Инспекциянинг коррупцияга қарши курашиш бўйича Сиёсати

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги

Транспорт назорати инспекциясининг коррупцияга қарши курашиш бўйича

1 боб. Умумий қоидалар

Ушбу Сиёсат Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш ҳавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси ҳамда ҳудудий филиаллар (кейинги ўринларда – Ташкилот)да ҳалоллик сиёсатини таъминлаш, яъни ходимлар ва умуман жамиятда коррупцияга қарши курашиш маданиятини ошириш мақсадида юксак хулқ-атвор стандартларига мувофиқлик, шунингдек лавозим (хизмат) мажбуриятларини бажариш чоғида Ташкилот ходимлари томонидан коррупциявий ҳаракатлар содир этилишига йўл қўймасликка доир позициясини ифодалайди.

Ушбу Сиёсат Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги Қонуни талаблари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги ПФ-6013-сон “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, 2021 йил 16 июндаги ПФ-6247-сон “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлари 2019 йил
27 майдаги ПФ-5729-сон “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги 62-сон “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида” қарорига мувофиқ коррупцияга қарши кураш соҳасидаги халқаро ташкилотлар тавсиялари ва илғор дунё тажрибаси, жумладан ISO 37001:2016 “Коррупцияга қарши кураш менежменти тизими – Талаблар ва уларни қўллашга доир тавсиялар” халқаро стандарти талаблари ва тавсияларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган.

Ташкилот Сиёсатни ўз фаолияти спецификасидан келиб чиқиб қабул қилади, ўзига хос ва қолдиқ коррупциявий хавф-хатар ва мавжуд ресурслар асосида коррупцияга қарши курашиш бўйича ўз механизмларини ишлаб чиқади ва жорий этади.

Қуйидагилар Ташкилотда коррупцияга қарши курашишнинг асосий мақсади ҳисобланади:

Ташкилот ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари
ва коррупцияга қарши курашишга доир ички ҳужжатлар талабларини тушуниш ва уларга риоя этилиши;

Ташкилотда коррупциявий хавф-хатарларни камайтириш ва коррупцияга барҳам бериш;

Ташкилотнинг барча фаолият соҳаларида коррупциянинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

аҳолининг Ташкилотнинг фаолияти юзасидан ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти даражасини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш;

Ташкилот ходимлари фаолиятининг шаффофлиги ва хулқ-атвор меъёрларига мувофиқлигини таъминлаш;

коррупциявий ҳаракатларни ўз вақтида аниқлаш, уларга барҳам бериш, уларнинг оқибатлари, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупциявий ҳаракатларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги тамойилини таъминлаш;

Ташкилотда мавжуд коррупцияга барҳам бериш.

Мазкур Сиёсат талаблари эгаллаб турган лавозими ва бажараётган функциясидан қатъий назар Ташкилотнинг барча ходимлари учун бирдек амал қилади.

Ташкилотга ишга кираётган ҳар қандай шахс мазкур Сиёсат билан имзо чеккан ҳолда танишишлари, унинг қонун-қоидаларига риоя қилиши лозим.

Мазкур Сиёсатнинг мақсадлари учун қуйидаги асосий тушунчалар
ва атамалардан фойдаланилади:

алоқадор шахслар - Ташкилот ходими билан тижорат ташкилотларининг устав капиталида иштирок этадиган шахслар, акциялари Республика фонд биржасида оммавий муомалада бўлган акциядорлик жамиятларининг беш фоизидан кам бўлган миқдордаги акцияга эга эканлиги бундан мустасно;

давлат органлари ва муассасалари – давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органлари (жумладан, вазирликлар, хизматлар, агентлик, марказлар ва б. идоралар) ва уларнинг таркибий бўлинмалари, шунингдек давлат томонидан бевосита ёки билвосита назорат қилинадиган юридик шахслар;

иш фаолияти юзасидан меҳмондўстлик белгилари – учинчи шахсларнинг ҳамкорлик ўрнатиш ва/ёки уни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ бўлган, Ташкилот ходимларининг содиқлигини оширишга қаратилган, Ташкилот ходимлари манфаатлари йўлидаги ҳаражатлари, жумладан учинчи шахсларнинг овқатланиши, иш фаолияти юзасидан тушликлар ташкил этилиши билан боғлиқ ҳаражатлари, транспорт ҳаражатлари, яшаш, кўнгилочар тадбирлар, жумладан саёҳат дастурлари билан боғлиқ ҳаражатлар ва ҳ.к.;

контрагент – Ташкилот билан шартномавий муносабатларга киришган (меҳнат муносабатлари бундан мустасно) ҳар қандай юридик ёки жисмоний шахс;

коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий
ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш;

коррупциявий хавф-хатар – Ташкилот ходимлари ёки учинчи шахслар томонидан Ташкилот номидан ёки уларнинг манфаатлари йўлида коррупциявий ҳаракатларни амалга ошириш хавфи;

коррупциявий харакатлар – ходим томонидан бевосита ёки билвосита шахсан ёки учинчи шахслар орқали пора берувчи манфаатлари йўлида ҳаракат ёки ҳаракатсизлик учун моддий манфаатдор бўлиши, шу жумладан пул, қимматбаҳо қоғоз, бошқа кўринишдаги мулк ва мулкий ҳуқуқлар, мулкий ҳарактердаги хизматлар олиш, талаб қилиш, ундириш, таклиф қилиш ёки бериш, пора бериш ва/ёки олиш ёки бунда воситачилик қилишда, расмиятчиликларни соддалаштириш учун тўловлар ундириш (пора олиш) ва бошқа ноқонуний мақсадларда ўз хизмат вазифаларидан ноқонуний фойдаланиш;

коррупциявий ҳуқуқбузарлик – содир этилганлик учун Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида жавобгарлик белгилаб қўйилган коррупция аломатларига эга ҳатти-ҳаракат;

коррупцияга қарши ички назорат тузилмаси – Ташкилотда коррупцияга қарши курашиш вазифаси юкланган таркибий тузилма;

коррупцияга қарши курашиш тизими – коррупциявий ҳаракатларнинг, Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилиги ва Ташкилотнинг коррупцияга қарши курашиш масалаларига доир ички ҳужжатлари бузилишининг  олдини олиш, Ташкилот ходимлари томонидан ўз фаолиятини профессионал ва хулқ-атвор жиҳатдан юксак даражада амалга оширилишини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар;

кронизм (фаворитизмнинг дўстона алоқаларга асосланган кўриниши) – дўстлар ёки ишончли шахсларга ноқонуний имтиёзлар тақдим этиш мақсадида ҳокимият ва/ёки обрўсидан фойдаланиш;

мансабдор шахс:

доимий, вақтинча ёки махсус ваколат бўйича тайинланадиган
ёки сайланадиган, ҳокимият вакили вазифаларини бажарадиган ёхуд давлат органларида, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида, мулк шаклидан қатъи назар, корхоналарда, муассасаларда, ташкилотларда ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини амалга оширадиган ва юридик аҳамиятга
эга ҳаракатларни содир этишга ваколат берилган шахс,

халқаро ташкилотда ёхуд чет давлатнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи, маъмурий ёки суд органида мазкур вазифаларни амалга оширувчи шахс.

