Давлат рамзлари
Байроқ
«Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисида»ги қонун 1991 йил 18-ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари ўтказилган VII сессиясида қабул қилинган.
Давлат байроғи ва унинг рамзи бугунги Ўзбекистон сарҳадида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқлигини англатади ҳамда республиканинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштиради.
Байроқдаги мовий ранг тириклик мазмуни акс этган мангу осмон ва обиҳаёт рамзи. Тимсоллар тилида бу - яхшиликни, донишмандликни, ҳалолликни, шон-шуҳрат ва садоқатни билдиради. Бинобарин, Амир Темур давлати байроғининг ранги ҳам мовий рангда эди.
Байроқдаги оқ ранг - муқаддас тинчлик рамзи бўлиб, у кун чароғонлиги ва коинот ёриткичлари билан уйғунлашиб кетади. Оқ ранг – поклик, беғуборлик, софликни, орзу ва ҳаёллар тозалиги, ички гўзалликка интилишнинг тимсоли.
Яшил ранг – табиатнинг янгиланиш рамзи. У кўпгина халқларда навқиронлик, умид ва шодумонлик тимсоли ҳисобланади.
Қизил чизиқлар – вужудимизда жўшиб оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларини англатади.
Навқирон ярим ой тасвири бизнинг тарихий анъаналаримиз билан боғлиқ. Айни пайтда у қўлга киритилган мустақиллигимиз рамзи ҳам.
Юлдузлар барча учун руҳоний, илоҳий тимсол саналган. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғидаги 12 юлдуз тасвири ҳам тарихий анъаналаримиз, қадимги йилномамизга бевосита алоқадор. Бизнинг ўн икки юлдузга бўлган эътиборимиз Ўзбекистон сарҳадидаги қадимги давлатлар илмий тафаккурида нужум илми тараққий этганлиги билан ҳам изоҳланади.
Давлат байроғимиздаги 12 юлдуз тасвирини ўзбек халқи маданиятининг қадимийлиги, унинг комилликка, ўз тупроғида саодатга интилиши рамзи сифатида тушуниш лозим.
Герб
«Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида»ги Қонун 1992-йил 2-июлда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Х-сессиясида қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби гуллаган водий узра чарақлаб турган қуёш тасвиридан ҳамда сўл томонида буғдой бошоқлари, ўнг томонида очилган пахта чаноқлари суврати туширилган чамбардан иборат.
Гербнинг юқори қисмида республика жипслигининг рамзи сифатида саккиз қиррали юлдуз тасвирланган: саккиз қирра ичида жойлашган ярим ой ва юлдуз мусулмонларнинг қутлуғ рамзидир.
Гербнинг марказида ҳиммат, олижаноблик ва фидойилик тимсоли бўлган афсонавий Хумо қуши қанотларини ёзиб турибди. Ушбу рамз ва тимсоллар халқимизнинг тинчлик, яхшилик, бахт-саодат, фаровонлик йўлидаги орзу-умидларини ифодалайди.
Гербнинг пастки қисмида республика Давлат байроғини ифода этувчи чамбар лентасининг бандига "Ўзбекистон” деб ёзиб қўйилган.
Мадҳия
«Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси тўғрисида»ги Қонун 1992 йил 10 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессиясида қабул қилинган.
Мутал Бурҳонов мусиқаси
Абдулла Орипов сўзи
Мадҳия матни
Серқуёш ҳур ўлкам, элга бахт, нажот,
Сен ўзинг дўстларга йўлдош, меҳрибон!
Яшнагай то абад илму фан, ижод,
Шуҳратинг порласин токи бор жаҳон!
Олтин бу водийлар - жон Ўзбекистон,
Аждодлар мардона руҳи сенга ёр!
Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,
Оламни маҳлиё айлаган диёр!
Бағри кенг ўзбекнинг ўчмас иймони,
Эркин, ёш авлодлар сенга зўр қанот!
Истиқлол машъали тинчлик посбони,
Хақсевар, она юрт, мангу бўл обод!
Олтин бу водийлар - жон Ўзбекистон,
Аждодлар мардона руҳи сенга ёр!
Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,
Оламни маҳлиё айлаган диёр!
Пресс-марказ
- Инспекция янгиликлари
- Фотогалерея
- Видео
- Пресс-релизлар
- Кўп бериладиган саволлар
- Эълонлар
- Давлат дастурлари
- Давлат рамзлари
- Баёнот
- Веб сайтда жойлаштириладиган маълумотлар рўйхати
- Эълон қилиниши мумкин бўлмаган ахборотлар
- Ахборотдан фойдаланувчиларнинг очиқ ҳайъат мажлисларида ҳозир бўлиши тартиби тўғрисидаги низом