Текширишларни ташкил этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги
Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси томонидан темир йўл транспорти соҳасида фаолият юритувчи корхона ва ташкилотларда ўтказиладиган текширувларни ташкил этиш, ўтказиш, расмийлаштириш, ҳисобини юритиш, натижаларини таҳлил ва  мониторинг қилиш тартиби тўғрисида

 УСЛУБИЙ КЎРСАТМАЛАР

1-боб. Умумий қоидалар

 Мазкур Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси томонидан текширувларни ташкил этиш, ўтказиш, расмийлаштириш, ҳисобини юритиш, натижаларини таҳлил ва  мониторинг қилиш тартиби тўғрисидаги услубий кўрсатмалар (кейинги ўринларда Услубий кўрсатмалар деб аталади) Ўзбекистон Республикасининг “Темир йўл транспорти тўғрисида”ги ва “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19  апрелдаги 337-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Tранспорт Вазирлиги ҳузуридаги Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси тўғрисидаги низомга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Темир йўлларда юк ва  йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси ва унинг ҳудудий филиаллари (кейинги ўринларда Инспекция деб аталади) томонидан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда темир йўл транспорти соҳасида фаолият юритувчи бошқа корхона ва ташкилотларда текширувларни амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ тўғри ташкил этиш ва  ўтказиш, натижаларини таҳлил ва  мониторинг қилиш, шунингдек инспекция ваколатига кирадиган масалалар (темир йўлларда ташишлар хавфсизлигини таъминлашга, темир йўл транспортининг ҳаракатдаги таркиби, техник воситаларини сақлаш, хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва улардан фойдаланишга, шу жумладан умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти ташкилотлари ва  корхоналарида қозонхона объектлари ва кўтариш иншоотларидан хавфсиз фойдаланишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари ижроси) юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар ва далолатномаларни тўғри расмийлаштириш ва  тақдим этиш тартибини белгилаш мақсадида ишлаб чиқилган.

  1. Услубий кўрсатмаларда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

аноним мурожаат – жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар ёки юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган ёхуд улар ҳақида ёлғон маълумотлар кўрсатилган мурожаат, шунингдек уни идентификация қилиш имкониятини бермайдиган электрон мурожаат ёхуд имзо билан тасдиқланмаган ёзма мурожаат (Ўзбекистон Республикасининг ““Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонуни, 2017 йил 11 сентябрь, ЎРҚ-445-сон);

ваколатли орган – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил;

назорат қилувчи органлар – давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилишга қонун ҳужжатлари билан ваколат берилган вазирликлар ва идоралар;

текширув – Инспекциянинг фаолиятида темир йўл транспорти соҳаси мавжуд бўлган давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар (кейинги ўринларда темир йўл транспорти корхона ва ташкилотлари деб аталади) томонидан темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини таъминлашга, темир йўл транспортининг ҳаракатланувчи таркиби, техник воситаларини сақлаш, хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва улардан фойдаланишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари ижросини, шунингдек, умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти ташкилотлари ва корхоналарида қозонхона объектлари ва кўтариш иншоотларидан хавфсиз фойдаланишни бир марта назорат қилиши;

умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти – темир йўлнинг поездларни ўтказиш, қабул қилиш ва жўнатиш, юклар, багаж ва юк багажини қабул қилиш ҳамда топшириш ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш, манёвр ишларини амалга ошириш, поездларни тузиш ва тарқатиб юбориш бўйича тегишли операцияларни бажариш учун очиқ бўлган темир йўл бекатлари, разъездлари, қувиб ўтиш пунктлари жойлашган тармоғини,  ишлаб чиқариш ва ижтимоий йўналишдаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотларни ўз таркибига олган, бошқа давлатларнинг темир йўллари ва транспортнинг бошқа турлари билан ўзаро ҳамкорликда ташиш эҳтиёжларини таъминловчи ягона ишлаб чиқариш-технология мажмуи;

давлат органлари - фаолиятида темир йўл транспорти соҳаси мавжуд бўлган давлат бошқаруви органлари ва давлат муассалари;

тадбиркорлик субъектлари – белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахслар;

хўжалик юритувчи субъект - фаолияти темир йўл транспорти соҳаси билан  боғлиқ бўлган тадбиркорлик субъектлари, давлат корхоналари ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда темир йўл транспорти соҳасида фаолият юритувчи бошқа корхона ва  ташкилотлар;

“хавфни таҳлил этиш” тизими – хўжалик юритувчи субъектлар томонидан қонунбузарлик содир этиш хавфи даражасидан келиб чиқиб, текширувни ташаббус қилишни назарда тутувчи тизим;

ягона тизим – ваколатли органга назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектларида текширувларни ўтказиш юзасидан қабул қилинган қарорларнинг асослилигини ўрганиш ва текширувларни ўтказишга ноёб код билан рухсат бериш, назорат қилувчи органлар томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган текширувлар ўтказиш тартибига риоя этилаётганлиги устидан назоратни амалга ошириш, назорат қилувчи органларга эса текширувларни келишиш, ваколатли органни ўтказиладиган текширувлар тўғрисида хабардаор этиш ва ўтказилган текширувлар натижаларини киритиш имконини берувчи текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизими.

  1. Мазкур Услубий кўрсатмалар талаблари қуйидаги текширув турлари учун  татбиқ этилади:

давлат органларида амалга ошириладиган текширувлар;

темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларининг ўз ташаббуси билан  ўтказиладиган текширувлар;

ваколатли орган билан келишилган ҳолда ўтказиладиган текширувлар;

текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлар.

  1. Текширувларни ташкил этиш ва ўтказиш мазкур Услубий кўрсатмаларнинг 1-иловасидаги схемага мувофиқ амалга оширилади.

 2-боб. Текширувларни ташкил этиш тартиби

 1-§. Давлат органларида амалга ошириладиган текширувларни ташкил этиш тартиби

 Фаолияти темир йўл транспорти соҳаси билан боғлиқ бўлган давлат органларида амалга ошириладиган текширувлар Инспекциянинг “хавфни таҳлил этиш” тизими натижалари, шу жумладан жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари ҳақидаги мурожаатлари ҳамда оммавий ахборот воситаларидан ёки бошқа ташқи манбалардан (ижтимоий тармоқлар, веб-сайтлар) олинган маълумотлар асосида ва хавф даражасидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқиладиган ҳамда инспекция бошлиғи томонидан тасдиқланадиган режа-жадвал асосида ташкил этилади.

  1. Текширув ўтказишни бошлаш учун Инспекция бошлиғининг белгиланган тартибда расмийлаштирилган буйруғи асос бўлиб хизмат қилади.
  2. Текширувлар натижасига кўра далолатнома расмийлаштирилади ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатма берилади.

