Текширишлар қайси тартибда амалга оширилади?
Текширишлар қайси тартибда амалга оширилади?
“Ўздавтемирйўлназорат” инспекциясида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг 2018 йил 6 сентябрдаги “Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни келишиш ва ўтказиш тартиби ҳақида”ги вақтинчалик низоми муҳокамаси бўлиб ўтди ва ходимларга батафсил тушунтириш берилди. Тадбирда инспекциянинг марказий аппарати ва барча филиал вакиллари иштирок этишди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5308-сонли қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Текширишларни мувофиқлаштириш Республика кенгаши фаолияти тўхталиб, унинг барча меъёрий ҳужжатлари 2018 йилнинг апрель ойидан бекор қилинди ҳамда барча турдаги текширишлар ва назорат тадбирлари вақтинчалик тўхтатилган эди.
Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 27 июлдаги ПФ-5490-сонли “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқулари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан 2018 йил сентябрь ойидан тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган назорат тартибидаги текширувлар бекор қилинди.
Таъкидланганидек, текширишлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг “Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни келишиш ва ўтказиш тартиби ҳақида”ги вақтинчалик низомга асосан олиб борилади. Мазкур Низом назорат қилувчи органлар ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни келишиш ва ўтказишнинг вақтинчалик тартибини белгилайди.
2018 йил 1 сентябрдан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ташаббуси билан чиқиш тегишли тадбиркорлик субъектлари томонидан қонунбузарлик содир этиш хавфи даражасидан келиб чиқиб, текширувни ташаббус қилишни назарда тутувчи «хавфни таҳлил этиш» тизими натижалари асосида амалга оширилади.
“Ўздавтемирйўлназорат” ДИ инспекторлари Жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчилик талаблари бузилганликлари асослари тўғрисидаги мурожаатлари ёки назорат органлари ташаббусига кўра тадбиркорлик субъектлари фаолиятини “хавфни таҳлил қилиш” натижалари асосида ваколатли орган билан келишилган ҳолда 10 кунга қадар текшириш (назорат тартиби)ни олиб боришлари мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли орган сифатида назорат қилиб боради. Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олиниши шарт. Электрон рўйхатга олинмаган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар ноқонуний ҳисобланади.
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилган текширувларнинг натижалари назорат қилувчи органлар томонидан текширув тамомлангандан кейин уч кун давомида Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимига киритилади.
Фирдавс Хайриддинов
“Ўздавтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати бошлиғи