Инспекцияда ОАВ ходимлари учун пресс-тур ташкил этилди

 

Жамоатчилик ва ОАВ ходимларини “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида ташкил этилган пресс-тур 2020 йил 21 декабрь куни соат 10.00 да инспекция марказий аппаратида бошланди. Унда инспекция фаолияти, функционал вазифалари, ваколатлари тўғрисида ахборот берилди. Маълумки, инспекция фаолияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 337-сон қарорига асосан тартибга солинади.

Пресс-тур давомида ОАВ ходимларига мазкур қарор моҳияти батафсил тушунтирилиб, инспекция фаолияти яқиндан таништириб ўтилди. Инспекциянинг темир йўл транспортида юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлиги таъминланиши юзасидан давлат назорати амалга ошириш соҳасида ваколатли органни хабардор этиш тартибидаги текширувлар ва профилактика чора-тадбирлар, мазкур фаолиятларни амалга ошириш механизмлари тўғрисида тўхталиб ўтилди.

Инспекция марказий аппаратида бошланган пресс-тур “Салар” ва “Яланғоч” темир йўл бекатлари оралиғидаги 3 кмда қўриқланадиган темир йўл кесишмасида давом эттирилди. Унда инспекторлар текширишлар, профилактик тадбирларни қай тартибда амалга оширишларини амалиётда кўрсатиб, тушунтириш беришди. Жумладан, йўл хўжалиги бўйича темир излар бўйлаб дефектоскоп воситасида камчиликлар қандай аниқланиши кўрсатиб берилди.

Шунингдек, журналистларга темир йўл кесишмасида ҳаракатланиш қоидалари, кесишма навбатчисининг вазифалари тушунтириб ўтилди. Сўнгги пайтларда кесишмаларда кузатилаётган поездлар ва автомобилларнинг тўқнашувлари сабаблари таҳлил қилиниб, унда айнан автомобил ҳайдовчиларининг қоидаларга риоя қилмаслиги, шошма-шошарлиги сабаб бўлаётгани ва мазкур ҳолатлар одатда  фожеали якунланаётганлиги таъкилаб ўтилди.

Инсон омили билан яъни ҳайдовчиларнинг эътиборсизлиги ва қоидаларни менсимаслиги ҳолатлари кўпайгани ва буни олдини олишда барча бирдек масъулиятни ҳис қилиши лозимлиги билдирилди.

Пресс-тур давомида ОАВ ходимлари ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларига жавоб олишди.

 “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
 Ахборот хизмати