 2-§. Темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларининг ўз ташаббуси билан ўтказиладиган текширувларни ташкил этиш тартиби

 Темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларининг ўз ташаббуси билан  ўтказиладиган текширувлар темир йўл транспорти корхона ва  ташкилотлари томонидан фаолиятини текшириб бериш тўғрисидаги ёзма мурожаати асосида амалга оширилади.

  1. Темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларининг ўз ташаббуси билан  ўтказиладиган текширувларни ваколатли орган билан келишиш талаб этилмайди.
  2. Инспекцияда текширувни ўтказиш бўйича қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч иш куни ичида текширув ўтказиш тўғрисида инспекция буйруғи қабул қилинади.
  3. Темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларининг ўз мурожаатларига асосан уларнинг темир йўл транспорти соҳасидаги инфратузилмаси, ҳаракатдаги таркиблари ҳолати, шунингдек, умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти ташкилотлари ва  корхоналарида қозонхона объектлари ва кўтариш иншоотларидан хавфсиз фойдаланиш ҳолати тўғрисидаги инспекцияда мавжуд бўлган маълумотлар ўрганилади ва  ўрганиш натижалари асосида текширув дастури ишлаб чиқилади ва  текширув ўтказиш тўғрисидаги буйруққа илова қилинади.
  4. Текширувлар натижасига кўра далолатнома расмийлаштирилади ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатма берилади.

 3-§. Ваколатли орган билан келишилган ҳолда ўтказиладиган текширувларни ташкил этиш тартиби

 Инспекция қуйидаги асослар мавжуд бўлганда:

жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари ҳақидаги мурожаатлари асосида;

инспекция томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилган “хавфни таҳлил этиш” натижалари, шу жумладан оммавий ахборот воситаларидан ёки бошқа ташқи манбалардан (ижтимоий тармоқлар, веб-сайтлар) олинган маълумотлар асосида ваколатли органга текширув ўтказишни сўраб мурожаат қилишга ҳақли.

  1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 27 июлдаги
    ПФ-5490-сон Фармони 2-иловасида (бундан буён матнда Хабардор этиш тартибидаги текширувлар рўйхати деб юритилади) назарда тутилган масалалар бўйича мурожаатлари асосида текширувларни ўтказиш ваколатли органни хабардор этиш тартибида амалга оширилади.

Агар жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида бир нечта масала кўрсатилиб, улардан камида биттаси келишиш тартибида текширув ўтказилишини талаб этадиган бўлса, текширувлар ваколатли орган билан келишилган ҳолда ўтказилади.

  1. Инспекция томонидан текширувларни келишиш учун мурожаат қилишдан олдин жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларининг аноним эмаслиги ҳамда текширув ўтказилиши режалаштирилаётган тадбиркорлик субъектининг амалда фаолият кўрсатаётганлиги ўрганиб чиқилиши лозим.
  2. Текширувларни келишиш учун инспекция томонидан ваколатли органга буюртма киритилади. Буюртма инспекциянинг Таҳлил, экспертиза ва назорат бўлими томонидан мазкур Услубий кўрсатмаларнинг 2-иловасига мувофиқ шаклда киритилади ва унда қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

Инспекция номи;

текширув ўтказиладиган тадбиркорлик субъектининг номи (филиали ёки  шохобчаси), солиқ тўловчининг идентификация рақами, манзили;

текширувни ўтказиш учун асос;

талаблари бузилиши мумкин бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат тўғрисида маълумот;

текширув ўтказиш муддати;

текширув предмети;

текшириладиган фаолият даври.

  1. Таҳлил, экспертиза ва назорат бўлими томонидан буюртмага жисмоний ёки юридик шахснинг қонунбузилиш ҳолатлари ҳақидаги мурожаати нусхаси, “хавфни таҳлил этиш” натижалари, ахборот воситаларидан ёки бошқа ташқи манбалар орқали аниқланган қонунбузилиш ҳолати бўйича батафсил маълумот ҳамда текширув дастури илова қилинади.

Текширув дастури мурожаатда кўрсатилган ҳолатлар, “хавфни таҳлил этиш” тизими натижалари ёки ахборот воситалари ва бошқа ташқи манбалар орқали аниқланган қонунбузилишлар доирасида тузилиши ҳамда инспекция раҳбари томонидан тасдиқланиши шарт.

  1. Буюртма ваколатли орган томонидан уч иш кунидан кечиктирмасдан кўриб чиқилади ҳамда текширувни ўтказиш келишилганлиги ёки келишишни рад этилганлиги тўғрисида қарор қабул қилинади.

Темир йўл транспортида фавқулодда вазиятлар юзага келиши, шу жумладан инсон ҳаёти ва соғлигининг хавф остида қолиши, атроф-муҳит зарарланиши, жиддий моддий талофатлар келиб чиқиши ҳамда одамларнинг ҳаёт фаолияти шароити издан чиқишига олиб келиши мумкин бўлган ҳолатлар бўйича текширувларни келишиш тўғрисидаги буюртмалар бир иш куни ичида кўриб чиқилади.

Текширув ўтказиш келишилганлиги ёки рад этилганлиги тўғрисидаги қарор қабул қилингандан бошлаб бир иш кунидан кечикмасдан Инспекцияга қарор тўғрисида билдирилади.

  1. Текширув ўтказиш келишилганлиги тўғрисидаги қарор олинган кундан бошлаб уч иш куни ичида Инспекциянинг текширув ўтказиш тўғрисидаги буйруғи қабул қилинади.

 4-§. Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувларни ташкил этиш тартиби

 Хабардор этиш тартибидаги текширувлар рўйхатида белгиланган қуйидаги текширувлар Инспекция томонидан ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказилади:

юк ва йўловчи ташишни ташкил этувчи хўжаликларда техник воситаларнинг ишчи ҳолатида тутиш, эксплуатация қилиш ва таъминлаш;

идоравий темир йўлларига эга бўлган хўжалик юритувчи субъектларида локомотивлар, вагонлар, алоқа воситалари ва сигнализация, электр таъминотининг ишчи ҳолатида тутилишини таъминлаш.

  1. Хабардор этиш тартибидаги текширувлар Инспекциянинг текширувни ўтказиш тўғрисидаги буйруғи, шунингдек маълумотлар ишончлилигини тасдиқловчи ҳужжатлар, текширув ўтказиш юзасидан Инспекциянинг тасдиқланган режа-жадвали ёки текшириш ўтказиш учун асос бўлувчи бошқа ҳужжатлар Ягона тизимга киритилгандан сўнг амалга оширилади.