манфаатлар тўқнашуви — Ташкилот ходимининг шахсий (бевосита
ёки билвосита) манфаатдорлик шахснинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазият;

маҳаллийчилик – маҳаллий манфатларнигина кўзлаб иш тутиш. Бунда, шахсни унинг наслий келиб чиқиши (аслзода ёки машҳур сулола вакили эканлиги ва у жамоатчилик томонидан эътироф эьтилганлиги) ҳамда яқин қариндошларининг эгаллаб турган хизмат мавқеи сабабли, унинг лавозимга қўйиладиган малака талабларига мос келиш-келмаслигини ҳисобга олмаган ҳолда ишга қабул қилиш, ротация қилиш ва лавозимга тайинлаш;

непотизм (таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик; фаворитизмнинг қариндошлик ришталарига асосланган кўриниши) - ўзининг яқин қариндошлари ёки дўстларига ноқонуний имтиёзлар бериш мақсадида ҳокимиятдан фойдаланиш ва (ёки) таъсир ўтказиш, шунингдек, яқин қариндошлари ва (ёки) дўстларига асоссиз мукофотлар хисоблаш, Ташкилот манфаатлари зарарига, яқин қариндошлари
ва дўстларини ишга қабул қилиш ва лавозимга тайинлашлар;

расмиятчиликларни соддалаштириш учун тўловлар – белгиланган тартиб-таомиллар ёки ҳаракатларни содир этиш билан боғлиқ стандарт тартиблар амалга оширилишини таъминлаш ёки тезлаштириш мақсадида тегишли қонунчилик ва норматив меъёрлар ҳамда қоидаларда кўзда тутилмаган ноқонуний равишда тақдим этиладиган пул маблағлари, мол-мулк, мулкий ҳуқуқлар, хизматлар ҳамда бошқа моддий ва номоддий фойда;

уруғ-аймоқчилик – Ташкилот ходимининг авлод-аждодлари бир бўлган, бир сулолага мансублик асосида учинчи шахсларга нисбатан субъектив, имтиёзли ва нохолис муносабат шаклидаги шахсий манфаатдорлиги;

фаворитизм – Ташкилот ходими бошқа шахс ва/ёки шахслар гуруҳи манфаатларига қараганда битта шахс ва/ёки шахслар гуруҳи манфаатларига устувор аҳамият қаратиши, Ташкилотда кадрларни танлаш ва жойлаштириш, лавозимини кўтариш, мукофот пули бериш ва давлат мукофотларига тавсия этиш, таътил бериш ёки сиҳатгоҳлар ва хорижий сафарларга юбориш, мурожаатлар, шунингдек иш ва навбатчилик жадвалларини кўриб чиқишда кетма-кетликни йўлга қўйиш билан боғлиқ вазиятларда тартибларга риоя қилмаслик.

хайрия (хайрия ёрдами) – юридик ва жисмоний шахслар (хайрия қилувчилар)нинг ташкилот учун бепул ёки имтиёзлар асосида моддий ва/ёки номоддий бойликлар, хусусан, пул маблағлари шаклидаги бойликларни топшириш, улар учун маълум ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш ва хайрия мақсадларидаги бошқа қўллаб-қувватлашларни тақдим этишда  намоён бўладиган ихтиёрий беғараз ёрдами;

халқаро ташкилот – давлатлар, ҳукуматлар ёки бошқа халқаро ташкилотлар томонидан ташкилий шакли ва ваколатларидан қатъий назар ташкил этилган ҳар қандай халқаро ташкилот, жумладан, масалан иқтисодий интеграция бўйича минтақавий ташкилотлар.

ходим – Ташкилот билан меҳнат муносабатларига киришган жисмоний шахс;

ҳомийлик (ҳомийлик ёрдами) – юридик ва жисмоний шахслар (ҳомийлар) томонидан Ташкилот (ҳомийлик қилинаётган муассасалар)га улар учун ишлар бажариб бериш, хизматлар кўрсатиш ва ҳайрия мақсадларида бошқа турдаги ёрдамларни кўрсатиш, мол-мулк, жумладан пул маблағлари тақдим этиш билан ифодаланадиган ёрдами ҳисобланиб, уларнинг натижасида Ташкилот муассасаларида ҳомий олдида ўзаро мажбуриятлар юзага келади;

шафелик – Ташкилот ходимининг лавозими юқорироқ бўлган бошқа ходим томонидан қулай меҳнат шароитларини яратиб бериш шаклидаги ҳимояси, уни ёқлаб ёнини олиши;

яқин қариндошлар – бир-бирига қариндошлик ёки яқин алоқаси
бор шахслар, яъни ота-она, туғишган ҳамда тутинган ака-укалар ва опа-сингиллар, эр-хотин,  фарзандлар (жумладан асраб олинган фарзандлар), бувалар, бувилар, набиралар, шунингдек эр (хотин)нинг ота-онаси, туғишган ва тутинган ака-укалари ва опа-сингиллари.

2 боб. Коррупцияга қарши курашишнинг муҳим тамойиллари

Коррупцияга қарши кураш тизими қуйидаги тамойиллар асосида ташкил этилади ва фаолият юритади:

қонунийлик - Ташкилотдаги коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларига мувофиқ давлат органларида коррупцияга қарши курашиш бўйича илғор дунё тажрибаси, шунингдек Ташкилот ички ҳужжатларига қатъий риоя қилган ҳолда амалга оширилади;

коррупцияга нисбатан муросасизлик (тоқатсизлик) - Ташкилот ўз фаолиятининг барча соҳаларида коррупциянинг ҳар қандай шакллари ва кўринишларига муросасиз (тоқатсиз) муносабатда бўлади. Ташкилот ҳодимларига коррупциявий хавф-хатар келиб чиқиши мумкин бўлган фаолиятда бевосита ёки билвосита иштирок этиш қатъиян тақиқланади;

очиқлик ва шаффофлик - Ташкилот ходимлари ва контрагентлари, кенг жамоатчиликни Ташкилотда қабул қилинган ва амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида хабардор қилиш (махфийлик ва хизмат сири тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини ҳисобга олган ҳолда);

