Ҳаракат хавфсизлиги қоидаларига амал қилинг!
Ҳозирги кунда Республикамизнинг қолган ҳудудлари қатори Қашқадарё вилоятида ҳам поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида шаҳар ва туманларнинг автомобиль транспорти серқатнов жойларидаги темир йўл ва автомобиль йўллари кесишмаларида автоматлаштирилган шлагбаумлар, тақиқловчи ва огоҳлантирувчи белгилар ўрнатилган бўлиб, ушбу кесишма постларида навбатчилар кеча-кундуз сергак хизмат қилишмоқда. Бу эса ҳаракат хавфсизлиги қоидалари бузилиши ҳолатларининг олдини олиш имконини беради. Аҳоли ўртасида мунтазам профилактик тадбирлар ўтказилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври давомида бевосита филиал бошлиғи ва ходимлари томонидан 100 нафардан зиёд фуқаролар иштирокида 43 маротаба профлактик тадбирлар ўтказилди.
Бундан ташқари “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси Қашқадарё филиали инспекторлари Қашқадарё вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида маҳаллаларда ва таълим муассасаларида ҳам тушунтириш ишлари олиб борилди. Бундан кўзланган асосий мақсад темир йўл яқинида истиқомат қиладиган аҳолини ўз хавфсизлиги учун янада эътибори бўлишини таъминлаш, темир йўл муҳофаза ҳудудида чорва молларининг қаровсиз қолдирилиши, вояга етмаган болалар томонидан темир излар устига турли ҳил буюмлар қўйилиши, темир йўлни белгиланмаган жойлардан кесиб ўтиши каби салбий ҳолатларни олдини олишдан иборатдир.
Шуни унутмаслик керакки, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ темир йўлларда фуқароларнинг бепарволик оқибатида содир этган қилмишлари ва темир йўл транспорт тизимининг бенуқсон ҳаракатланишига келтирган зиёнлари учун жарималар белгиланган. Ўзбекистон Республикасининг “Темир йўл транспорти тўғрисида”ги Қонунида эса темир йўл бекатлари, вокзаллар ва темир йўлни ташиш жараёни билан боғлиқ бошқа бўлинмалар ҳудудлари, поездлар ҳаракати амалга ошириладиган темир йўл тармоқлари ўта хавфли зоналар ҳисобланади, деб кўрсатилган.
Мухтасар қилиб айтганда, темир йўлларда поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш барчамизнинг бурчимиздир. Бу борада маҳаллаларда, таълим муассасаларида темир йўлдан ўтиш, поездлар ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан тарғибот ишларини янада кучайтириш талаб этилади.
О.Қурбонназаров
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Қашқадарё филиали бошлиғи