Хабардор этиш тартибидаги текширувлар рўйхатида кўрсатилган икки ёки  ундан ортиқ назорат қилувчи орган томонидан ўтказиладиган текширувлар тўғрисида ваколатли органни хабардор қилиш ҳар бир орган томонидан алоҳида амалга оширилади.

  1. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида хабардор этиш тартибидаги ўтказиладиган текширувлар “хавфни таҳлил этиш” тизими асосида ўтказилган таҳлиллар натижасида ишлаб чиқилган режа-жадвалга мувофиқ амалга оширилади.

Инспекциянинг чораклик ишлаб чиқиладиган текширувларни ўтказиш
режа-жадвали Таҳлил, экспертиза ва назорат бўлими томонидан ҳар чорак бошланишидан олдинги ойнинг 25 санасигача ишлаб чиқилади ва инспекция бошлиғига тасдиқлаш учун киритилади.

3-боб. Текширувларни ўтказиш

 Темир йўл транспорти корхона ва ташкилотлари фаолиятини текшириш Инспекциянинг белгиланган тартибда аттестациядан ўтган масъул ходимлари томонидан амалга оширилади.

Темир йўл транспорти корхона ва ташкилотлари фаолиятини текширишга киришишига масъул ходимларда Инспекция буйруғининг кўчирма нусхаси, шунингдек масъул ходимларнинг текширувлар ўтказишга рухсат берилганлиги тўғрисидаги махсус гувоҳномаси ҳамда шахсини тасдиқловчи гувоҳномаси бўлган тақдирда йўл қўйилади.

  1. Инспекция томонидан ўтказиладиган текширувларни бошлаш учун  текширув ўтказиш тўғрисидаги инспекция буйруғи асос бўлиб хизмат қилади.

Буйруқда текширув ўтказиш учун асос бўлган ҳужжат номи, рақами ва  санаси, (ваколатли орган билан келишиш орқали тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган текширишларда Ягона тизимдаги рўйхатга олиш рақами), Инспекциянинг текширувда иштирок этадиган масъул ходимлари таркиби, текшириладиган темир йўл транспорти корхона ва ташкилотлари номи (филиали ёки шохобчаси), солиқ тўловчининг идентификация рақами, манзили, текширув мақсади, муддати ва текшириладиган фаолият даври кўрсатилади ҳамда текширув дастури илова қилинади.

  1. Инспекция бошлиғининг буйруғи билан текширувларни ўтказиш инспекциянинг марказий аппарати ёки ҳудудий филиалларига юкланади.

Инспекциянинг муайян бўлими ёки ҳудудий филиали томонидан ўтказиладиган текширувга унинг бошқа бўлимлари, ҳудудий филиалларининг темир йўл транспорти корхона ва ташкилотлари фаолиятини текшириш ҳуқуқига эга бўлган ходимлари инспекция бошлиғининг буйруғи билан жалб этилиши мумкин.

  1. Инспекция томонидан темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларида ўтказиладиган текширувлар амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган муддатлардан ошмаслиги шарт.
  2. Текширув ўтказиш жараёнида инспекциянинг масъул ходимлари ўз ваколатлари ва текширув дастурида белгиланган масалалар доирасидан четга чиқмаслиги лозим.
  3. Текширув бошланишидан олдин текширувни амалга оширувчи масъул ходим томонидан темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларининг ваколатли вакилига унинг текширувда иштирок этиш учун юридик хизмат вакилларини ва  (ёки) адвокатни жалб этиш ёки  уларнинг иштирокини рад этиш ҳуқуқи ёзма шаклда тушунтирилиб, бу ҳақда мазкур Услубий кўрсатмаларга 3-иловада келтирилган шаклда баённома тузилади. Бунда адвокат хизматларини рад этганлик темир йўл транспорти корхона ва ташкилотлари томонидан адвокатни текширувнинг кейинги босқичларида жалб этиш учун монелик қилмайди.

Тадбиркорлик субъектлари бирлашмаларининг аъзоси бўлган тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишда ушбу тадбиркорлик субъекти сўровига кўра мазкур бирлашмалар вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг аъзоси бўлган тадбиркорлик субъектининг фаолиятини текширишда эса палата вакиллари иштирок этиши мумкин.

Бундан ташқари, текширув бошланишидан олдин Инспекция масъул ходими темир йўл транспорти корхона ва ташкилотлари раҳбарини (раҳбарнинг вазифасини бажарувчи шахсни) текширув мақсади билан таништиради, унга ўз хизмат гувоҳномаси ва текширув ўтказиш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномасини кўрсатади (тадбиркорлик субъектларига Ягона тизимга текширувнинг уникал кодини киритиш орқали текширувга доир маълумотларни олиш ҳуқуқини тушунтиради), шунингдек текширувни ўтказишга асос бўлган ҳужжатлар нусхаларини тилхат олган ҳолда топширади.

Мазкур банднинг биринчи ва иккинчи хатбошиларида назарда тутилган шахсларнинг текширувда иштирок этиш учун етиб келмаслиги текширув ўтказилишига тўсқинлик қилмайди.

  1. Текширув ўтказиш учун асос бўлган ҳужжатлар нусхаси текширилаётган темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларига тилхат олинган ҳолда топширилган кун текширувни ўтказиш бошланган кун ҳисобланади.

Текширилаётган темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларининг мазкур ҳужжатларни олишдан бош тортганлиги текширувни бекор қилиш учун асос бўлмайди.

Текширилаётган темир йўл транспорти корхона ва ташкилотлари юқоридаги ҳужжатларни олишдан бош тортган тақдирда, бу ҳақда инспекциянинг масъул ходими томонидан далолатнома тузилади. Бунда далолатнома расмийлаштирилган кун текширувни ўтказиш бошланган кун ҳисобланади.

  1. Инспекциянинг масъул ходимлари темир йўл транспорти корхона ва  ташкилотлари томонидан тақдим этилган “Текширувларни рўйхатга олиш китоби”ни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўлдириши шарт.

Техник имконият мавжуд бўлганда мажбурий тартибда “Текширувларни рўйхатга олиш китоби”нинг электрон шакли тўлдирилади. Бунда қоғоз шаклини тўлдириш талаб этилмайди.

Текширув натижалари тўғрисидаги далолатномага “Текширувларни рўйхатга олиш китоби”нинг тўлдирилган шакли (қоғоз шакли тўлдирилганда — электрон шакли тўлдирилмаганлиги сабаби) ёки китоб тақдим этилмаганда — унинг тақдим этилмаганлиги тўғрисида текширувчи томонидан тегишли ёзув киритилади.

Инспекциянинг масъул ходимлари “Текширувларни рўйхатга олиш китоби”ни тўлдиришдан бош тортган тақдирда, темир йўл транспорти корхона ва ташкилотлари текширув ўтказилишига йўл қўймасликка ҳақли.