коррупцияга қарши амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг превентив хусусиятга эга бўлиши, тизимлилиги ва яхлитлиги - коррупциянинг олдини олиш, коррупциявий ҳаракатларнинг содир этилишига хизмат қилувчи сабаб ва шарт-шароитлар ҳамда коррупциявий хатарларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишнинг устуворлиги. Коррупцияга қарши жорий этилаётган чора-тадбирлар ва тартиб-таомиллар аниқланган хавф-хатарлар даражасига мос келиши ва Ташкилотнинг барча функциялари ва йўналишларини қамраб олган коррупцияга қарши курашиш тизимига бирлаштирилиши;

коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликнинг муқаррарлиги - коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни содир этган Ташкилот ходимлари ўзининг мавқеи ва эгаллаб турган лавозимидан қатъий назар Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва Ташкилотнинг ички ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади;

илмий-техник тараққиёт ютуқлари ва ахборот технологияларидан фойдаланиш - Ташкилот коррупцияга қарши кураш тизимини шакллантиришда илм-фан тараққиётининг сўнгги ютуқларидан, шу жумладан, интеграциялаштирилган ахборот-коммуникация тизимларидан кенг фойдаланишга интилади;

тўғридан-тўғри раҳбариятга мурожаат қилиш - Ташкилотнинг ҳар бир ходими коррупциявий ҳаракат содир этилганлигига доир ишончли ва асосли маълумотлар мавжуд бўлганда Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва Ташкилотнинг ички ҳужжатларида кўзда тутилган чора-тадбирларни қабул қилиш учун ҳудудий бошқарма ёки унинг тасарруфидаги муассаса раҳбари ҳамда ташкилот раҳбарига ҳеч қандай тўсиқсиз мурожаат қилиши мумкин;

фуқаролик жамияти вакиллари билан ўзаро ҳамкорли - Ташкилот ўзига юклатилган функцияларни бажаришда уларнинг фаолияти устидан мустақил ва холис назоратни амалга ошириш мақсадида фуқаролик жамияти вакилларини жалб қилади;

мониторинг, таҳлил ва баҳолаш: Ташкилот даврий асосда коррупцияга қарши курашиш тизими фаолияти мониторинги ва таҳлилини амалга оширади, шунингдек унинг самарадорлик ва натижадорлик кўрсаткичларини баҳолайди.

коррупцияга қарши курашиш тизимини доимий равишда такомиллаштириш - коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тизимини мониторинг ва назорат қилиш ҳамда коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш мақсадида Ташкилотда коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини тўхтовсиз равишда ошириш чоралари кўрилади.

3 боб. Коррупцияга қарши курашишнинг асосий йўналишлари

1-§. Манфаатлар тўқнашувини бошқариш

  1. Ташкилот ходимлари ўз лавозим мажбуриятларини ҳалол ва виждонан бажариши, ўз мансаб ва хизмат мавқеидан ва Ташкилот тасарруфидаги мол-мулклардан шахсий манфаатдорлик йўлида фойдаланмаслиги ва манфаатлар тўқнашувига олиб келиши мумкин бўлган вазиятлардан сақланиши лозим.
  2. Ташкилот ходимлари ишга қабул қилинаётганда, лавозими кўтарилаётганда ва ротация қилинаётганда ҳар йили ва тегишли вазиятлар/шарт-шароитлар юзага келишига қараб манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорлигига доир ахборотни очиқлаши лозим.
  3. Ташкилот ходимлари томонидан манфаатлар тўқнашуви ва уни тартибга солишга доир ахборотни очиқлаш жараёни Ташкилотда манфаатлар тўқнашувини бошқариш тартиби тўғрисида ички идоравий ҳужжатда белгилаб қўйилади.
  4. Манфаатлар тўқнашувини аниқлаш учун самарали назорат тартиб-таомиллари Ташкилот ходимларининг учинчи шахслар билан ўзаро алоқаси рўй берадиган барча функцияларга жорий этилиши лозим (масалан, танлов савдоларини ташкил қилиш, рейтингларни ҳисоблаш ва ҳ.к.).

2-§. Иш юзасидан совғалар ва меҳмондўстлик белгиларини қабул қилиш

  1. Ташкилот ходимларига ўз хизмат мажбуриятларини бажариши доирасида жисмоний ва юридик шахслардан совғалар меҳмондўстлик белгилари, жумладан қарз, кафолатлар, кафиллик, мукофот, моддий ёрдам, нақд пулсиз ва нақд пул маблағлари ёки уларнинг эквивалентлари, қимматбаҳо қоғозлар, криптовалюта, бошқа моддий қадриятлар ёки хизматлар кўринишидаги рағбат воситаларини олиш тақиқланади.

Бунда, конференциялар, семинарлар ва турли шу каби учрашувларда тақдим этиладиган умумий қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан ошмайдиган буюмлар бундан истисно ҳисобланади.

  1. Ташкилотда ички коррупциянинг олдини олиш мақсадида ходимлар ўртасида хизмат мажбуриятларини қабул қилиш билан боғлиқ бўлмаган ва ходим шахси билан боғлиқ деб эътироф этилган совғаларни беришда қуйидагиларга риоя қилинади:

совға олувчи учун манфаатлар тўқнашуви вазиятини келтириб чиқармаслиги ва совға берувчи олдида бирор-бир мажбуриятларни юзага келтирмаслиги лозим;

совға очиқ-ойдин берилади, совға берилаётгани яширилмайди;

совғани фақат умумэътироф этилган байрамлар (таваллуд айёми, фарзанд туғилиши, Ватан ҳимоячилари куни, Халқаро хотин-қизлар куни, Янги йил ва ҳ.к) муносабати билан беришга рухсат этилади;

совғалар Ташкилотнинг камида учта ходими иштирокида берилиши лозим;

совғани бериш чоғида совға бериш учун сабаб бўлган воқеа-ҳодиса аниқ баён этилади;

совғанинг умумий қиймати (барча солиқ ва йиғимлар билан бирга) базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 (беш) баробаридан ошмаслиги лозим;

Ташкилотнинг бир ходими иккинчи ходимга совға олиш учун сарфлайдиган сумма миқдори ҳар ҳолатда базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 (бир) баробаридан ошмаслиги лозим.

