Инспекциянинг собиқ раҳбари вафот этди

September 18, 2020, 11:42

2001 йил ҳукуматнинг тегишли қарорига асосан ташкил этилган Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекциясининг биринчи раҳбари, фахрий темирйўлчи Баҳодир Ваҳитович Юсупов 2020 йил 17 сентябрь куни 75 ёшида вафот этди.  

Баҳодир Юсупов 1945 йил 22 июнда Тошкент шаҳрида таваллуд топди. Ўрта мактабни битиргач, 1968 йилда Тошкент темир йўл муҳандислари институтида таҳсил олди.

Темир йўл соҳасидаги салкам ярим асрлик меҳнат фаолиятини  Ўрта Осиё темир йўли Тошкент тепловоз таъмирлаш заводининг оддий ишчиси сифатида бошлаб, қобилияти ва меҳнатсеварлиги эвазига хизмат пиллапояларидан поғонама поғона ўсиб борди. 1972-1973 йилларда ҳарбий хизматни ўтаб қайтгач, қатор масъулиятли вазифаларда самарали меҳнат қилди.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон темир йўллари тизимида бошқарув раисининг ўринбосари, сўнг биринчи ўринбосари-бош муҳандиси каби масъулиятли лавозимларда ўзини ташкилотчи ва талабчан раҳбар сифатида намоён этди.

2001 йил темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш соҳасидаги фаолиятни давлат томонидан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш, юк ва йўловчилар хавфсиз ташилиши назорат қилинишини таъминлаш мақсадида ташкил этилган “Ўздавтемирйўлназорат” давлат инспекциясининг (изоҳ: 2019 йилгача инспекция шу ном билан юритилган) илк раҳбари ва мазкур ташкилот ташкил этилишининг ташаббускорларидан бири бўлди. Давлат ташкилотининг замон талаби даражасида фаолият юритиши учун барча чораларни кўриб, самарали ва муваффақиятли бошқарди.  

Фидойи ва жонкуяр раҳбарнинг темир йўл соҳаси ривожи йўлидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. Турли йилларда "Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган транспорт ходими" фахрий унвони, "Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 10 йиллиги" эсдалик нишони ва "Фахрий темирйўлчи" белгиси билан мукофотланди.

Меҳрибон устоз, ташкилотчи раҳбар, камтарин инсон Баҳодир Юсуповнинг ёрқин хотираси унинг фарзандлари, шогирдлари, ҳамкасблари  қалбларида ҳамиша сақланиб қолади. “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси жамоаси марҳумнинг яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.

Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати