ёзма, ёхуд электрон шаклда - ариза, таклиф ва шикоят шаклида бўлиши мумкин, уларнинг шаклидан ва туридан қатъий назар, бир хил аҳамиятга эга бўлади.

Рўйхатга олинган мурожаат, Транспорт назорат инспекцияси бошлиғининг буйруғи билан мазкур вазифага ваколат берилган бошлиқ ўринбосарининг (кейинги ўринларда Ваколатли шахс деб юритилади) топшириғи (визаси) билан муддатлари аниқ кўрсатилиб, тегишлилиги бўйича марказий аппарат ёки ҳудудий бўлинма раҳбарига Масъул шахс томонидан етказилади.

Келиб тушган мурожаат, тегишли бўлинма раҳбари ёки бўлинма мутахассиси (кейинги ўринларда Ижрочи шахс деб юритилади) томонидан мурожаатда қайд этилган масалалар хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига дахлдор бўлса, уларнинг вакилларини жалб этган ҳолда кўриб чиқилади. Агар мурожаатни, мурожаат қилган шахснинг иштирокисиз кўриб чиқишнинг имконияти бўлса, унинг иштирокисиз кўриб чиқиш мумкин.

Мурожаатни кўриб чиқишда тадбиркорлик субъектларнинг фаолиятини текшириш, зарурати юзага келган ҳолларда Транспорт назорат инспекцияси фаолиятида қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланган “Хавфни таҳлил қилиш” тизимига мувофиқ таъминланади. Шунингдек, ҳуқуқ-тартибот органларнинг мутахассис ажратиш тўғрисида қилган мурожаатларида шундай ҳоллар мавжуд бўлганда, булар ҳам, шу тартибда кўриб чиқилади.

Транспорт назорат инспекцияси ходими томонидан интизомий қилмиш содир этилганлиги фактини, унинг содир этилишида айбини, интизомий қилмиш содир этилишига имкон берган сабаблар ва шарт-шароитларни, инспекцияга етказилиши мумкин бўлган моддий зарарнинг хусусияти ва миқдорини аниқлаш қонун талабларига риоя этилишини таъминлаш юзасидан Инспекциянинг 2023-йил 25-декабрдаги “Хизмат текширувини ўтказиш Тартиби”га риоя этган ҳолда кўриб чиқилади.

Мурожаат келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса, бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади. Шунингдек, мурожаатни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материалларни сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, уни кўриб чиқиш муддатлари Ваколатли шахс томонидан истисно тариқасида узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилинади.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича ишларни Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 майдаги 341-сон қарори билан тасдиқланган Давлат органларида, давлат муассасаларида ва давлат иштирокидаги ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги намунавий низомга мувофиқ самарали ташкил этиш, жамоатчилик билан бевосита ва очиқ мулоқот ўрнатиш, шахсий қабулларни мунтазам равишда ўтказиш, шу жумладан, жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини жойларга бориб, белгиланган муддатда ва тартибда қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорликни, уларнинг фаолиятида Инспекция ходимлари ва раҳбарларининг фаол иштирок этишини ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасидан тушган мурожаатлари ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқилишини таъминлаш;

Транспорт назорат инспекциясига оид масалалар кўрсатилган мурожаат келиб тушган ҳолларда мазкур тартибнинг 9-бандига мувофиқ далолатнома расмийлаштирилади:

  • ижрочи шахс томонидан жойига чиқиб ўрганиш ўтказилади, мурожаатда келтирилган масала ҳолатини ўрганиш натижасида фуқаро иштирокида ўрганилади ҳамда фуқародан муносабат хати олинади.
  • фуқаро иштирок этишни истамаган тақдирда маҳалла фуқаролар йиғини раиси иштирокида далолатнома расмийлаштилади;

        Қуйидаги мурожаатлар кўриб чиқилмайди:

  • аноним бўлган, жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар ёки юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган манзили (почта манзили, ИНН) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган ёхуд улар ҳақида ёлғон маълумотлар кўрсатилган мурожаат, шунингдек уни идентификация қилиш имкониятини бермайдиган электрон мурожаат ёхуд имзо билан тасдиқланмаган ёзма мурожаат;
  • мурожаат қилган шахснинг иштирокисиз мурожаатни кўриб чиқишнинг имконияти бўлмаганда, мурожаатчи чақирилганда келмаган тақдирда;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатлар, уларнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда.

Юқоридагилар асосида мурожаат кўрилмай қолдирилганда, Ижрочи шахс ва Масъул шахс томонидан тегишли хулоса тузилади ҳамда Ваколатли шахс томонидан тасдиқланади ва шу тўғрисида мурожаат қилувчи тегишли тартибда хабардор қилинади.

Мурожаатда қўйилган масалаларни ҳал этиш Транспорт назорат инспекцияси ваколати доирасига кирмайдиган ҳолларда, келиб тушган мурожаатлар  беш кун муддатдан кечиктирмай, Ижрочи шахс ва Масъул шахс таклифига асосан Ваколатли шахс томонидан имзоланган хат билан тегишли органларга юборилади, бу ҳақда мурожаат қилувчига ёзма ёхуд электрон шаклда хабар қилинади.

Агар мурожаатда уни тегишли органларга юбориш учун зарур бўлган маълумотлар мавжуд бўлмаса, у ҳолда улар беш кун муддатдан кечиктирмай асослантирилган тушунтириш билан мурожаат қилувчига қайтарилади. 

        Мурожаатга қуйидаги тартиб жавоб берилади 

  • мурожаатни кўриб чиқиш натижалари бўйича Ижрочи шахс томонидан расмийлаштирилган ҳужжатлар илова қилган холда фуқарога жавоб хати тайёрлаб edo.ijro.uz тизимига келишиш учун киритилади. Масъул шахс томонидан фуқарога ёзилган жавоб хати кўриб чиқилади ва келишиб беради.  Ваколатли шахснинг имзоси билан мурожаат қилувчига ёзма ёки электрон шаклда хабар қилинади;
  • жамоавий мурожаатларга жавоб, агар мурожаатда жавобни бошқа шахсга юбориш талаб этилмаган бўлса, мурожаат қилувчиларнинг рўйхатида биринчи кўрсатилган шахсга юборилади;
  • мурожаатга жавоб мумкин қадар мурожаат этилган тилда баён қилинади, жавоблар мурожаатда кўрсатилган ҳар бир масала бўйича важларни инкор этувчи ёки тасдиқловчи аниқ асосларни (заруратга қараб нормаларга ҳаволалар қилинган ҳолда) ўз ичига олган бўлиши керак;
  • мурожаат, агар унда қўйилган барча масалалар ушбу Тартиб талабларига мувофиқ кўриб чиқилган ва мурожаат қилувчига тегишли жавоб юборилган тақдирда, кўриб чиқилган ҳисобланади ҳамда ваколатли шахс томонидан назоратдан чиқарилади.

Мазкур тартиб талаблари бажарилиши, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 15.12.2023 йилдаги 668-сон қарори билан тасдиқланган Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорат инспекцияси низомининг 4-бандига мувофиқ таъминланади. 

Ушбу Тартибга қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритиш Транспорт назорат инспекцияси бошлиғининг буйруғи билан амалга оширилади.