  1. Шубҳа (гумон)лардан ҳоли бўлиш учун ҳар қандай байрамлар (жумладан, лекин чекланмаган ҳолда туғилган кун, фарзанд туғилиши, Ватан ҳимоячилари куни, Халқаро хотин-қизлар куни, Янги йил ва ҳ.к) муносабати билан мазкур Сиёсатнинг
    13 ва 14-бандларида келтириб ўтилмаган бошқа давлат органлари ва ташкилотлари  ходимлари, ҳамкорлар ва контрагентлар, бошқа жисмоний ва юридик шахслардан олинадиган мазкур Сиёсатнинг 13-бандида санаб ўтилган совғалар ва моддий бойликлар  олиш тақиқланади. 
  2. Ташкилот номидан халқаро конференциялар, симпозиумлар ва бошқа иш юзасидан (хизмат) учрашувларида совғалар бериш раҳбар буйруғига кўра мувофиқ амалга оширилади.
  3. Совға бериш, уни қабул қилишнинг қонунийлигида шубҳа туғилган тақдирда Ташкилот ходими Ташкилотда Коррупцияга қарши ички назорат тузилмасига маслаҳат сўраб мурожаат қилиши лозим.

3-§. Ташкилот ходимларининг иш фаолияти юзасидан ўтказиладиган тадбирларда иштирок этиши

  1. Ташкилот ходимларининг халқаро ва бошқа ташкилотлар таклифига кўра иш фаолияти юзасидан ўтказиладиган тадбирлари (кўргазмалар, семинарлар, конференциялар ва ҳ.к.)да иштирок этишига қуйидаги шартларга риоя қилган тақдирда рухсат этилади:

тадбир Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги, мазкур Сиёсат тамойиллари
ва талаблари ҳамда Ташкилотнинг бошқа ички ҳужжатларига мос келса;

тадбир Ташкилот ёки таклиф этган томоннинг қонуний манфаатларига хизмат қилса;

тадбир Ташкилот ходимлари томонидан у ёки бу қарорлар қабул қилинишига таъсир қилмаслиги, бирор-бир ноқонуний афзалликларни қўлга киритишни (масалан, буюртмачиларга тадбирни ўтказаётган лойиҳа-тадқиқот ташкилотига мурожаат қилишни тавсия қилиш) кўзлаган яширин ноқонуний мукофотлаш мақсади  бўлмаслиги лозим;

Тадбир бундай тадбирда иштирок этишга доир маълумотлар ошкор қилинган тақдирда Ташкилот ва таклифни қабул қилувчи ёки таклиф этаётган томон мавқеи учун хатар туғдирмаслиги лозим;

Тадбир умумэътироф этилган илмий ва ишбилармонлик амалиётига мос келиши ҳамда кўнгилочар мазмундаги хусусият касб этмаслиги лозим;

Тадбир моҳияти ва қийматига кўра ўринли бўлиши, ҳаддан зиёд ҳашаматли, қиммат, ғайриодатий бўлмаслиги ва тез-тез такрорланиб турмаслиги лозим.

  1. Агар ишбилармонлик тадбирлари (семинар, симпозиум, давра суҳбатлари ва ҳ.к.) ташкилотчиси Ташкилот ўзи бўлса, у ҳолда бундай ишбилармонлик тадбири ушбу сиёсатда қайд этилган талабларга мос келиши лозим.

4-§. Кадрлар билан боғлиқ жараённи тартибга солиш (ходимларни танлаш, лавозимини ошириш, моддий рағбатлантириш)

  1. Ташкилот ходимларини танлаш, аттестациядан ўтказиш ва уларнинг фаолиятини баҳолаш, жумладан мукофот, устамалар ва рағбатлантиришнинг бошқа турларини амалга ошириш жараёни барча ходимлар учун шаффоф, тенг ҳуқуқли ва холис ҳисобланиб, мазкур Сиёсатнинг асосий тамойиллари ва талабларига мос келиши лозим.
  2. Номзодларни Ташкилотга танлаш ва тайинлаш жараёни Номзодларни ташкилотга қабул қилиш учун текшириш бўйича қўлланма ва Ташкилотнинг бошқа ички ҳужжатларига, манфаатлар тўқнашувини бошқариш тартибига мувофиқ комплекс равишда текшириш билан бирга амалга оширилади.
  3. Ташкилотда ходимларга оид масалаларда қарор қабул қилувчи ходимларнинг лавозимини оширганда, лавозимга тайинланганда, кадрлар заҳирасига қўшганда ва ҳ.к.ларда номзод (ходим)ларга ҳар қандай асоссиз имтиёзлар тақдим этиши тақиқланади.
  4. Бўш лавозимларга саралаб олиш эгалланаётган лавозимга қўйиладиган талабларга мувофиқ танлов асосида ёки бошқа усул ёрдамида амалга оширилиши лозим. Бунда номзоднинг малакаси, касбий ва илмий ютуқларига асосий эътибор қаратилади.
  5. Ташкилотда ходимлар фаолияти самарадорлигининг муҳим кўрсаткичларини баҳолаш тартиби ва мезонлари ишлаб чиқилиши ва ходимлар унинг асосида рағбатлантирилиши лозим. Мазкур кўрсаткичлар холис, шаффоф
    ва Ташкилот ходимлари танишиб чиқиши учун очиқ бўлиши лозим.

5-§. Текширувлар ўтказиш ва давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини ўрганиш

  1. Турли текширувлар, ўрганишлар, мониторинг ўтказишда (кейинги ўринларда – текширув объектлари) Ташкилот ходимлари:

манфаатлар тўқнашуви юзага келишига йўл қўймаслиги;

текширув, ўрганиш, мониторинг объекти текшируви, ўрганиши, мониторингини якка ўзи амалга оширмаслиги;

текширув, ўрганиш, мониторинг объектига ташриф буюрувчилар ёки уларнинг вакиллари ташкилот, унинг ҳудудий ва таркибий бўлинмаларига шахсан ташриф буюрганда улар билан ёлғиз қолмаслиги;

йўл қўйилиши мумкин бўлган қоидабузарликларни сохталаштириш мақсадида текширув, ўрганиш ўтказиш, Ўзбекистон Республикаси қонунчилик нормаларини нотўғри талқин қилмаслиги, текширилаётган объект ходимларини аниқланган фактларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш ёки бошқа давлат органларига топшириш билан қўрқитмаслиги;

текширув, ўрганиш, мониторинг объекти ходимларига таҳдид қилмаслиги;

ҳужжатларни сўраб олиш ва текширув, ўрганиш, мониторинг предметига кирмайдиган масалалар билан қизиқмаслиги лозим;

текширув, ўрганиш, мониторинг давомида аниқланган ҳар бир қоидабузарликнинг қонуний ва профессионал баҳоланишини таъминлаши;

қоидабузарликларнинг видео ёки фотоқайдини амалга ошириши (ўрни келганда), Ташкилот томонидан фойдаланиладиган ахборот тизимларига қоидабузарликларга оид маълумотларни киритиши;

агар текширув, ўрганиш, мониторинг объекти вакиллари Ташкилот ходимига аниқланган қоидабузарликларни яшириш мақсадида пора ёки ҳар қандай моддий бойликлар ёки хизматлар тақдим этаётган бўлса, бу ҳақида текширув бўйича ишчи гуруҳ раҳбарига ва Ташкилотдаги коррупцияга қарши курашиш ички назорат тузилмасига зудлик билан хабар бериши;

текширув, ўрганиш, мониторинг объекти вакилларига Ташкилот ходимларининг хулқ-атвор тамойилларига мувофиқ холис муносабатда бўлиши шарт.

  1. Ташкилот томонидан ўтказилган текширувлар, ўрганишлар ва мониторинг натижалари юзасидан келиб тушган эътирозларни кўриб чиқиш учун комиссия ташкил этилади.

6-§. Ваколатли давлат органлари, контрагентлар ва учинчи шахслар билан шаффоф ва самарали ўзаро ҳамкорликни таъминлаш

  1. Ташкилот мазкур Сиёсат тамойиллари ва талаблари ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонунчилик нормаларига зид ҳар қандай тўловларни ёки ҳаракатларни амалга ошириш учун етказиб берувчилар, пудратчилар ва бошқа учинчи шахсларни жалб қилмайди.
  2. Контрагентлар билан муносабатларда Ташкилот қонунийлик ва шаффофлик тамойилларига амал қилади.
  3. Ташкилотда объектив мезонлардан фойдаланишга асосланган етказиб берувчилар, пудратчилар ва бошқа контрагентларни танлашнинг ҳалол, очиқ ва шаффоф жараёни, шунингдек сотиб олинаётган товар ва хизматлар қийматини белгилашнинг шаффоф тартиби жорий этилиб, улар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги ва Ташкилотнинг ички хужжатлари билан тартибга солинади.
  4. Контрагентлар билан ўзаро ҳамкорликда Ташкилот:

Ташкилотда контрагентларни текшириш бўйича йўриқнома ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларига мувофиқ потенциал контрагентнинг ишончлилиги, жумладан у ўтмишда коррупциявий фаолиятга жалб қилинган ёки қилинмаганлиги, Ташкилот ходимлари билан манфаатлар тўқнашуви мавжуд ёки мавжуд эмаслигини текширади;

потенциал контрагент, жумладан харид тартиб-таомиллари ғолибини у билан шартнома матнига махсус коррупцияга қарши шартларни қўшиш орқали ўзининг коррупцияга қарши тамойил ва талаблари ҳақида хабардор қилади.

  1. Ваколатли давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилишда (масалан, лицензия бериш, ихтисослаштирилган кенгашларда иштирок этиш, турли ҳужжатлар, объектларни келишишда ва ҳ.к) Ташкилот ҳужжатларни кўриб чиқишнинг шаффофлиги ва холислигини таъминлайди ҳамда зарур ҳолларда мазкур давлат органлари томонидан салбий ва бошқа хулосаларга келиш сабаблари хусусида қўшимча маълумотларни талаб қилади.

7-§. Хайрия ва ҳомийлик фаолиятининг шаффоф ва самарали жараёнини таъминлаш

  1. Ташкилот қонунчилик билан белгиланган ҳолатларда хайрия ва ҳомийлик ёрдамини қабул қилиши мумкин. Бундай ёрдамни олишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, маблағларни Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ёки шартномада кўрсатилган мақсадларга самарали ва мақсадли йўналтирилишини таъминлаш, шунингдек хайрия ва ҳомийлик фаолиятига доир ахборотни Ташкилотнинг Интернет тармоғидаги расмий веб-сайтида очиқлаш бўйича барча чора-тадбирлар амалга оширилади.
  2. Ташкилот томонидан қабул қилинаётган хайрия ёки ҳомийлик ёрдами яширин мукофот тарзида бўлмаслиги ва Ташкилотнинг алоҳида ходимлари томонидан хайрия қилувчи ёки ҳомий, унинг яқин қариндошлари, уларга алоқадор шахслар, шунингдек хайрия қилувчи ёки ҳомийда уларга нисбатан шахсий манфаатдорлиги бўлган шахслар фойдасига қарор қабул қилинишига таъсир кўрсатмаслиги лозим.
  3. Ташкилот томонидан хайрия ёки ҳомийлик ёрдамини олишда қуйидаги талаблар бажарилиши лозим:

хайрия қилувчи ёки ҳомий билан албатта шартнома тузиш ва унда хайрия ёки ҳомийлик ёрдамини олиш ва ундан фойдаланиш мақсадлари, ёрдам шакллари, ёрдамнинг пул ифодасидаги суммаси, хайрия қилувчи ёки ҳомий олдида келиб тушган ёрдамдан мақсадли фойдаланиш тўғрисида ҳисоб бериш усули белгилаб қўйилиши лозим; 

бундай шартномага коррупцияга қарши шартларни киритиш;

Ташкилотнинг Интернет тармоғидаги расмий веб-сайтида олинган хайрия ёки ҳомийлик ёрдамига доир ахборотни жойлаштириш.

8-§ Ички ҳужжатларнинг коррупцияга қарши экспертизаси

  1. Ички ҳужжатларнинг ҳуқуқий экспертизасини ўтказишда Ташкилотнинг юридик хизмати коррупциявий ҳаракатларни амалга ошириш учун имконият яратувчи коррупциявий омиллар мавжудлиги ва уларни ҳужжатлардан чиқариб ташлаш мақсадида экспертиза ўтказади.

9-§ Ташкилот фаолияти соҳасига янги технологияларни жорий этиш

  1. Коррупциявий хавф-хатарларни минималлаштириш мақсадида Ташкилот ходимлари ўз функциялари ва лавозим мажбуриятларини ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда амалга оширади (агар имкони мавжуд бўлса).
  2. Давлат харидлари доирасида танлов савдоларини ўтказишда Ташкилот ходимлари ахборот технологияларидан фойдаланади ва танлов савдолари иштирокчилари билан ўзаро алоқани электрон шаклда онлайн режимида бошқа электрон тизимлар билан интеграция қилиш имкониятини қўллаган ҳолда амалга оширади.

10-§ Ташкилотдаги фаолиятни видеоқайд қилиш ва унинг трансляцияси

  1. Ташкилот биноларида ходимлар фаолиятини назорат қилиш мақсадида аудио ва видеоёзув камералари ўрнатилиб, улардаги ёзувлар Ташкилотнинг масъул ходимлари томонидан кўриб борилади.
  2. Ташкилотнинг Интернет тармоғидаги расмий сайтларида коррупция хавф-хатари юқори бўлган айрим жараёнларнинг онлайн трансляцияси жойлаштирилади (хусусан, ходимлар билан суҳбат ўтказиш, уларни тестдан ўтказиш, комиссиялар йиғилишлари ва ҳ.к.).

4 боб. Коррупцияга қарши курашиш тизими элементлари

1-§ Коррупцияга қарши курашиш бўйича муҳим ички ҳужжатлар мавжудлиги

  1. Коррупцияга қарши курашиш тизими асосини:

мазкур Сиёсат;

Ташкилот ходимларининг одоб-аҳлоқ қоидалари;

Ташкилотда манфаатлар тўқнашувини бошқариш тартиби тўғрисидаги Низомда акс эттирилган тамойиллар ва талаблар ташкил этади.

  1. Ташкилот раҳбарлари ходимларга олий раҳбарлик намунасини кўрсатиши лозим.
  2. Ташкилот раҳбари ва унинг ўринбосарлари, шунингдек ташкилот таркибий бўлинмалари раҳбарлари ўзига бўйсунувчилар, фуқаролар ва юридик шахсларга нисбатан муносабатларда ҳалол, одил ва мустақил хулқ-атвор намунаси бўлиши ва шу орқали уларда коррупциявий ҳаракатларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга хизмат қилади.
  3. Ташкилот раҳбари ва уларнинг ўринбосарлари, шунингдек ташкилот таркибий бўлинмалари раҳбарлари Ташкилот фаолиятининг хавф-хатар функциялари (йўналишлари)га коррупцияга қарши самарали чора-тадбирлар ва тартиб-таомилларни жорий этиш орқали коррупцияга қарши курашишнинг самарали тизимини барпо этиш ва амалга оширишга нисбатан лидерликни намойиш қилади.

2-§. Коррупциявий хавф-хатарни аниқлаш ва баҳолаш

  1. Ташкилот ўз фаолиятига хос коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш
    ва баҳолашни ташкилий тузилмалар функцияларининг хусусияти, жамият ва бошқа шахслар билан ўзаро муносабатлар, шунингдек Ташкилотда коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш услубиётига мувофиқ ташқи ва ички омилларни ҳисобга олган ҳолда амалда оширади.
  2. Коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш бир йилда бир мартадан кам бўлмаган вақтда ўтказилади. Коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш натижалари Ташкилотнинг раҳбари томонидан кўриб чиқилади. Аниқланган хавф-хатарларни минималлаштирувчи коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирлар ва тартиб-таомиллар Ташкилотнинг коррупцияга қарши дастур ёки йўл хариталарида
    акс эттирилади.

3-§. Коррупцияга қарши курашиш учун масъул

  1. Ташкилотда коррупцияга қарши курашишнинг самарали тизимини шакллантириш учун алоҳида коррупцияга қарши ички назорат тузилмаси ташкил этилади.
  2. Ташкилотда Коррупцияга қарши ички назорат тузилмаси ўз фаолиятини Коррупцияга қарши ички назорат тузилмаси тўғрисидаги низом асосида амалга оширади ва бевосита Ташкилот раҳбарига (Ташкилот ҳайъатига) бўйсунади.
  3. Ташкилот раҳбари Коррупцияга қарши ички назорат тузилмасини Ташкилот коррупцияга қарши вазифаларни амалга ошириш учун етарли даражадаги мустақиллик ва зарур ресурслар билан таъминлайди.
  4. Ташкилотнинг кадрлар бошқармаси (бўлимлари) Ташкилотда манфаатлар тўқнашувини бошқариш тўғрисидаги низом, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги нормаларида кўзда тутилган тартиб ва ҳажмда ходимларнинг яқин қариндошлари ва уларга алоқадор шахсларга доир маълумотларнинг тизимли
    ва ўз вақтида йиғилиши, таҳлил қилиниши ва актуаллаштирилиши учун жавоб беради.
  5. Ташкилотнинг барча муассасаларида алоҳида Одоб-аҳлоқ комиссиялари фаолият юритади.
  6. Ташкилотдаги Одоб-аҳлоқ комиссиялари Ташкилотдаги ходимларнинг этик хулқ-атвор қоидалари билан белгиланган хулқ-атвор меъёрларига риоя қилиш масалаларини кўриб чиқади, шунингдек Ташкилотда манфаатлар тўқнашувини бошқариш тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ вазиятларни тартибга солиш жараёнида иштирок этади.

5-§ Ташкилотнинг коррупцияга қарши сиёсати тўғрисида ходимлар
ва учинчи шахсларнинг хабардорлигини таъминлаш

  1. Ташкилот коррупциявий хавф-хатарларни қисқартириш ва жамият хабардорлигини ошириш мақсадида мазкур Сиёсат ва ўзлари томонидан амалга оширилаётган коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирларга оид асосий ахборотларни расмий веб-сайтларида жойлаштиради.
  2. Ташкилот барча куч ва имкониятларини ходимлари ва бошқа манфаатдор шахсларга қуйидагилар орқали Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши қонунчилиги нормалари, шунингдек жорий этилган коррупцияга қарши тамойиллар, чора-тадбирлар ва талаблар тўғрисида хабар бериш ва уларни тушунтиришга сарфлайди:

Ташкилот раҳбарияти томонидан электрон манзил ва бошқа алоқа воситаси орқали Ташкилотда ходимлар томонидан коррупцияга қарши қабул қилинган нормалар ва талабларга риоя қилиниши муҳим эканлигига доир доимий хабарлар юбориш;

Ташкилот ходимларини Ташкилотда коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича ўқитишга доир режага мувофиқ коррупцияга қарши курашиш асослари бўйича мунтазам ва тизимли равишда бир йилда камида бир марта ўқитилиши ҳамда тестдан ўтказилишини таъминлаш;

Янги ходимларни ишга қабул қилаётганда ушбу Сиёсат ва Ташкилотнинг коррупцияга қарши курашишга доир бошқа ички ҳужжатлари билан албатта таништирган ҳолда, улар учун коррупцияга қарши курашиш бўйича мажбурий курсларни ташкил этиш;

Ташкилотдаги коррупция хавф-хатари юқори бўлган лавозимлар учун коррупцияга қарши ўқитишнинг қўшимча дастурлари белгиланади. Ўтказилган ўқув курслари/тренингларга оид маълумотлар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда Ташкилотнинг Кадрлар бўлимида сақланади;