  1. Текширув билан темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларининг бевосита текширув ўтказиш йилидан олдинги уч календарь йилдан кўп бўлмаган фаолияти қамраб олиниши мумкин. Бунда:

текширув ўтказилаётган календарь йилнинг ўтган даври текширилиши мумкин;

текширувни ўтказаётган инспекция томонидан илгари текширилган фаолият даври бўйича қайта текширув ўтказилмайди.

  1. Текширувни белгиланган муддатда ўтказиш имкони бўлмаган ҳолларда, шунингдек текширув бошлангандан кейин темир йўл транспорти корхона ва  ташкилотлари раҳбари (раҳбарнинг вазифасини бажарувчи шахс) текширувда иштирок эта олмаган, талаб этилган ҳужжатлар тақдим этилмаган ёки соҳавий мутахассислар мавжуд бўлмаган тақдирда, текширув инспекция бошлиғининг буйруғи асосида тўхтатилиши мумкин.

Бунда, тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган текширувлар Инспекциянинг асослантирилган мурожаатига кўра ваколатли органнинг рухсати билан, давлат органларида ўтказиладиган текширувлар инспекция бошлиғининг рухсати билан текширув ёки унинг қолган муддати бошқа вақтга кўчирилиши мумкин.

Муддати кўчирилган текширувни текширув тўхтатилган ойдан кейинги ойнинг сўнгги кунидан кечиктирмасдан ўтказиш таъминланиши лозим. Ушбу муддатда ўтказилмаган текширув якунланган ҳисобланади.

Бунда текширув ўтказиш муддатини ҳисоблаш ҳам тўхтатилади.

  1. Давлат органларида амалга ошириладиган текширувлар ҳамда темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларининг ташаббусига кўра амалга ошириладиган текширувларни ўтказиш жараёнида ўрганиш лозим бўлган қўшимча ҳолатлар аниқланган тақдирда, текширув муддати текшириш ўтказиш гуруҳи раҳбарининг асослантирилган мурожаатига кўра Инспекция бошлиғининг буйруғи билан фақат бир марта, бироқ текширув белгиланган муддатдан ошмаган вақтга узайтирилиши мумкин.
  2. Тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган текширувлар жараёнида ўрганиш лозим бўлган қўшимча ҳолатлар аниқланган тақдирда, текширув муддати инспекциянинг асослантирилган мурожаатига кўра ваколатли орган рухсати билан  фақат бир марта, бироқ текширув келишилган муддатдан ошмаган вақтга узайтирилиши мумкин (масалан, олти кунга келишилган текширувни узайтиришда кўпи билан яна олти кун қўшиб берилиши мумкин).
  3. Тадбиркорлик субъектларида текширув муддатини кўчириш ва  узайтириш тадбиркорлик субъектларида текширув ўтказишни келишиш учун  белгиланган тартибда амалга оширилади.
  4. Текширувни темир йўл транспорти корхона ва ташкилотлари рўйхатдан ўтган ёки фаолият юритаётган манзилда ўтказиш имконияти бўлмаган тақдирда, темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларининг розилиги билан текширувни ушбу корхона ёки ташкилот рўйхатдан ўтган ёки  фаолият юритаётган ҳудуддаги инспекция биносида ўтказиш мумкин.
  5. Текширувлар натижалари ушбу Услубий кўрсатмаларнинг 5-бобида белгиланган тартибда далолатнома билан расмийлаштирилади ва рўйхатга олинади. Текширув далолатномаси икки нусхада тузилади.

Бунда, текширув далолатномасининг нусхалари инспекциянинг масъул ходимлари ва темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларининг раҳбари (раҳбар вазифасини бажарувчи шахс) томонидан имзоланади ҳамда бир нусхаси темир йўл транспорти корхона ва ташкилотлари раҳбарига (раҳбар вазифасини бажарувчи шахсга) уни олган санани кўрсатган ҳолда имзо қўйдириб топширилади.

  1. Текширилган темир йўл транспорти корхона ва ташкилотлари ўтказилган текширув натижаси бўйича ўз эътирозларини далолатномада ёзма равишда акс эттириши мумкин.
  2. Текширилган темир йўл транспорти корхона ва ташкилотлар текширув далолатномасини олишдан ва (ёки) уни имзолашдан бош тортганда, инспекциянинг масъул ходими бу ҳақда далолатномага тегишли ёзув киритади ва шу пайтдан эътиборан текширув тугаган ҳисобланади.

Бу ҳолда текширув далолатномасининг бир нусхаси у тузилган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмасдан темир йўл транспорти корхона ва  ташкилотларига почта орқали буюртма хат билан юборилади.

  1. Тадбиркорлик субъектларида ўтказилган текширув натижалари бўйича тузилган далолатномада қайд этилган қонунбузилиш ҳолатлари тўғрисидаги хулосалар текширув якунлангандан сўнг уч иш куни ичида, тадбиркорлик субъектига нисбатан қўлланилган таъсир чоралари тўғрисидаги маълумотлар (ёзма кўрсатма, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома, молиявий ва иқтисодий жарималарни қўллаш тўғрисида қарорлар, суд қарорлари) мазкур чоралар қўлланилгандан сўнг уч иш кунидан кечиктирмасдан Инспекция томонидан Ягона тизимга киритилиши лозим.

Тадбиркорлик субъектларида ўтказилган текширувлар натижалари тўғрисидаги маълумотлар Ягона тизимга Инспекциянинг Таҳлил, экспертиза ва назорат бўлими томонидан киритилади.

  1. Темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларида ўтказилган текширув натижаси бўйича инспекциянинг масъул ходимлари томонидан инспекция ваколатига кирадиган масалалар юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар темир йўл транспорти корхона ва ташкилотлари томонидан далолатномада белгиланган (ўн иш кунидан кўп бўлмаган) муддатларда бартараф этилиши ва бу ҳақда Инспекцияга ёзма маълумот тақдим этилиши шарт.
  2. Темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларининг текширув натижаси бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар юзасидан амалга оширилган ишлар ҳақида Инспекцияга тақдим этган маълумотлари инспекция томонидан ўрганиб чиқилади ва ўрганиш натижалари тўғрисида темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларига жавоб хати тақдим этилади.

 4-боб. Текшириш иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

 Инспекция масъул ходимларининг қонуний талаблари текширилаётган темир йўл транспорти корхона ва ташкилотлари томонидан бажарилиши мажбурийдир.