мавзуга доир аудио ва видеороликлар ҳамда Ташкилот ходимлари
ва фуқароларнинг коррупцияга қарши курашиш  ва уларда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги хабардорлигини оширишга қаратилган бошқа ахборот материалларидан фойдаланган ҳолда коррупцияга қарши кампаниялар ташкил қилиш;

мазкур Сиёсат қоидаларини қўллаш ёки коррупцияга қарши чора-тадбирлар
ва тартиб-таомилларни амалга ошириш билан боғлиқ саволлар туғилганда, Коррупцияга қарши ички назорат тузилмаси томонидан Ташкилот ходимларига маслаҳатлар бериш;

тасдиқланган режа асосида Коррупцияга қарши ички назорат тузилмаси томонидан Ташкилотда коррупцияга қарши хулқ-атворни фаол тарзда тарғиб қилиш;

Ташкилот ходимлари меҳнат шартномаларига коррупцияга қарши қоидаларни киритиш. Ташкилот мазкур Сиёсат кучга кирган вақтдан бошлаб Ташкилотнинг янги ходимлари билан тузиладиган, шунингдек шартларни қайта кўриб чиқиш доирасида ходимларнинг амалдаги меҳнат шартномаларига коррупцияга қарши қоидаларни киритади;

Ташкилот контрагентлари, ҳамкорлари, хайрия қилувчилари, ҳомийлари билан тузиладиган шартномаларга коррупцияга қарши шартларни киритиш. Коррупцияга қарши шартлар мазкур Сиёсат кучга кирган вақтдан бошлаб Ташкилотнинг янги контрагентлари, ҳамкорлари, хайрия қилувчилари, ҳомийлари билан тузиладиган шартномаларга киритилади. Коррупцияга қарши шартлар Ташкилотнинг барча шартномаларига киритилади (электрон дўкон, электрон аукцион орқали харид натижалари бўйича ва давлат табиий монополиялари (почта, электр энергияси, газ таъминоти, сув таъминоти, темир йўллари, ҳаво йўллари ва ҳ.к.) билан тузиладиган шартномалар бундан мустасно). Коррупцияга қарши шартлар мазкур Сиёсат қабул қилинишидан олдин тузилган шартномаларга шартларни қайта кўриб чиқиш доирасида ёки ташаббусга кўра киритилади.

6-§ Мониторинг, назорат ва ҳисобдорлик

  1. Коррупцияга қарши курашиш учун масъул Ташкилотда амалга оширилаётган коррупцияга қарши тартиб-таомилларнинг доимий мониторинги, назорати ва уларнинг самарадорлиги, етарлилиги ва мутаносиблигини баҳоланишини амалга оширади. Ўтказилган мониторинг натижаларига кўра Ташкилотда коррупцияга қарши курашиш тизимини шакллантиришга доир тегишли чора-тадбирлар қабул қилинади.
  2. Мониторинг ва назорат Ташкилотда Коррупцияга қарши тартиб-таомилларнинг самарадорлигини мониторинг ва назорат қилиш услубиётига
    ва Ташкилотнинг бошқа ички ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
  3. Коррупцияга қарши курашиш тизими мониторинги қуйидаги асосий йўналишлар бўйича амалга оширилиши лозим:

Ташкилот фаолияти функциялари ва ўзига хос жиҳатлари, унинг ташкилий-функционал тузилмаси ҳамда бошқа ташқи ва ички омилларидаги ўзгаришларнинг Ташкилотнинг коррупцияга қарши курашиш тизими ва уни тўғирлаш зарурати, жумладан унинг Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқлигини таъминлашга  таъсири таҳлили;

Ўзбекистон Республикасининг фаолиятида қўлланиладиган коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилиги ва ҳокимият органлари тавсияларининг мониторинги;

халқаро ва хорижий ташкилотларнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича самарали тизимини яратиш ва қўллаб-қувватлаш масалаларига доир тавсиялари мониторинги;

оммавий ахборот воситаларининг Ташкилот ёки ходимлари коррупциявий ҳаракатларга жалб қилинганлиги тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек Ташкилот контрагентлари ёки ҳамкорлари тўғрисида худди шундай маълумотлар мавжудлиги юзасидан мониторинг;

самарасиз назоратлар ва тартиб-таомилларни аниқлаш учун уларни такомиллаштириш ҳамда коррупцияга қарши тизим ишончлилиги
ва самарадорлигини таъминлаш мақсадида танлов асосида Ташкилотнинг ички жараёнлари ва функцияларини мониторинг қилиш;

Ташкилотнинг коррупцияга қарши дастури ёки йўл харитаси бандлари бажарилишининг тўлиқлиги ва самарадорлигини мониторинг қилиш;

Ташкилот ходимлари томонидан қабул қилинган коррупцияга қарши талаблар ва жорий этилган тартиб-таомилларга риоя қилинишини текшириш;

Ташкилот ходимларининг коррупцияга қарши асосий тамойиллар
ва талаблар тўғрисида хабардорлигини текшириш;

  1. Ташкилотда коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлиги (коррупциявий хавф-хатарлар мавжуд эмаслиги) коррупцияга қарши курашиш тизимини ички аудитини ўтказиш, жумладан Ташкилотда белгиланган талаблар
    ва тартиб-таомилларга риоя этилишини назорат қилиш орқали текширилади.
  2. Коррупцияга қарши курашиш тизимини мониторинг ва назорат қилиш тадбирлари якунлари ва натижалари коррупцияга қарши курашиш тизимининг ҳолати ҳақидаги ҳисоботларида акс эттирилади. Ҳисоботларни шакллантириш ва тақдим этиш тартиби Ташкилотда коррупцияга қарши курашиш тизимининг ҳолати ҳақидаги ҳисоботларини шакллантириш ва тақдим этиш бўйича ички идоравий ҳужжатда мустаҳкамлаб қўйилади.