Инспекция марказий аппарати ва ҳудудий филиалларининг масъул ходимлари темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларида текширишларни белгиланган тартибда ўтказиш жараёнида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

текширилаётган темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларидан текшириш ўтказиш билан бевосита боғлиқ бўлган зарур ҳужжатлар ва бошқа ахборотларни сўраш ва олиш;

текшириш жараёни билан боғлиқ бўлган зарур ҳужжатлардан нусха олиш (темир йўл транспорти корхона ва ташкилотлари таъсис ҳужжатларининг тегишли тарзда тасдиқланган кўчирма нусхалари, темир йўл транспорти корхона ва  ташкилотлари ёки ходимлари томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари бузилганлигини тасдиқловчи, фаолиятни чеклаш, тўхтатиб туриш ва  тақиқлаш учун асос бўладиган далиллар (талаби бузилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки техник жиҳатдан тартибга солишга оид норматив ҳужжат нусхаси, расм, видео тасвир ва бошқалар));

текширилаётган темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;

текширувга мутахассислар ва экспертларни белгиланган тартибда жалб этиш;

аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари бўйича жавобгар шахсдан ёзма ва оғзаки тушунтиришлар олиш;

темир йўл транспорти соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасига оид норматив ҳужжатлар талабларининг бузилиши аниқланганда ўз ваколати доирасида ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш.

Инспекциянинг масъул ходимлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

  1. Инспекциянинг:

раҳбарлари текширув ўтказишга рухсат олиш ёки ваколатли органни текширув ўтказиш тўғрисида хабардор этиш учун тақдим этилган маълумотларнинг ишончлилиги ва тўлиқлиги учун;

масъул ходимлари ўз ваколатлари ва назорат соҳасидан ташқари масалалар бўйича ҳар қандай текширув ўтказилмаслиги учун жавобгардир.

  1. Қуйидагилар Инспекция марказий аппарати ва ҳудудий филиалларининг текширишларни ўтказиш жараёнидаги мажбуриятлари ҳисобланади:

текширилаётган темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларига текшириш ўтказиш ҳуқуқини берувчи зарур ҳужжатларни кўрсатиш;

темир йўл транспорти корхона ва ташкилотлари иш фаолиятига халал бермаслик;

текширишларни қайд этиш дафтарини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўлдириш;

давлат сири, тижорат ёки бошқа сирлар сақланишини таъминлаш;

текшириш тугаган куни текширишлар натижаларини далолатнома билан расмийлаштириб, унинг бир нусхасини текширилаётган темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларида қолдириш.

Инспекция масъул ходимларига қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.

  1. Темир йўл транспорти корхона ва ташкилотлари текшириш жараёнида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўтказиладиган  текшириш тўғрисидаги маълумотларга эга бўлиш;

Инспекциянинг текширишга масъул ходимларидан уларнинг хизмат гувоҳномасини ва текширишни ўтказишга асос бўладиган ҳужжатларни талаб қилиш;

текширишни ўтказишга асос бўладиган ҳужжатларни тақдим қилмаган шахсларни текшириш ўтказишга қўймаслик;

текширишга масъул ходимларнинг ваколатига кирмайдиган масалаларга оид талабларини бажармаслик ва текшириш предметига тааллуқли бўлмаган материалларни тақдим этмаслик;

текшириш тугаган куни текширишга масъул ходимлардан текшириш натижалари тўғрисидаги далолатноманинг нусхасини беришни талаб қилиш;

текширувчиларнинг текширишга асос бўладиган ҳужжатларни тақдим этмаганлиги, текшириш натижалари тўғрисидаги далолатнома мазмунидан норозилиги ва текширувчилар томонидан текширишга алоқадор бўлмаган ҳар қандай қўшимча кўрсатмалар берилганлиги юзасидан юқори турувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ва судга шикоят қилиш.

Темир йўл транспорти корхона ва ташкилотлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

  1. Қуйидагилар темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларининг текширишларни ўтказиш жараёнидаги мажбуриятлари ҳисобланади:

текшириш ўтказиш ҳуқуқини берувчи зарур ҳужжатларни тақдим этган Инспекциянинг масъул ходимларини ўз фаолият ҳудудига киритиш;

Инспекциянинг текширишга масъул ходимларининг қонуний талабига биноан текшириш ўтказиш билан боғлиқ зарур ҳужжатлар ва бошқа ахборотларни ўз вақтида тақдим этиш;

текшириш жараёнига халақит бермаслик, текширишга масъул ходимлар томонидан текширишни самарали ўтказиш учун зарур бўлган шарт-шароитларни яратиш.

Темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларига қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.

 5-боб. Ўтказилган текширишлар натижаси бўйича тақдим этиладиган ҳужжатлар ва уларни расмийлаштириш тартиби

 Инспекция томонидан темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларида ўтказиладиган текширишлар натижаси бўйича аниқланган қонун бузилишлари юзасидан далолатнома (кейинги ўринларда далолатнома деб аталади) ва Инспекция ваколатига кирадиган масалалар юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар (кейинги ўринларда кўрсатмалар деб аталади) расмийлаштирилади.

 1-§. Далолатнома ва уни расмийлаштириш тартиби

 Текширишлар натижасида аниқланган камчиликлар далолатнома

  1. билан расмийлаштирилади. Текшириш далолатномаси икки нусхада тузилади ва  Инспекциянинг масъул ходимилари (текшириш ўтказиш юзасидан тузилган гуруҳ раҳбари ва аъзолари) ҳамда темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларининг раҳбари (раҳбар вазифасини бажарувчи шахс) томонидан имзоланади.
  2. Тарафлар томонидан имзоланган далолатноманинг электрон шакли рўйхатга олиш учун Инспекция марказий аппарати электрон почта манзилига жўнатилади.

Далолатнома инспекция марказий аппаратида (девонхона томонидан) мазкур Услубий қўрсатмаларга 4-иловада келтирилган шаклдаги далолатномаларни қайд қилиш журналида рўйхатга олинади. Мазкур рўйхат рақами далолатномаларга қайд этиш учун текшириш гуруҳи раҳбарига маълум қилинади.

Гуруҳ раҳбари далолатномаларнинг ҳар иккала нусхасига олинган рақамни қайд этади.

  1. Рақамланган ва имзоланган далолатномаларнинг бир нусхаси темир йўл транспорти корхона ва ташкилотлари раҳбарига (раҳбар вазифасини бажарувчи шахсга) далолатноманинг бир нусхасини олганлигини тасдиқловчи ёзув билан уни олган санани кўрсатган ҳолда имзо қўйдириб топширилади.

Иккинчи нусхаси Инспекция марказий аппаратига почта орқали етказилади.

  1. Ўтказиш муддати бир кун бўлган текширишлар бўйича далолатномалар текшириш ўтказилган кун, муддати бир кундан ортиқ бўлган текширишлар бўйича эса текшириш ўтказиш муддатининг охирги кунидан кечиктирмасдан расмийлаштирилиши ва имзоланиши шарт.
  2. Мазкур Услубий кўрсатмаларга 5-иловада келтирилган шаклдаги далолатномада қуйидагилар кўрсатилиши лозим:
  • далолатнома рақами;
  • далолатнома тузилган сана ва жой;
  • Инспекциянинг текширишни ўтказган бўлими ёки ҳудудий филиали номи;
  • Инспекция раҳбарининг текшириш ўтказиш тўғрисидаги буйруқ санаси ва  рақами;
  • текширишни ўтказган Инспекция масъул ходимларининг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими;
  • текшириш ўтказилган темир йўл транспорти корхона ва ташкилоти номи, раҳбари (раҳбар вазифасини бажарувчи шахс), ёки ваколатли вакилининг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими, текшириш давомида иштирок этган тадбиркорлик субъекти ваколатли вакилининг фамилияси, исми, отасининг исми ва  лавозими;
  • текшириш ўтказилган сана, текшириш муддати ва жойи;
  • текшириш натижасида аниқланган камчиликлар, шу жумладан, аниқланган камчиликларнинг техник хусусиятлари ва уларга қўйилган талаблар белгиланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ёки техник жиҳатдан тартибга солишга оид норматив ҳужжатлар номи ва банди, ушбу ҳуқуқбузарликларни содир этган шахслар ҳақидаги маълумотлар (лавозимга тайинлаш тўғрисидаги буйруқ, лавозим йўриқномаси нусхалари);
  • текшириш ўтказилган темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларининг имзолари, шунингдек, имзо билан тасдиқланган ва санаси кўрсатилган, далолатнома билан танишганлиги ва бир нусха олганлиги ёки олишни рад этганлиги ҳақидаги маълумотлар;
  • текширишни ўтказган Инспекция масъул ходимларининг имзолари.

 

2-§. Кўрсатмалар ва уларни расмийлаштириш тартиби

 

  1. Текшириш далолатномаси билан бирга кўрсатма берилган бўлса кўрсатма бланкаси расмийлаштириб топширилади.

Кўрсатмалар, шакли белгиланган тартибда тасдиқланган ва қатъий ҳисобда турадиган бланкаларда расмийлашитирилади.

  1. Ҳар бир кўрсатма ўзининг серия ва рақамига эга бўлади ва тегишлилиги бўйича қуйидаги тартибда рақамланади:

 

-

Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат этиш бўлимига тегишли кўрсатмалар

 

– XB № 0001, 0002, 0003, ...;

-

Тошкент ҳудудий филиалига тегишли кўрсатмалар

 

– ТF № 0001, 0002, 0003, ....;

-

Фарғона ҳудудий филиалига тегишли кўрсатмалар

 

– FF № 0001, 0002, 0003, ...;

-

Бухоро ҳудудий филиалига тегишли кўрсатмалар

 

– BF № 0001, 0002, 0003, ...;

 

-

Оролбўйи ҳудудий филиалига тегишли кўрсатмалар

 

– OF № 0001, 0002, 0003, ...;

-

Қашқадарё ҳудудий филиалига тегишли кўрсатмалар

 

– QF № 0001, 0002, 0003, ...;

-

Кўтарма иншоотлар, буғ қозонлари ва идишлардан хавфсиз фойдаланишни назорат қилиш бўлимига тегишли кўрсатмалар

 

– KB № 0001, 0002, 0003, ....

 

  1. Далолатномада кўрсатилган камчиликлар асосида кўрсатма бланкаси тўлдирилади.
  2. Текширув натижаси бўйича Инспекция масъул ходимлари томонидан расмийлаштириладиган кўрсатма бир хил рақамли икки нусхадаги бланкаларда тўлдирилади, биринчи нусхаси темир йўл транспорти корхона ва ташкилотлари раҳбарига камчиликларни бартараф этиш учун имзо қўйилган ҳолда топширилади. Иккинчи нусхаси далолатномага бириктирилади ва Инспекцияда сақлаш ва Ягона тизимга киритиш учун дастлаб электрон варианти ва кейинчалик асли Инспекциянинг марказий аппаратига махсус почта орқали етказилади.
  3. Кўрсатмаларни расмийлаштиришда бланкалардаги ёзувларни ўчириш, ўчириб ёзиш ва ўзгартириш киритиш қатъиян ман этилади.

 

3-§. Кўрсатма бланкаларини қабул қилиш ва топшириш, ҳисобини юритиш ҳамда сақлаш тартиби

 

  1. Кўрсатма бланклари Инспекция бош бухгалтери томонидан марказий аппарат бўлимлари ва ҳудудий филиал бошлиқларига мазкур Услубий кўрсатмаларга 6-иловада келтирилган шаклдаги кўрсатма бланкаларини топшириш ва қабул қилиш қайдномасига, топширилаётган ва қабул қилиб олинаётган кўрсатма бланкалари сони, тартиби бўйича биринчи ва охирги кўрсатма бланкаларининг рақамларини кўрсатиб, имзо қўйдирган ҳолда топширилади. Кўрсатмаларни ҳисобга олиш қайдномаси икки нусхада тузилади, битта нусхаси бош бухгалтерда, иккинчи нусхаси бланкаларни қабул қилиб олган бўлим ёки филиал бошлиғида сақланади.
  2. Чиқим қилинган кўрсатма бланкалари ҳисоби мазкур Услубий кўрсатмаларга 7-иловада келтирилган шаклдаги кўрсатма бланкаларини ҳисобга олиш махсус журналида (кейинги ўринларда махсус журнал деб аталади) юритилади. Махсус журнал рақамланган, ипга ўтказилган ва бўлим ёки филиал бошлиғи имзоси билан тасдиқланган бўлиши лозим.

Махсус журнал бўлим ва  филиал бошлиқлари томонидан юритилади, ушбу журнални тўғри юритилиши учун тегишли бўлим ва филиал бошлиқлари шахсан жавобгар ҳисобланади.

  1. Текширувга чиқишда олиб кетилаётган ҳар бир кўрсатма бланкалари тўғрисида махсус журналга ёзув киритилади ва кўрсатмаларнинг рақами рўйхатдан ўтказилади. Рўйхатдан ўтказилган кўрсатма бланкаси текширув гуруҳи аъзоларидан бирига, журналга имзо қўйдирган ҳолда топширилади. Махсус журнални юритишда ёзувларни ўчириш ва ўзгартириш киритиш қатъиян ман этилади.
  2. Кўрсатма бланкалари ва махсус журналлар бўлим ва филиал бошлиқларида сақланади ва уларнинг бут ҳолда сақланиши учун бўлим ва филиал бошлиқлари масъулдирлар.