7-§. Жавобгарлик

  1. Мазкур Сиёсатга мос келиш ва Ташкилотнинг коррупцияга қарши талаблари ва тартиб-таомилларига риоя қилиш ҳар бир ходимнинг ўз лавозим мажбуриятларини бажариш доирасидаги мажбурияти ҳисобланади. Ходимлар мазкур Сиёсат ва Ташкилотнинг бошқа ички ҳужжатларида белгилаб қўйилган коррупцияга қарши курашиш масалаларига оид талаблар ва тартиб-таомилларни бузганлиги учун шахсан жавобгар бўлади.
  2. Коррупцияга нисбатан муросасизлик (тоқатсизлик) тамойилига амал қилган ҳолда Ташкилотнинг барча ходимларига бевосита ёки билвосита, шахсан ёки воситачилар орқали ҳар қандай коррупциявий ҳаракатларда иштирок этиш қатъиян ман этилади, яъни:

ўз мансаб ва хизмат мавқеидан ноқонуний фойдаланиш, шунингдек хизмат мавқеи ва ваколатларини суистеъмол қилиш мақсадида ҳар қандай шахслардан ноқонуний фойда талаб қилиш, сўраб олиш ёки сўраш, олишга розилик бериш ёки олиш, шунингдек ходим томонидан ўз лавозим мавқеидан Ташкилотнинг қонуний манфаатларига зид равишда, жумладан ўзи ва учинчи шахслар учун ноқонуний фойда олиш мақсадида ноқонуний фойдаланиш;

давлатнинг мансабдор шахси ёки бошқа ҳар қандай шахсга унинг ҳаракатларига таъсир ўтказиш (ҳаракатсизлигини таъминлаш) ва/ёки шахс, жумладан Ташкилот манфаатлари йўлида ноқонуний афзалликларни қўлга киритиш мақсадида лавозим мажбуриятларини ноқонуний тарзда бажаришга ундаш, ноқонуний фойда (пора, порахўрлик) ни таклиф қилиш, ваъда бериш, бунга ижозат бериш, тақдим этиш;

расмиятчиликларни соддалаштириш учун тўловлар ундириш, олиш ёки амалга ошириш;

порахўрлик ёки тижорий порага олишда воситачилик қилиш, жумладан пора олувчига ноқонуний фойдани топшириш ёки пора олувчи ёки берувчига улар ўртасида ноқонуний фойдани олиш ва бериш бўйича келишувга эришишда ёрдам бериш;

Ташкилот ходимларининг коррупция белгилари мавжуд бўлган ёки уни содир этиш, жумладан манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари юзага келишига хизмат қилувчи бошқа ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги.

  1. Ходимлар ўз раҳбари ва Ташкилотнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича масъулларига уларни коррупциявий ҳаракатларини содир этишга ундаш мақсадида мурожаат қилган шахслар билан боғлиқ, шунингдек уларга маълум бўлган бошқа ходимлар томонидан содир этилган коррупциявий ҳаракатларга оид барча ҳолатлар тўғрисида хабар бериши лозим.
  2. Коррупцияга нисбатан муросасизлик (тоқатсизлик) тамойилини ҳисобга олган ҳолда Ташкилотда ходимлар томонидан коррупциявий ҳаракатлар содир этилганлигига доир ҳар бир асосли гумон бўйича Ташкилотда хизмат текширувларини ўтказиш бўйича регламент ва бошқа ички ҳужжатларда кўзда тутилган тартибда ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларига мувофиқ хизмат текшируви ўтказилади.
  3. Мазкур Сиёсат, коррупцияга қарши қонунчилик талаблари ва/ёки Ташкилотнинг бошқа ички ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилган коррупцияга қарши талаблар ва тартиб-таомилларни бузган Ташкилот ходимлари лавозими, хизмат муддати ва бошқа омиллардан қатъий назар Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва Ташкилотнинг ички ҳужжатлари доирасида ва уларда кўзда тутилган асослар бўйича жавобгарликка тортилади.
  4. Коррупциявий ҳаракатлар аниқланган тақдирда Коррупцияга қарши курашиш бўйича тузилма уларни юзага келиш сабаблари ва имкониятларини таҳлил қилади ва доимий равишда коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштиради.
  5. Ички текширувлар натижалари доимий равишда раҳбарга, Ташкилот ҳайъати ва Ташкилотнинг тегишли таркибий бўлинмалари раҳбарларига тақдим этилади.
  6. Ташкилот коррупциявий ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва тергов қилиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва бошқа давлат органлари билан ҳамкорлик қилади.

6 боб. Коррупциявий ҳаракатларга доир хабарлар

  1. Ташкилот ходимларининг ҳаракатлари қонунийлиги ёки этикага мослиги юзасидан шубҳа, коррупциявий ҳаракатлар ёки бошқа қоидабузарликлар билан боғлиқ тахминлар ёки содир этилганлигига оид асосли гумонлар юзага келган тақдирда улар ҳақида Ташкилотнинг умумфойдаланувидаги алоқа каналлари орқали очиқ хабар берилиши мумкин.
  2. Ташкилот ўз ваколатлари ва мавжуд имкониятлари доирасида қоидабузарликка оид асосли ахборотни тақдим этган шахсга доир маълумотлар махфийлигини таъминлайди, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида кўзда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.
  3. Ташкилот ўз ходимлари манфаатларини ҳимоя қилади ва бошқа ходимларнинг шубҳали хулқ-атвори ёки мазкур Сиёсатнинг коррупцияга қарши курашиш талаблари бузилган бўлиши мумкинлиги ҳақида виждонан хабар берган ходимларга нисбатан ишдан бўшатиш, лавозимини тушириш, дискриминация, зулм ўтказиш, таъқиб қилиш сингари ўч олиш ҳаракатларига йўл қўйилмаслигини кафолатлайди.
  4. Ташкилотнинг алоқа каналлари орқали келиб тушган барча хабарлар Ташкилот масъул шахслари томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги, Ташкилотдаги коррупциявий ҳаракатлар тўғрисида хабар беришга мўлжалланган алоқа каналлари орқали келиб тушган хабарларни қабул қилиш ва уларни кўриб чиқишга оид ички ҳужжатлар ва Ташкилотнинг бошқа ички ҳужжатларига мувофиқ ўз вақтида ва холисона кўриб чиқилади.
  5. Ташкилот ходимлари томонидан атайлаб ёлғон хабар юбориш мазкур Сиёсат талабларини бузиш ва этикага зид хулқ-атвор намунаси сифатида баҳоланади, бу ҳақида хабар берган шахс эса ўз навбатида Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва Ташкилотнинг ички ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилиши мумкин.

7 боб. Қайта кўриб чиқиш ва ўзгаришлар киритиш тартиби

  1. Мазкур Сиёсат қуйидаги ҳолларда қайта кўриб чиқилиши ва тўғирланиши мумкин:

мавжуд коррупцияга қарши сиёсатлар ва тартиб-таомилларни қайта кўриб чиқиш заруратини юзага келтирувчи Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши кураш соҳасидаги қонунчилиги ўзгарганда;

самарасиз коррупцияга қарши назорат тадбирлари ва тартиб-таомиллари аниқланганда, шунингдек Ташкилот фаолиятида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни такомиллаштириш зарурати юзага келганда;

Ташкилотнинг ташкилий тузилмаси ва/ёки функцияларининг ўзига хос жиҳатлари ўзгарганда ва ҳ.к.

24.09.2024