 

5-боб. Текширув натижаларига кўра темир йўл транспорти корхона
ва ташкилотларига нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш

 

  1. Темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларига нисбатан ҳуқуқий таъсир чоралари қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда қўлланилади.

Инспекция томонидан ўтказилган текширувлар натижасига кўра аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи учун ҳақиқий хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолатларда қуйидаги ҳуқуқий таъсир чоралари кўрсатмалар бериш тартибида ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга қўлланилади:

ҳаракатдаги таркиб, темир йўл инфраструктурасидан, умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти корхоналари ва ташкилотлари қозонхона объектлари, босим остида ишловчи сиғимлар, кўтариш иншоотлари ва ўлчаш тизимларидан ҳамда темир йўл транспортининг бошқа техник воситаларидан фойдаланишни тўхтатиш;

темир йўл инфраструктурасида ҳаракатланиш тезлигини чеклаш.

Бундан ташқари, Инспекция маҳаллий ва халқаро йўналишлар бўйича темир йўл транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни ташиш фаолияти билан шуғулланувчи лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартлари бузилиши аниқланганда берилган лицензияларни Транспорт вазирлиги қарори билан ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш ёки уларнинг амал қилишини тугатиш ва лицензияларни бекор қилиш ҳуқуқига эга.

  1. Темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларига нисбатан қуйидаги ҳуқуқий таъсир чоралари фақат суд тартибида қўлланилади:

фаолиятини тугатиш;

атроф табиий муҳитга зарарли таъсир кўрсатаётган объектлар фаолиятини тугатиш ва (ёки) қайта ихтисослаштириш;

фаолиятни чеклаш, тўхтатиб туриш ва тақиқлаш, бундан фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи учун бошқа ҳақиқий хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолда фаолиятни ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга чеклаш, тўхтатиб туриш ҳоллари мустасно;

маҳаллий ва халқаро йўналишлар бўйича темир йўл транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни ташиш фаолияти билан шуғулланиш учун берилган лицензияларнинг амал қилишини ўн иш кунидан кўп бўлган муддатга тўхтатиб туриш ёки уларнинг амал қилишини тугатиш ва лицензияларни бекор қилиш.

  1. Темир йўл транспорти корхона ва ташкилотлари текширув жараёнида аниқланган камчиликлар бартараф этилганлиги тўғрисида Инспекцияга белгиланган муддатда ёзма равишда маълумот тақдим этади. Бунда тақдим этилган маълумотларнинг тўғрилиги, тўлиқлиги ва  ишончлилиги учун темир йўл транспорти корхона ва ташкилотлари мансабдор шахслари жавобгар ҳисобланади.
  2. Темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларидан текширув жараёнида аниқланган камчиликлар бартараф этилганлиги ҳақида олинган маълумотга асосан Инспекциянинг текширувни ўтказган бўлими ёки  ҳудудий филиали томонидан Инспекциянинг ўз ваколати доирасида қўллаган таъсир чораларини бекор қилиш тўғрисида темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларига ёзма равишда хабар қилинади.
  3. Темир йўл транспорти корхона ва ташкилотлари текширув жараёнида аниқланган камчиликларни белгиланган муддатда бартараф этмаган ва (ёки) бартараф этилганлиги ҳақида Инспекцияга ёзма маълумот тақдим этмаган тақдирда, Инспекция томонидан Темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларига нисбатан суд тартибидаги ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилади.
  4. Бунда, жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этиш мақсадида текширувни амалга оширган бўлим ёки ҳудудий филилал томонидан инспекциянинг бош юрисконсульти билан келишилган ҳолда темир йўл транспорти корхона ва ташкилотлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда олдиндан огоҳлантирилади.
  5. Суд тартибидаги ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш учун Инспекциянинг бош бухгалтери ҳамда Таҳлил, экспертиза ва назорат бўлими томонидан даъво аризасига илова қилиш учун қуйидагиларни:

1) белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи ва почта харажатлари тўланганлигини;

2) даъво аризасининг кўчирма нусхаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар жавобгарга ва учинчи шахсларга юборилганлигини;

3) жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этилганлигини, агар бу шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;

4) даъво талабларига асос бўлган ҳолатларни;

5) Инспекциянинг юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни юрисконсультга тақдим қилади.

Шунингдек, текшириш ўтказган масъул ходим томонидан:

1) жавобгар темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларининг таъсис ҳужжатларининг тегишли тарзда тасдиқланган кўчирма нусхалари;

2) темир йўл транспорти корхона ва ташкилотлари ёки уларнинг ходимлари томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари бузилганлигини тасдиқловчи, фаолиятни чеклаш, тўхтатиб туриш ва тақиқлаш учун асос бўладиган далилларни юрисконсультга тақдим қилишлари шарт.

  1. Инспекция бош юрисконсульти томонидан суд тартибидаги ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш юзасидан судга ёзма шаклдаги ариза расмийлаштирилади, унга тақдим этилган тегишли ҳужжатларни илова қилади ва Инспекция бошлиғига имзолаш учун  киритилади.
  2. Инспекция бош юрисконсульти судга даъво тақдим этганда жавобгар темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларига даъво аризасининг ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини юбориши шарт.

Даъво аризасининг ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари жавобгар темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларига ахборот тизими орқали электрон тарзда юборилиши мумкин.

 

7-боб. Текширувлар ҳисоб ва ҳисоботини юритиш, натижаларини
таҳлил ва мониторинг қилиш тартиби

 

  1. Текширувлар ҳисоб ва ҳисоботини юритиш, натижаларини таҳлил ва  мониторинг қилиш Инспекциянинг Таҳлил, экспертиза ва назорат бўлими томонидан амалга оширилади.

Инспекция томонидан темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларида ўтказилган текширишлар бўйича ҳужжатлар йиғма жилдлари текширувни амалга оширган бўлим ёки ҳудудий филиал томонидан Таҳлил, экспертиза ва назорат бўлимига тақдим этилади ва ушбу бўлимда сақланади.

  1. Қуйидагилар Таҳлил, экспертиза ва назорат бўлимининг текширувлар ҳисоб ва ҳисоботини юритиш, натижаларини таҳлил ва  мониторинг қилиш соҳасидаги асосий вазифалари ҳисобланади:

“хавфни таҳлил этиш” тизими орқали Инспекция назорат остида бўлган темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларининг темир йўл транспортига оид фаолиятининг хавфлилик даражасини таҳлил этиш ва баҳолаш;

“хавфни таҳлил этиш” тизими натижаларига кўра темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларида Инспекция томонидан ўтказиладиган текширувларнинг чораклик (ойлик) режа-жадвалларини ишлаб чиқиш ва  тасдиқлаш учун инспекция бошлиғига киритиш;

тасдиқланган режа-жадвалларни тегишли бўлимлар ва ҳудудий филиалларга етказилишини таъминлаш;

темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларида ўтказиладиган текширувлар бўйича дастурлар ишлаб чиқилишини назоратга олиш;

хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлар буйруқларининг лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун киритиш;

келишув тартибида ўтказиладиган текширувларни келишиш учун ваколатли органга буюртмаларни расмийлаштириш ва тақдим этиш;

келишув тартибида ўтказиладиган текширувлар юзасидан ваколатли органнинг текширув ўтказиш келишилганлиги тўғрисидаги қарорини олгандан кейин уч иш кунида текширув ўтказиш бўйича инспекция буйруғи лойиҳасини ишлаб чиқиш ва тасдиқланишини таъминлаш;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларга оид маълумотларни ҳамда текширувлар тугагандан кейин текширув натижалари бўйича тегишли маълумотларни белгиланган тартибда Ягона тизимга киритиш;

текшириш натижалари бўйича далолатнома ва кўрсатмаларни йиғиш, таҳлил этиш ва сақлаш;

Инспекция томонидан ўтказилган текширишлар ҳисобини юритиш, уларнинг натижалари бўйича ҳисоботларни шакллантириш ва раҳбариятга тақдим этиш;

текширилган темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларининг темир йўл транспортига оид фаолиятидаги ҳаракат хавфсизлиги ҳолатини ўтказилган текшириш натижалари таҳлилидан келиб чиққан ҳолда баҳолаш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ҳолатини яхшилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш ва  муҳокама қилиш учун  Инспекция умумий йиғилишлари кун тартибига киритиш;

текширилган темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларининг текшириш натижалари бўйича Инспекция томонидан қўйилган қонуний талаблар бажарилишини ва  текшириш натижасида аниқланган камчиликлар бартараф этилганлиги юзасидан Инспекцияга ёзма маълумотлар тақдим этилишини мониторинг қилиш, уларнинг бажарилиши бўйича маълумотларни умумлаштириш ва  Инспекция бошлиғига (раҳбариятига) киритиш;

Инспекция томонидан суд тартибидаги ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш учун тегишли ҳужжатларни Инспекция бош юрисконсультига топшириш.

  1. Таҳлил, экспертиза ва назорат бўлими текширувлар ҳисоб ва ҳисоботини юритиш, натижаларини таҳлил ва  мониторинг қилиш соҳасидаги асосий вазифаларини бажаришда қуйидаги ҳуқуқ ва ваколатларга эга:

темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларининг темир йўл транспортига оид фаолиятини “хавфни таҳлил этиш” тизими орқали баҳолаш учун  зарур маълумотларни Инспекциянинг тегишли бўлимлари ва ҳудудий филиалларидан сўраш ва олиш;

темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларида Инспекция томонидан ўтказиладган текширувларнинг тўғри ўтказилишини ва текширув натижаларини белгиланган тартибда расмийлаштирилишини мониторинг қилиш;

ўтказилган текширувлар натижалари бўйича ҳужжатларни тегишли бўлимлар ва ҳудудий филиаллардан ўз вақтида тақдим этишларини талаб этиш;

Инспекция томонидан темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларига нисбатан қўлланилган ҳуқуқий таъсир чоралари ва уларнинг бажарилиши юзасидан тегишли маълумотларни Ягона тизимга киритиш учун текширишларни ўтказган бўлим ёки  ҳудудий филиалдан сўраш ва  олиш;

темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларида ўтказиладиган текширувлар бўйича дастурларни ўз вақтида  ишлаб чиқилиши ва тақдим этилишини талаб этиш.

  1. Текширувни ўтказган бўлим ёки ҳудудий филиалнинг текширувлар ҳисоб ва ҳисоботини юритиш, натижаларини таҳлил ва  мониторинг қилиш соҳасидаги мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

“хавфни таҳлил этиш” тизими орқали Инспекция назорат остида бўлган темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларининг темир йўл транспортига оида фаолиятининг хавфлилик даражасини таҳлил этиш ва баҳолаш учун зарур маълумотларни ўз вақтида тақдим этиш;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни келишиш ва Ягона тизимга киритиш учун зарур бўлган маълумотларни ўз вақтида тақдим этиш;

темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларида ўтказиладиган текширувлар бўйича дастурларни ўз вақтида  ишлаб чиқиш ва тақдим этиш;

темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларида ўтказиладиган текширувлар бўйича дастурларнинг тўғрилиги ва тўлиқлигини таъминлаш;

текширув натижалари бўйича расмийлаштирилган ҳужжатларни белгиланган тартибда Таҳлил, экспертиза ва назорат бўлимига ўз вақтида тақдим этилишини таъминлаш;

 

текширув натижалари бўйича Инспекция томонидан темир йўл транспорти корхона ва ташкилотларига нисбатан қўлланилган ҳуқуқий таъсир чораларининг текширилган темир йўл транспорти корхона ва ташкилотлари томонидан бажарилишини мониторинг қилиш, амалга оширилган ишлар бўйича тегишли маълумотларни йиғиш, умумлаштириш ҳамда  Таҳлил, экспертиза ва назорат бўлимига ўз вақтида тақдим этиш;

суд тартибидаги ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш учун зарур бўлган маълумотларни ўз вақтида тақдим этиш, уларнинг тўғрилиги, тўлиқлиги ва  ишончлилигини таъминлаш.

  1. Таҳлил, экспертиза ва назорат бўлими томонидан ўтказилган текширувлар натижасида расмийлаштирилган далолатнома ва кўрсатмаларда Инспекциянинг ўз ваколати доирасида қўйилган талабларининг бажарилиши доимий мониторинг қилинади ва мониторинг натижалари юзасидан Инспекция раҳбариятига таҳлилий ҳисоботлар тақдим этиб борилади. Мазкур ҳисоботлар муҳокамаси Инспекциянинг умумий йиғилишлири кун тартибига киритилади.

 

8-боб. Якуний қоидалар

 

  1. Инспекциянинг текширувларни ўтказиш ҳуқуқига эга масъул ходимлари текширувларни ўтказиш ва натижаларини расмийлаштириш жараёнида текширувларни ўтказишга оид қонун ҳужжатлари ва мазкур Услубий қўрсатмалар талабларига риоя этилишини, текширув муносабати билан ўзига маълум бўлган тижорат сири, хизмат сири ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирлар, шунингдек ошкор этилмаган ахборотлар муҳофаза қилинишини таъминлаши шарт.
  2. Мазкур Услубий кўрсатмалар талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.